Ўзбекистон-Озарбайжон: Азалий дўстлик ва ҳамкорлик ришталарининг мустаҳкам пойдеворига асосланган фаол мулоқот
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 22-23 август кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади.
Озарбайжон – мамлакатимизнинг Жанубий Кавказдаги стратегик ҳамкори ва қардош давлат ҳисобланади. Ўзбекистон ва Озарбайжон қадимий ва янги тарихда ҳамиша яқин ҳамкорлик олиб борган бўлиб, дўстона муносабатларни сақлаб келмоқда.
Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари орасида Озарбайжоннинг алоҳида ўрни борлиги мамлакатларимиз ўртасидаги олий ва бошқа даражадаги фаол мулоқотдан далолат беради.
2022 йилда Озарбайжон Президенти Ўзбекистонга уч марта – июнь ойида давлат ташрифи билан, сентябрь ойида ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари саммитида иштирок этиш учун ва ноябрь ойида эса Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари саммитида иштирок этиш учун келди.
Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари 2023 йилда Озарбайжонга уч марта, жумладан, март ойида Қўшилмаслик ҳаракатининг Боку шаҳрида бўлиб ўтган мулоқот гуруҳи саммитида иштирок этиш, август ойида давлат ташрифи билан ва ноябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё иқтисодиёти учун махсус дастури (СПЕКА)нинг Боку шаҳридаги биринчи саммитда иштирок этиш учун ташриф буюрди. Ўзбекистон Президенти 2024 йил 5-6 июль кунлари Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида ҳам иштирок этди.
Ўзаро ташрифлар алмашинуви икки томонлама муносабатларни янги сифат босқичига олиб чиқишда муҳим омил бўлаётир. Натижада ўнлаб ҳужжатлар, жумладан, Стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги декларация ва Олий давлатлараро кенгашни ташкил этиш тўғрисида битим имзоланди.
Ушбу ҳужжатларнинг имзоланиши расмий Тошкент ва расмий Боку манфаатлари ҳамда мақсадларига мос келишини, тенг ҳуқуқли ва кўп қиррали шерикликни фаоллаштириш учун қулай шарт-шароит яратишдан манфаатдорлигини намоён этди.
Олий даражадаги мулоқотнинг жадаллашгани юқори даражадаги ташрифлар алмашинувини фаоллаштириш, парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро ташкилотлар ва кўп томонлама форматлар доирасидаги ўзаро алоқаларнинг кенгайтиришга хизмат қилди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон БМТ, Қўшилмаслик ҳаракати, Туркий давлатлар ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти каби нуфузли платформаларда бир-бирини фаол қўллаб-қувватламоқда. Сўнгги йилларда Озарбайжон Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси доирасида қабул қилинган тўртта резолюция ҳаммуаллифларидан бирига айланганини мамлакатимиз юксак қадрлайди.
Ҳар икки давлат қонун чиқарувчи органларида ташкил этилган парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолияти қонун чиқарувчилар ўртасидаги амалий ва самарали алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак.
Идоралараро даражада ҳамкорлик ҳам фаол ривожланмоқда. Икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида мунтазам равишда сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда, транспорт маъмуриятлари ўртасида яқин мулоқот йўлга қўйилган, савдо-иқтисодий алоқалар, саноат кооперацияси мустаҳкамланмоқда.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўз минтақаларида улкан салоҳиятга ва асосий геостратегик жойлашувга эга бўлиб, бугунги кунда бир-бирлари учун иқтисодий жиҳатдан истиқболли шерикларга айланди, бу эса муносабатларни кенгайтиришга бўлган ўзаро қизиқишнинг ортиб бораётганини тасдиқлайди. Ривожланиш кўламини тушуниш учун икки томонлама товар айирбошлаш суръатига қараш кифоя. Шундай қилиб, 2017 йилдан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 5,5 баробардан зиёдга ошди. Жорий йилнинг январь-июнь ҳолатида эса икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ўсишга эришди. Албатта, бу кўрсаткичлар мавжуд имкониятларга тўлиқ мос келмайди, бироқ уларнинг ўсиш динамикаси расмий Тошкент ва расмий Боку яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича ўз олдига қўйган мақсадларга эришишини тасдиқлайди.
Иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида 2020 йилда Ўзбекистон-Озарбайжон Ишбилармонлар кенгаши тузилди. Ҳозирги кунга қадар унинг тўртта йиғилиши ўтказилди. Мазкур платформа ўзаро манфаатлар кесишган янги нуқталарни аниқлаш ва инвестициявий, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган истиқболдаги биргаликдаги ҳаракатларни аниқлаб олиш имконини беради.
2023 йилда икки давлатдаги энг истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон-Озарбайжон қўшма инвестиция компанияси ташкил этилди.
Озарбайжон капитали иштирокида савдо, машинасозлик ва металлга ишлов бериш, молия ва суғурта, кўчмас мулк билан боғлиқ операциялар, энергетика, хизмат кўрсатиш, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати, енгил саноат ва бошқа йўналишларда фаолият юритаётган 240 та корхона Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ҳар икки давлат транспорт соҳасида ҳам ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунга тарихий халқаро савдо йўллари чорраҳасида жойлашган мамлакатларимизнинг ўз стратегик ўринларини узоқ муддатли иқтисодий манфаатларга айлантириш истаги сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, ишончли логистика инфратузилмасини яратиш ва транзит йўлакларини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ўзаро алоқаларнинг стратегик таркибий қисмлари ҳисобланади. Мамлакатларимиз бу вазифага ўз иқтисодиёти юксалишининг муҳим омили сифатида қарайди.
Ўзбекистон бугун миллий товарларнинг жаҳон бозорига чиқишини таъминловчи “Боку-Тбилиси-Карс” темир йўли имкониятларидан фаол фойдаланмоқда. Озарбайжон томони “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темир йўли қурилишини қўллаб-қувватлайди, унинг амалга оширилиши алоқаларни сезиларли даражада кенгайтириш учун янги истиқболларни очади.
Икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда Бокудан Тошкент, Самарқанд, Урганч ва Фарғонага йўлга қўйилган тўғридан-тўғри ҳаво қатновлари ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик фаоллашди. Икки мамлакат ҳудудларидан делегацияларнинг ўзаро ташрифлари мунтазамлик касб этаётир.
Масалан, Ўзбекистон – Озарбайжон минтақаларининг биринчи форуми 2023 йил февраль ойида Тошкентда, иккинчиси жорий йилнинг май ойида Губа шаҳрида бўлиб ўтди. Мазкур форумлар якунларига кўра, Самарқанд ва Ганжа, Хива ва Шуша, Бухоро ва Ланкорань, Қўқон ва Шеки, Наманган ва Мингечевир, Гулистон ва Фузулий, Термиз ва Билясувар шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик битимлари имзоланди. Ҳудудлараро алоқаларни янада ривожлантириш ва шаҳарлар ўртасидаги алоқалар географиясини кенгайтиришдан томонлар манфаатдор эканликларини билдирадилар.
Ҳозирги замонавий босқичда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги маданий-гуманитар алмашинувларни ривожлантиришда дин, тил, маданият ва анъаналарнинг тарихий муштараклиги муҳим ўрин тутади.
Маълумки, атоқли ўзбек ва озар мумтоз адабиётининг етук намоёндалари – Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Низомий Ганжавий, Носириддин Тусий, Муҳаммад Фузулий ва бошқа бир қатор алломаларнинг ижоди нафақат туркий тилли халқлар, балки бутун инсоният мулки ҳисобланади. Улар қолдирган буюк меросни халқларимиз юксак қадрлайди.
Боку шаҳрида Алишер Навоий, Тошкент шаҳрида эса Низомий Ганжавий ва Ҳайдар Алиев ҳайкаллари ўрнатилган. Ўзбекистон давлат педагогика университети Низомий Ганжавий номи билан аталади, Озарбайжонда эса Алишер Навоий номидаги қишлоқ бор.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2023 йилда Фузулий шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги 960 ўринга мўлжалланган замонавий мактаб барпо этилгани мустаҳкам дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг яна бир белгиси бўлди.
Икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг таълим соҳасидаги ташаббуслари туфайли илмий ҳамкорлик имкониятлари чуқурлашиб, икки давлат ўртасида тобора кўпроқ қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда ва делегациялар мунтазам равишда алмашиляпти.
Жумладан, Озарбайжон маданият вазири бошчилигидаги делегация 2024 йилда Зомин шаҳрида ўтказилган Халқаро мақом санъати форумида, Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков эса VI Боку Бутунжаҳон маданиятлараро мулоқот форуми ва “Шуша – Ислом дунёсининг маданий пойтахти – 2024” йилининг очилиш маросимида иштирок этди.
Икки давлат ҳудудларида маданият ва адабиёт кунлари, кино ва ижодий ҳафталиклар, гастрол сафарлари, бадиий кўргазмалар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, 2023 йил апрель – май ойларида мамлакатимизда ўзбек-озар муносабатлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиевнинг 100 йиллигига бағишланган қатор маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг март ойида Боку шаҳридаги Ҳайдар Алиев номидаги марказда “Чоклардаги мерос: Ўзбекистон каштачилик ва тикувчилик анъаналари бўйлаб саёҳат” кўргазмаси очилди. Озарбайжон давлат академик мусиқали театрида “Лазги – муҳаббат ва қалб рақси” балетининг премьераси катта муваффақият билан ўтказилди.
Шу ўринда қайд этиш керакки, Ўзбекистонда ҳам, Озарбайжонда ҳам ҳар икки халқнинг етакчи санъат вакилларининг ижоди жуда машҳур ва улар эъзозланади. Озарбайжон ижодкорларининг маданиятлараро алоқаларни мустаҳкамлашдаги хизматлари эътироф этилиб, Ўзбекистоннинг юксак давлат мукофотларига сазовор бўлмоқда. Масалан, Ўзбекистон Президентининг Фармони билан Рашид Бейбутов номидаги Озарбайжон давлат академик мусиқали театри вокалисти Гуляноқ Мамедова 2022 йилда Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, 2024 йилда эса атоқли Озарбайжон маданият арбоби Пўлад Булбул ўғли Ўзбекистон Республикаси халқ артисти унвони билан тақдирланди. Шунингдек, Озарбайжоннинг бир қатор ижтимоий-сиёсий арбобларига “Дўстлик” ордени топширилган.
Ўз навбатида, таниқли ўзбек эстрада хонандалари Насиба Абдуллаева ва Фаррух Зокиров Озарбайжон халқ артистлари, Ўзбек миллий мақом санъати маркази Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамбли бадиий раҳбари Абдуҳошим Исмоилов, Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори Камолиддин Ўринбоев ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Али Насирли “Достлук” ордени билан тақдирланган.
Дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга бугун Ўзбекистонда истиқомат қилаётган озар миллати вакиллари ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Уларнинг маданияти ва анъаналарини асраб-авайлаш мақсадида мамлакатимизда Озарбайжон маданият марказлари уюшмаси ташкил этилган.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги серқирра ва самарали алоқалар бугунги кунда ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш йўлини ишонч билан давом эттириш имконини берувчи мустаҳкам пойдеворга эга. Озарбайжон етакчисининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи ва олий даражадаги музокаралар ушбу жараёнга қўшимча суръат бағишлаши баробарида, икки томонлама муносабатларни янги ва юқори иттифоқчилик даражасига кўтаришга хизмат қилади.
“Дунё” АА