Ўзбекистон Европа Иттифоқи “ПБТ+” имтиёзли тизимининг бенефициар мамлакати мақомини олиш учун расмий талабнома юборди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон Европа Иттифоқи «Преференцияларнинг бош тизими» (“ПБТ+”) имтиёзли тизимининг бенефициар мамлакати мақомини олиш учун расмий талабнома юборди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати манбасига асосланиб.
Европа Иттифоқи мамлакатлари билан иккитомонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва маҳаллий маҳсулотларнинг Европа бозорига кириб бориш шароитларини яхшилаш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Европа Иттифоқининг “Преференциялар бош тизими+” (“ПБТ+”) бенефициар мамлакат мақомини олиш учун тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, республикамизнинг “ПБТ+” бенефициар мамлакатлар рўйхатига киритилиши ЕИга экспорт ҳажмини сезиларли даражада кенгайтириш ва Европа бозорида маҳаллий маҳсулотларимизнинг рақобатбардошлигини ошириш имконини беради.
Маълумот учун: ҳозирги вақтда Ўзбекистон Преференцияларнинг бош тизимидан (ПБТ) фойдаланади, унга кўра, республикамиз божхона тўловларисиз ЕИга 3000 га яқин товар позицияларини ва камайтирилган ставкалар бўйича 3200 та позицияларни экспорт қилиши мумкин.
Агар Ўзбекистон “ПБТ+” бўйича бир томонлама тариф имтиёзларига эга бўлса, ўзбек ишлаб чиқарувчилари ЕИга божхона тўловларисиз экспорт қилиши мумкин бўлган товар позицияларининг сони 6200 гача ошади.
Европа томони талабларига кўра, “ПБТ+” имтиёзларини олиш учун, манфаатдор мамлакат муайян шартларнинг бажарилишини таъминлаши керак. Жумладан, инсон ҳуқуқлари ва асосий меҳнат стандартлари соҳасида 16 та, атроф - муҳитни муҳофаза қилиш ва самарали бошқарув соҳасида 11 та, жами 27 халқаро конвенцияларни ратификация қилиш ҳамда самарали амалга ошириши лозим.
Ҳозирги кунда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда юқоридаги шартларни бажариш бўйича ишларни амалга ошириш якунланди.
Хусусан:
—Ўзбекистон Республикаси барча 27 та халқаро конвенцияларга қўшилди;
—ратификация қилинган конвенциялар доирасидаги мажбуриятларнинг Республика томонидан бажарилишини баҳолаш бўйича Европа Иттифоқи органлари томонидан тақдим этилган сўровномага батафсил жавоблар тайёрланди ва юборилди;
— жорий йилнинг апрель-май ойлари мобайнида юқорида қайд этилган конвенциялар бўйича қабул қилинган мажбуриятлар бажарилишини баҳолашни муҳокама қилиш учун Европа Иттифоқи расмийлари ва экспертлари билан видеоконференция шаклида бир қатор учрашувлар ташкил этилди.
Тадбирлар натижаларига кўра, Европа томони Ўзбекистоннинг “ПБТ+” бенефициар мамлакати мақомини олиш учун белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан дастлабки ижобий хулоса қабул қилингани ва Ўзбекистон томонидан расмий талабнома юборилиши мумкинлиги ҳақида маълумот берди.
Мамлакатимиз учун “ПБТ+” бенефициар мақомини олиш барқарор ўсиш ва экспорт диверсификацияси учун мустаҳкам асос яратади. Бу ўз навбатида Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ташқи иқтисодий алоқаларнинг жадал ривожланишига хизмат қилади.
dunyo.info