Ўзбекистон элчиси Европа парламенти делегацияси раҳбари билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари хусусида фикр алмашди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Кеча Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги миссияси раҳбари, элчи Дилёр Ҳакимов Европа парламентининг Марказий Осиё ва Мўғулистон билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Фульвио Мартушелло билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Фульвио Мартушелло – Италиядан сайланган евродепутат. 2014 йилдан бери Европа парламентида энг йирик фракция - Европа Халқ партиясининг вакили сифатида фаолият юритади. Ф.Мартушелло 2019 йилдан буён Европа парламентининг Марказий Осиё ва Мўғулистон билан алоқалар бўйича делегациясини бошқаради, шу жумладан, Ўзбекистон билан муносабатларга масъуллик қилади. Шунингдек, у парламентнинг турли тузилмалари таркибига кирган.
Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида атрофлича фикр алмашилди.
Ўзбекистоннинг «ГСП+» тизимининг бенефициар мамлакати мақомини олиши, Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни (КШҲБ) ишлаб чиқиш ва республиканинг Жаҳон Савдо Ташкилотига (ЖСТ) қўшилиши бўйича олиб борилаётган музокаралар тўғрисида маълумот тақдим этилди.
Европарламент аъзосига Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурган ташаббуслари, давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти, шунингдек, жорий йил октябрь ойида бўлиб ўтиши кутилаётган Президент сайлови ҳақида сўзлаб берилди.
Европа парламенти аъзоси Европа-Ўзбекистон муносабатларининг жадал ривожланишидан мамнунлигини билдирди. Шу билан бирга, у «ГСП+» ва КШҲБ доирасида томонлар эришган марраларни юқори баҳолади ва ушбу жараёнларнинг яқин келажакда якунланишига ишонч билдирди. Шунингдек, у Европа Иттифоқи республиканинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Брюсселда қатор қўшма тадбирлар, жумладан, истиқболдаги алоқалар режаси бўйича келишиб олди.
/«Дунё» АА/.