Ўзбекистон делегацияси «Стокгольм+50: бутунжаҳон фаровонлиги учун соғлом сайёра – бу бизнинг масъулиятимиз ва имкониятимиз» халқаро учрашувида иштирок этди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Жорий йил 1-3 июнь кунлари Ўзбекистон делегацияси Швецияда бўлиб ўтган «Стокгольм+50: бутунжаҳон фаровонлиги учун соғлом сайёра – бу бизнинг масъулиятимиз ва имкониятимиз» халқаро учрашувида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савда возирлиги маълумотига кўра, Стокгольмдаги учрашувда 137 мамлакатдан делегациялар, шу жумладан 6 давлат раҳбарлари, 3 ҳукумат раҳбарлари, 128 давлатдан вазирлар ва вазир ўринбосарлари, шунингдек, 30 дан ортиқ халқаро ташкилотлар, БМТ таркибий бўлинмалари ва кўп томонлама экологик конвенциялар раҳбарлари қатнашди.
Ўзбекистон делегацияси вакиллари мамлакатнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, қаттиқ чиқиндиларни бошқариш, экологик мувозанат ва Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш борасидаги асосий ютуқларига эътибор қаратдилар. Хусусан, «Рақамли даврда барқарор ривожланиш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси» мавзусидаги алоҳида сессияда Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Бадриддин Абидов нутқ сўзлаб, Ўзбекистонда бошқа тадбирлар билан бир қаторда, Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст жамғармаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва минтақада экологик инновациялар ва технологиялар зонасини яратиш ҳисобига Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ экологик оқибатларини юмшатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Шунингдек, Стокгольм форуми доирасида Ўзбекистон делегацияси Бирлашган миллатлар ташкилотининг атроф-муҳит бўйича дастури раҳбарияти, Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича Конвенция котибияти (ЁҲКТСК), Табиатни муҳофаза қилиш халқаро Иттифоқи (ТМХИ), ЕОК атроф-муҳит бўйича Бошқармаси, Глобал экология жамғармаси (ГЭЖ), Швеция атроф-муҳит агентлиги, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг атроф-муҳит бўйича дирекцияси (ИҲТТ), Швеция чиқиндиларни бошқариш ассоциацияси, Швеция атроф-муҳит институти, шунингдек, турли мамлакатлар делегацияларининг бир қатор вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди ҳамда Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст жамғармасининг Ўзбекистондаги фаолияти, шу жумладан халқаро ёрдамни жалб этган ҳолда минтақада экологик инновациялар ва технологиялар зонасини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлари юзасидан тақдимотлар ўтказди.
Бир қатор ҳамкорлар 2022 йилда Нукусда бўлиб ўтадиган юқори даражадаги Биринчи Оролбўйи халқаро форумида иштирок этишга, шунингдек, минтақада барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган рақамли трансформация ва инновацион технологияларни жорий қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни кўриб чиқишга тайёр эканликларини билдирдилар.
«Дунё» АА