Ўзбекистон Президенти: Товар айирбошлашдаги ижобий суръатга қарамай, келгуси йилда уни икки баробарга кўпайтириш учун янги «ўсиш нуқталари»ни топиш муҳим
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Душанбе шаҳридаги «Қасри Миллат» қароргоҳида расмий кутиб олиш тантанали маросимидан сўнг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, музокараларда расмий делегациялар аъзолари, икки мамлакат вазирликлари ва йирик компаниялари, чегарадош вилоятлар раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон ва Тожикистон етакчиларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли биродар мамлакатларнинг муносабатлари тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги даражасига кўтарилгани қайд этилди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан беқиёс ишларни амалга оширдик ва улар ўзаро муносабатларимиз солномасидан ўрин олди, - деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Томонлар стратегик шерикликни кенгайтиришда қатъий экани ва бу борада аниқ чораларни кўришга тайёрлигини таъкидладилар.
Музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, транспорт соҳасидаги ва ҳудудлар ўртасидаги шерикликни ривожлантириш, энергетика йўналишидаги улкан салоҳиятни самарали ишга солиш, маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Президент Шавкат Мирзиёев товар айирбошлашдаги ижобий суръатга қарамай, келгуси йилда уни икки баробарга кўпайтириш учун янги «ўсиш нуқталари»ни топиш муҳим эканини айтди. Шу мақсадда эркин савдо режимидан истисноларни бекор қилиш ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш масалаларини келишишни тез фурсатда якунлаш муҳим, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Ўзаро товар етказиб бериш ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, учинчи мамлакатларга биргаликда чиқиш имкониятларини излаш лозим.
«Дунё» АА