Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Франция ташқи савдо ва иқтисодий жозибадорлик масалалари бўйича вазир-делегати билан учрашди
Кеча Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Франциянинг ташқи савдо ва иқтисодий жозибадорлик бўйича вазир-делегати Франк Риестер билан учрашди, деб хабар бермоқда « Дунё » АА мухбири.
Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, учрашув давомида Ўзбекистон - Франция ҳамкорлиги, шу жумладан, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Булар Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш ва чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, транспорт, сайёҳлик, саноат, маданий-маърифий соҳалардаги икки томонлама муносабатлар юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ўзаро алоқалар сезиларли даражада мустаҳкамланиб бораётгани, икки томонлама муносабатлар, энг аввало, савдо-иқтисодий ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик катта салоҳиятга эга эканлиги таъкидланди.
Вазир мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди.
Маълумки, Олий Мажлис Сенатининг янги таркибида Франция Сенати билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича гуруҳ, Франция Сенатида эса « Франция - Марказий Осиё » парламентлараро гуруҳи иш олиб бормоқда.
/« Дунё » АА/.