Ўзбекистон ИҲТ Доимий вакилларининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди
Ўзбекистоннинг Эрондаги элчиси Фариддин Насриев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Доимий вакилларининг 287-йиғилишида иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Унда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) асосий ҳужжати бўлган "Истиқболлар – 2025" ижросини сарҳисоб қилиш, 2024 йил 31 май-2 июнь кунлари Хива шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган ИҲТга аъзо давлатлар туризм вазирларининг 12-йиғилишида ташкилот делегациясининг иштироки масалалари муҳокама қилинди.
ИҲТ бош котиби Хусрав Нозирий Хивада ўтказилиши режалаштирилган Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирларининг 12-йиғилишида иштирок этиш учун йўлланган таклифнома учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдириб, ушбу тадбирда шахсан қатнашишини маълум қилди.
Элчи Фариддин Насриев ўз навбатида, иштирокчиларни Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан таништирди. Дипломат мамлакатимиз раҳбари томонидан Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида илгари сурилган ташаббусларни ҳаётга татбиқ этилишининг нечоғли долзарблигини қайд этди.
Йиғилиш давомида, шунингдек, ИҲТ доирасида минтақалараро ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда бу борада қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.
ТЕҲРОН, 7 май. /"Дунё" АА/.