Ўзбекистон элчиси Австрия Федерал Президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Ўзбекистон Республикасининг янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Абат Файзуллаев чоршанба куни Австрия Республикаси Федерал Президенти Александр Ван дер Белленга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Маросим “Ҳофбург” саройида бўлиб ўтди. Бу ерда фахрий қоровул саф тортди, давлат мадҳиялари ижро этилди.

Тадбирда Австрия Президентининг ташқи сиёсат ва ҳарбий масалалар бўйича маслаҳатчилари, Ташқи ишлар вазирлиги Бош котиби ва бошқа расмий шахслар иштирок этди.

Суҳбат чоғида Президент Александр Ван дер Беллен Австрия томони Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ўзгаришлар ва кенг кўламли ислоҳотлардан яхши хабардорлигини таъкидлади. Сўнгги йилларда Европа ва бутун дунёда Ўзбекистоннинг обрўси ошиб бормоқда.

Президент Австрия-Ўзбекистон муносабатларининг бугунги ижобий динамикасини юқори баҳолар экан, савдо-инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни янада такомиллаштириш зарурлигига алоҳида тўхталди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 19 август куни элчи Абат Файзуллаев Австрия Ташқи ишлар вазирлигига ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширган эди. Дипломатик протоколга кўра, Ўзбекистон элчиси Австрия Федерал Президентига ишонч ёрлиқларининг асл нусхасини тақдим этган пайтдан бошлаб ўз вазифаларини бажаришга тўлиқ киришган ҳисобланади.

/“Дунё” АА/.