Ўзбекистон Президенти Ҳиндистон парламентининг қуйи палатаси спикерини қабул қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси доирасида Ҳиндистон парламентининг қуйи палатаси – Лок Сабҳа спикери Ом Бирла бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув аввалида спикер Ўзбекистон етакчисига Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Кейинги йилларда товар айирбошлашда барқарор ўсиш кузатилмоқда, муваффақиятли кооперация лойиҳалари кўпаймоқда, авиақатновлар кенгаймоқда.

Энергетика, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, IT, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг 4 та университети филиаллари фаолият юритмоқда.

Суҳбатда яқин парламентлараро алмашинувларни, соҳавий қўмиталар даражасида фаол алоқаларни йўлга қўйиш, дўстлик гуруҳлари ва ёшлар платформаларини ташкил этиш, шунингдек, икки мамлакат ҳудудларининг салоҳиятини самарали ишга солиш муҳимлиги таъкидланди.