Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқи Жанубий Корея матбуотида чоп этилди

Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқи Корея Республикаси ижтимоий-сиёсий, таҳлил ва ишбилармон доиралари ҳамда оммавий ахборот воситаларида катта қизиқиш билан ўрганилмоқда, деб хабар бермоқда « Дунё » АА мухбири.

Жумладан, мамлакатдаги нуфузли нашрлардан бири - « The Korea Post » журнали ўз саҳифасида давлатимиз раҳбарининг ушбу нуфузли ташкилот сессиясидаги нутқининг тўлиқ матнини инглиз тилида чоп этди.

Бундан ташқари, журналнинг ушбу сонида Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида илгари сурган муҳим ташаббусларини ўзида акс эттирган мақола ҳам эълон қилинган.

Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон раҳбари ўз видеомурожаатида янги шароитларда БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмаларининг аҳамияти ва ўрни тобора ортиб бораётганини қайд этиб, халқаро ҳамжамият эътиборини дунёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга трансмиллий таҳдидлар тобора кучаяётганига, иқлим жадал ўзгараётганига, оммавий миграция оқимлари кўпаяётганига, анъанавий қадриятлар завол топаётганига қаратди.

Матераилда таъкидланганидек, жаҳон тақдири билан боғлиқ ушбу муҳим жараёнларда aйнан БМТ ўзининг етакчилик ролини янги мазмун ва сифат билан давом эттириши зарурлигини таъкидлаган Ўзбекистон етакчиси ташкилот Бош котибининг халқаро муносабатлар тизимида ҳамжиҳатлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш, ташкилот фаолиятининг самарадорлигини ва шаффофлигини оширишга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

« Шавкат Мирзиёев БМТнинг « ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаслик », деган тамойил асосида вакциналардан тенг ва адолатли фойдаланиш имкониятини яратишга доир саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлади », - деб ёзади « The Korea Post ».

/« Дунё » АА/.