Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O'zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovlari O’zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovlari Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

Қадрли ёшлар, азиз фарзандларим!

Аввало, барча Янги Ўзбекистон ёшларини бугунги қутлуғ байрам – Ёшлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Албатта, сизлар билан учрашиш, кўнглингиздаги эзгу орзу ва режаларингиз билан ўртоқлашиш, таклиф ва ташаббусларингиз ҳақида эшитиш менга доимо қувонч ва ғурур бағишлайди.
Сизларнинг шижоат ва интилишингизни кўриб, ёниб турган кўзларингизга боқиб, ўзимга битмас-туганмас куч оламан.
Ҳозиргина Президент ва ижод мактаблари ўқувчилари, Янги Ўзбекистон университети талабалари, ёш олим ва ижодкорлар, IT дастурчилар, спортчи ва тадбиркорлар билан мулоқот қилдим. Бугунги ёшларимизнинг салоҳияти, дунёқараши, билдирган таклиф ва ташаббуслари, мустақил фикрлаши, келажак ва Ватан ҳақида, ўзининг жамиятдаги ўрни ва масъулияти ҳақидаги қарашлари барча ота-оналар, устоз-мураббийлар қаторида мени ҳам чексиз қувонтиради.
Азиз фарзандларим!
Дунёдаги мураккаб вазиятни ўзингиз кўриб турибсиз. Ҳар куни янги хавф-хатарлар ва ташвишларга дуч келяпмиз. Бундай вазиятларда халқимизнинг иродаси ва матонатига таяниб, Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган ягона тўғри йўлни топиш учун биргаликда интилмоқдамиз.
Меҳнаткаш ва бағрикенг, олижаноб халқимиз, сиздек билимли, фаол ва шижоатли ўғил-қизларим бор экан, биз ҳар қандай қийинчиликларни албатта енгиб ўтамиз.
Ҳурматли ёшлар!
Хабарингиз бор, биз мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратдик. Маҳаллаларда 9,5 минг ёшлар етакчилари ўз фаолиятини бошлади.
Ҳозирга қадар “Ёшлар дафтари”га киритилган 700 мингдан ортиқ йигит-қизларнинг муаммоларини ҳал этишга 650 миллиард сўм йўналтирилди.
Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш устувор йўналишга айланди. Сўнгги икки йилда 174 минг нафар ёшнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 4 триллион 400 миллиард сўм имтиёзли кредитлар йўналтирилди.
Деҳқончилик билан шуғулланиш истагида бўлган 560 минг тенгдошингизга жорий йилда 155 минг гектар ер майдони ажратилиб, 800 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Шунингдек, ёшларни ишга олган тадбиркорларга ижтимоий солиқ суммасини қайтариш тартиби жорий этилди ва бу имкониятдан 715 минг нафар ёшлар ишлаётган 7,5 минг корхона фойдаланди.
Албатта, таълим сифатини ошириш бўйича ҳам катта-катта қадамлар қўйилмоқда. Бу борада Янги Ўзбекистоннинг янги мактаблари – Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар кўлами кенгайиб, уларда таҳсил олаётган ўқувчилар юқори натижаларга эришмоқда.
Ўтган ўқув йилида биргина Президент мактабларини битирган 424 нафар ўғил-қизларнинг барчаси олий таълим муассасаларига қабул қилинди. Уларнинг 102 нафари ёки 24 фоизи хориждаги етакчи олий таълим муассасаларида ўқиётгани таҳсинга сазовордир.
Сўнгги икки йилда 400 нафар ёшларимиз “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали чет эллардаги энг нуфузли олийгоҳларда ўқишга юборилди. Мисол учун, тошкентлик Ламия Худоёрова – Оксфорд университетига, бухоролик Расулбек Баҳодиров – Лондон университетига, самарқандлик Нилуфархон Рўзиева – Чикаго университетига ўқишга қабул қилинди. Бундай йигит-қизлар ҳар бир вилоятда кўплаб топилади.
Иқтидорли ёшларимиз кейинги бир йил ичида халқаро фан олимпиадаларида 255 та медални қўлга киритди.
Шу билан бирга, жорий йилда 382 нафар спортчи ёшларимиз нуфузли халқаро мусобақаларда 419 та совринли ўринларни эгаллади. Жумладан, Нодирбек Абдусатторов ва Умида Омонова – тезкор шахмат бўйича; Зуҳриддин Қодиров – қиличбозлик бўйича жаҳон чемпиони бўлгани; 23 ёшгача футболчиларимиз Осиё чемпионатининг кумуш медалини қўлга киритгани, шубҳасиз, бутун халқимизга ғурур бағишлади.
Мен ана шундай илмли, иродали ва қобилиятли фарзандларимиз борлигидан фахрланаман. Уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийларига алоҳида раҳматлар айтаман.
Бу ўғил-қизларимиз халқимизнинг олтин фонди, Учинчи Ренессанс бунёдкорлари, десам, ҳеч муболаға бўлмайди. Янги Ўзбекистоннинг келажаги ҳисобланган бундай фидойи, билимли, зукко ва ватанпарвар ўғил-қизларимиз барчага намуна бўлиши керак.
Азиз фарзандларим!
Ҳар сафар сизлар билан учрашувга тайёргарлик кўраётганимда мени бир савол чуқур ўйлантиради. Эртанги кунимиз эгалари бўлган ёшларимизнинг янада баркамол бўлишлари учун яна қандай шарт-шароит ва имкониятларни яратиб беришимиз лозим?
Бугунги форумга ҳам Ўзбекистон ёшларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор янги чора-тадбирларни қабул қилиш бўйича таклифлар билан келдим.
Энг аввало, ёшларимизнинг замонавий касб ва билимларни эгаллаш имкониятларини кенгайтирамиз.
Хабарингиз бор, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўғил-қизларимизнинг масалаларини ҳал этиш мақсадида жорий қилинган “Ёшлар дафтари” тизими амалда ижобий натижалар бермоқда. Лекин, шуни ҳам унутмаслик лозимки, ёшларнинг дунёқараши, уларнинг муайян бир касбга бўлган қизиқиши 14 ёшидан, яъни мактаб давриданоқ шаклланади.
Шу боис бундан буён 14-17 ёш оралиғидаги 3 миллион нафарга яқин ўғил-қизларимизга ҳам “Ёшлар дафтари”да кўзда тутилган имтиёз ва енгилликлардан фойдаланиш имконияти яратилади. Хусусан, унда назарда тутилган имтиёзлар амалдаги 11 тадан 25 тага кўпайтирилади. Жумладан, ушбу дафтарга киритилган фарзандларимизга замонавий касблар, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни ўрганиши учун ҳар ойда 1 миллион 200 минг сўмдан субсидия берилади.
Шунингдек, ёшларга илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги тўгараклар учун 6 ой давомида 300 минг сўмдан пул тўланади. Уларга ушбу йўналишлар бўйича маҳаллий олимпиадаларда қатнашиш харажатлари учун – 1 миллион 200 минг сўмдан, нуфузли халқаро олимпиадалар учун – 12 миллион сўмдан маблағ ажратилади.
“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилаларнинг фарзандлари учун йилда бир маротаба мактаб формаси ҳамда ўқув қуролларини сотиб олиш харажатини давлат ўз зиммасига олади.
Яна бир муҳим янгилик – мусиқа санъатига қизиқиши баланд бўлган ёшларни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб мақом хонандалиги, мақом чолғу ижрочилиги ва бахшичилик йўналишларига янги қабул қилинган талабаларнинг шартнома тўловлари тўлиқ давлат томонидан тўлаб берилади. Фортепиано ижрочилари тайёрлаш бўйича қабул 3 баробар кўпайтирилиб, бу йўналишда ҳам контракт тўловлари тўла қоплаб берилади.
Бундан ташқари, энди техникумларга қабул йилда 2 марта ташкил этилиб, талабалар учун давлат гранти сони 2 баробар оширилади. Шунингдек, техникумлар учун таълим кредити жорий қилинади ва 80 мингдан зиёд ёшларга кредит бериш учун молиявий ресурс ажратилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда 1 нафар IT мутахассисини тайёрлаш учун камида 1 йил вақт ва 20 миллион сўмгача маблағ талаб этилади. Ваҳоланки, яхши мутахассис 2-3 ойда битта дастур яратиб, ушбу харажатни бемалол қоплаши мумкин.
Бундан буён хусусий таълим муассасаларида IT технологиялари бўйича ўқиш (дастурлаш, веб-дизайн, анимация) истагини билдирган ёшларга ҳам 20 миллион сўмгача миқдорда 4 йиллик имтиёзли кредит тақдим этилади.
Сўнгги вақтларда олис ҳудудлардаги мактаблар ўқувчилари ҳам хорижий тиллар бўйича билим беллашувларида яхши натижа кўрсатмоқда. Бундай ёшларимиз билан ҳар қанча фахрлансак, уларни рағбатлантириб борсак арзийди.
Республика беллашувларида юқори натижаларга эришган ана шундай 70 нафар ўқувчимиз ва уларнинг 14 нафар устози давлат ҳисобидан Буюк Британияга сафарга юборилади.
Қадрли ёшлар!
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш бўйича жорий қилинган янги тизим асосида 8 миллиондан зиёд йигит-қизларимизни қамраб олган “Ёшлар баланси” шакллантирилди. Унга кўра, айни пайтда республикамизда ишсиз йигит-қизлар 1 миллион 200 минг нафарни ташкил этмоқда. Шулардан 850 минг нафари ишлаш истагида бўлган ёшлар ҳисобланади.
Энг муҳими, ёшларнинг қизиқишлари, касб-ҳунарга мойиллиги, маълумоти, ижтимоий аҳволи ва муаммоларидан тўлароқ хабардор бўлиш имконини берадиган тизим яратилди.
Жорий йилда 404 минг йигит-қиз ўрта таълимни, 151 минг нафари профессионал таълим муассасасини битириб, меҳнат бозорига кириб келади. Уларнинг бандлигини таъминлаш энг долзарб вазифа ҳисобланади. Жумладан, бир йил давомида тадбиркорлик дастурларига 4 триллион сўм йўналтириш орқали 220 минг нафар ёшларнинг бандлиги таъминланади. 130 минг нафар ёшларга касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқиши учун 160 миллиард сўм субсидия ажратилади. 110 мингдан зиёд ўғил-қизларимиз эса, давлат корхоналари ва хусусий сектордаги бўш иш ўринларига жойлаштирилади.
Шунингдек, ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳаларига 250 миллиард сўм субсидия ва компенсациялар берилади. Айни пайтда уларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги фаолиятини ҳам тизимли равишда рағбатлантириб борамиз. Масалан, Олтиариқ узумчилик кластери намунаси асосида республикамиздаги 70 та туманда “Ёшлар агрокластери”ни ташкил этиб, 400 минг нафар ёшларни иш билан таъминлаймиз.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ёшлар билан учрашиб, ушбу режаларни ўз ҳудудлари бўйича батафсил муҳокама қилдилар. Энди ҳар йили ўқув йили якунланиши билан, ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ҳар бир ҳудуд алоҳида дастур қабул қилади.
Азиз фарзандларим!
Албатта, ҳозирги ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш осон эмас. Бу борада маҳаллалардаги 6 миллиондан зиёд ўғил-қизларимиз, айниқса, уюшмаган ёшларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш бўйича Беш ташаббус олимпиадаcи йўлга қўйилди. Бугунги тадбирда ушбу олимпиада ғолиблари бўлган 345 нафар йигит-қизларимиз ҳам қатнашмоқдалар.
Агар сизлар қўллаб-қувватласангиз, энди Беш ташаббус олимпиадаси ҳар йили 2 марта ўтказиб борилади.
Яна бир муҳим масала – бугунги ёшлар ўзига керакли маълумотларни аввало Интернетдан олмоқда. Шундай экан, Интернетнинг миллий сегментида ёшларни ўзига жалб қиладиган, тарихимиз, маданиятимиз, қадриятларимиз ҳақида ишонарли ва қизиқарли маълумот берадиган контентлар етарлими?
Афсуски, бу саволга ижобий жавоб беролмаймиз. Ҳали бу борада олдимизда жуда катта вазифалар турганини барчангиз яхши ҳис қиласиз, албатта.
Мен ҳозиргина учрашган Меҳриноз Аббосова бошчилигидаги бир гуруҳ ташаббускор ёшлар томонидан дунёнинг энг оммабоп электрон энциклопедияси – Википедияга 10 мингдан ортиқ ўзбек тилидаги мақолалар жойланганини эшитиб хурсанд бўлдим.
Фурсатдан фойдаланиб, ана шу фидойи ва ватанпарвар ўғил-қизларимизга ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Бундай эзгу ва хайрли лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз зарур.
Ана шу тажриба асосида Интернет тармоғида Ўзбек миллий контентини ривожлантириш дастури амалга оширилади. Бунда миллий давлатчилигимиз тарихини матнли ва видео контентлар орқали тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратиш керак.
Шунингдек, юртимиздан етишиб чиққан 100 нафар буюк аллома ва мутафаккирларнинг Интернетдаги маълумотлар базасини яратиш, уларнинг асарларини оммалаштириш чораларини кўрамиз.
Википедияда ўзбек тилидаги мақолалар сонини 100 мингтага етказиш ва хорижий тилларда ҳам Ўзбекистон ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш яхши самара бериши шубҳасиз. Ушбу мақсадлар учун 10 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.
Бундай тадбирларга, билимли ва шижоатли волонтёр ёшларни жалб қилиш ҳамда уларнинг фаолиятини тизимли равишда рағбатлантириб бориш лозим.
Шу ўринда яна бир муҳим масалага тўхталиб ўтмоқчиман.
Сизларнинг орангизда ватанпарварлик, меҳр-оқибат ва инсонийлик борасида кўпчиликка ибрат бўлаётган ёшлар жуда кўп.
Бугун волонтёр ёшлар ҳаракати жамиятимизнинг кўплаб соҳаларида кенг қулоч ёзмоқда. Бундан буён Ёшлар ишлари агентлиги бу ҳаракатга бош-қош бўлади. Ёшларнинг ташаббуслари асосида ҳар йили Ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилади ҳамда волонтёрлик фаолияти қўллаб-қувватланади.
Ёшларнинг таълим олишига эътибор қаратиш билан бирга китобхонликни янада кучайтиришимиз зарур. Шу мақсадда маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ҳар бир кўча кесимида китобхонлик танлови, “Заковат” ва бошқа интеллектуал ўйинларни йўлга қўяди. Бундай танловлар ҳар ҳафтада – маҳалла кесимида, ҳар ойда – туман миқёсида ва ҳар чоракда вилоят даражасида ўтказиб борилиши керак. Бу орқали 2 миллионга яқин ёшлар қамраб олинади.
Шу билан бирга, вилоятлар, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳар бир мактаб кутубхонасига камида мингтадан янги бадиий адабиётларни етказиб беради.
Ёшларнинг жисмоний ва маънавий камолотида спортнинг ўрни беқиёс экани барчамизга яхши маълум.
Мана, яқинда Тўдакўлда 327 мингдан зиёд ёшлар иштирок этган шахмат турнирининг финал босқичи бўлиб ўтди. Келгуси йилда Тўдакўлда дунё стандартларига жавоб берадиган халқаро шахмат мактабини қуриб, фойдаланишга топширамиз. Бу ерда жаҳоннинг энг машҳур гроссмейстерлари келиб, болаларимизга шахмат сир-асрорларини ўргатади. Навоий кон-металлургия комбинати раҳбари, сенаторимиз Қувондиқ Санақулов ушбу мактабнинг ўз вақтида қурилиши ва самарали фаолият юритишига масъул бўлади.
Шунингдек, республикамиз бўйича маҳаллалар кесимида 631 минг ўғил-қизлар қатнашган волейбол, 671 минг йигитлар иштирок этган футбол ва мини-футбол баҳслари ҳам юқори даражада ташкил қилинди. Ушбу мусобақалар ёшларнинг спортга қизиқиши жуда юқори эканини кўрсатди.
Биз мамлакатимизда спортни янада оммалаштириш, хусусан, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш ҳақида кўп гапирамиз, қанчадан-қанча ишларни амалга оширганмиз. Бироқ савол туғилади: шунга яраша биз кутган натижалар бўляптими? Соҳада қандай камчиликларга йўл қўйилмоқда?
Ўйлайманки, бу масалага танқидий ёндашиб, зарур чора-тадбирларни амалга ошириш вақти-соати келди.
Жорий йилдан бошлаб 36 та спорт федерацияси, 274 та спорт мактаби ўз ҳудудидаги маҳаллалар, ўрта мактаблар, коллеж ва техникумлар билан ҳамкорликда ишлайди. Ҳар бир кўча, маҳалла, мактаб, коллеж ва техникумда футбол, баскетбол, волейбол, стол тенниси, велоспорт, югуриш, шахмат-шашка ва бошқа спорт турлари бўйича жамоалар тузилади.
Бундан буён барча спорт мусобақалари “маҳалла – туман – вилоят – республика” занжири асосида ташкил этилади.
Албатта, бундай ишларни амалга ошириш маҳалладаги ёшлар етакчиларидан катта масъулият ва ташаббускорлик талаб этади.
Ислоҳотларимиз навқирон авлод ҳаётига янада чуқур кириб бориши учун ёшлар етакчиларига кенгроқ имконият ва ваколатлар берсак, ўйлайманки, сизлар ҳам буни қўллаб-қувватлайсиз.
Бундан буён ҳар йили олийгоҳларнинг сиртқи бўлимига ўқишга қабул қилинган 500 нафар энг фаол ёшлар етакчиларининг контракт тўловлари Ёшлар ишлари агентлиги томонидан тўлаб берилади. Шунингдек, “Ёш раҳбар кадрлар захираси” шакллантирилиб, унинг 30 фоизи ёшлар етакчилари ҳисобидан тўлдирилади.
Мен ёшлар етакчилари тимсолида бўлажак ҳокимлар ва вазирларни, йирик банк ва компаниялар, давлат ва нодавлат ташкилотлар, сиёсий партиялар лидерларини кўраман.
Қадрли фарзандларим!
Биз “Бетакрор юртимизда барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлаш – барчамизнинг бош мақсадимиздир” шиори остида ислоҳотларимизнинг янги даврини бошламоқдамиз.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ёшлар билан ишлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни ислоҳотларимизнинг бош мезонларидан бири сифатида белгиладик.
Шу кунларда Конституциямизни умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқиб, уни такомиллаштириш бўйича жуда муҳим сиёсий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада келиб тушган таклиф ва ташаббусларнинг 70 фоиздан ортиғи айнан ёшларимиз томонидан билдирилгани мени жуда қувонтирди.
Албатта, янгиланаётган Конституция, бу – сизларнинг Конституциянгиз.
Янгиланаётган Конституциямизда ҳам ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари устувор аҳамият касб этади.
Шу муносабат билан сизларга, бутун мамлакатимиз ёшларига мурожаат қилиб айтмоқчиман.
Ҳеч қачон унутманг, сизлар инсон ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон яшайдиган Янги Ўзбекистон ҳамда Учинчи Ренессанс бунёдкорларисиз.
Ана шундай шарафга муносиб бўлиш йўлидаги интилишларингиз ва ҳаётда ўзингизнинг муносиб ўрнингизни топишингиз учун бундан кейин ҳам бор куч ва имкониятларни тўлиқ сафарбар этамиз.
Мен Президент сифатида сизлар ўз олдингизга қўйган режа ва марраларга эришишингиз учун барча шароитларни яратиб беришга тайёр эканимни бугун яна бир бор таъкидламоқчиман.
Бугун сизларнинг ёниб турган кўзларингиз, шодликка тўла гўзал чеҳрангизга қараб, академик шоиримиз Ғафур Ғуломнинг
Сиз ахир осмонни олмоқ бўлсангиз,
Не учун елкамни тутиб бермайин?
– деган оташин сатрлари ёдимга тушмоқда.
Мен сиз, азиз фарзандларимдан бир нарсани сўрайман: тинимсиз ўқиб, изланиб, замонавий билимларни эгаллашдан, кўнглингиздаги эзгу мақсадлар сари ҳаракат қилишдан ҳеч қачон тўхтаманг!
Қорақалпоғистондан Андижонгача, Сурхондарёдан Тошкентгача – барча ҳудудлардаги ёшларимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишдек буюк мақсадимиз йўлида бир тану бир жон бўлиб, дадил олға интилишлари керак.
Мен сизларнинг бу йўлда маррани баланд олиб, ягона куч бўлиб ҳаракат қилишингизга ишонаман.
Сизлар бунга албатта қодирсиз.
Мен сизларга ишонаман ва сизлар билан фахрланаман, азиз болаларим!
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни бугунги унутилмас байрамингиз билан яна бир бор табриклайман.
Сизларга мустаҳкам соғлиқ, туганмас куч-ғайрат, улкан ютуқ ва зафарлар тилайман.
/ИА «Дунё»/.