Ўзбекистон Президенти сайлови жараёнини кенг ёритиш учун «The Korea Post» ўз мухбирини Тошкентга юборади
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Жорий йил 24 октябрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти сайлови жараёнини хорижда кенг ёритиш ишлари доирасида мамлакатимизнинг Сеулдаги элчихонасида Жанубий Кореянинг нуфузли нашрлардан бири - «The Korea Post» журнали вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда журнал президенти ва асосчиси Ли Кёнг Шик, вице-президенти Сунг Чун Вук, бош муҳаррири Чо Кёнг Ҳи, бош муҳаррир ўринбосари Ли Кап Су, бош менежери Ким Мнг Кун иштирок этди.
Тадбирда «The Korea Post» журнали билан элчихона ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилар экан, нашриёт вакилларига Ўзбекистоннинг ички ҳамда ташқи сиёсати мазмун-моҳиятини ўзида акс эттирувчи туркум мақолаларни халқаро жамоатчиликка етказишда кўрсатаётган амалий ёрдами учун миннатдорлик билдирилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда очиқ, адолатли ва ошкора сайловларни ўтказиш мақсадига қаратилган сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, хусусан, жамият ҳаётида демократия тамойилларини мустаҳкамлашда, сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари ниҳоятда муҳим ўрин тутаётгани тўғрисида атрофлича маълумотлар давра суҳбати иштирокчиларининг эътиборига ҳавола этилди. Шу ўринда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш алоҳида кўрсатиб ўтилгани, ўтган давр мобайнида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда очиқлик ва ошкоралик, сўз ва матбуот, фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айлангани алоҳида таъкидланди.
«The Korea Post» президенти Ли Кёнг Шикнинг билдиришича, Жанубий Кореяда ҳам сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Фуқаролар барча турдаги сайлов кампаниясидаги муҳим воқеа ва янгиликлардан матбуот орқали хабардор бўлади. Бу жараёнларда у раҳбарлик қилаётган нашриёт жамоаси ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.
Мулоқот чоғида «The Korea Post» раҳбари юртимизда бўлажак Президентлик сайловини ўз саҳифаларида кенг ёритиш мақсадида ўз вакилини Тошкентга юборишини маълум қилди. Журнал мухбири томонидан тақдим этиладиган хабар ва мақолалар мунтазам равишда нашриёт расмий веб-саҳифасига қўйилиб борилиши, бундан ташқари, сайлов якунлари бўйича мақолалар тайёрланиб, журналнинг босма нашрида чоп этилишини маълум қилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати, қолаверса икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни ўзида акс эттирувчи туркум мақолаларни «The Korea Post»да чоп этишда кўрсатган фаоллиги учун Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси журналнинг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
/"Дунё" АА/.