Ўзбекистон Президентининг иккинчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали иштирокчиларига мурожаати
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
(2023 йил 21 сентябрь)
Ҳурматли фестиваль иштирокчилари!
Қадрли дўстлар!
Хонимлар ва жаноблар!
Сиз, азизларни Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг тантанали очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этишдан ғоят мамнунман.
Ушбу анжуманда жаҳоннинг 70 та давлатидан 260 нафардан зиёд моҳир ҳунарманд ва усталар, таниқли илм, маданият ва санъат намояндалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этаётгани унга дунё миқёсида қизиқиш ва эътибор катта эканидан далолат беради.
Маълумки, ҳар қайси халқнинг амалий санъати унинг бой ўтмиши ва маданияти, азалий қадриятлари, орзу-интилишларини ўзида яққол акс эттиради.
Қарийб уч минг йиллик тарихга эга бўлган бизнинг жонажон Ватанимиз ҳам ҳунармандчилик соҳасидаги ўлмас анъаналари, моҳир уста ва ҳунармандлари билан шуҳрат қозониб келади.
Айниқса, мана шу анжуманга мезбонлик қилаётган гўзал Фарғона вилояти, юртимизнинг қадимий шаҳарларидан бири бўлмиш Ҳўқанди латиф ўзининг бу борадаги бетакрор мероси, тарихий мактаблари билан алоҳида ажралиб туради.
Биз бу ўлкада кулолчилик, ипак ва абрли матолар ишлаб чиқариш, ёғоч ўймакорлиги, ганчкорлик ва наққошлик санъати, пичоқчилик, дўппидўзлик каби ҳунар турлари кенг ривожланиб, миллий бренд даражасига кўтарилгани билан фахрланамиз.
Жаҳон ҳунармандчилик кенгаши қарорига кўра, Қўқон, Бухоро ва Марғилон каби кўҳна шаҳарларимизга Ҳунармандчилик шаҳри мақоми берилганини биз асрлар мобайнида авлоддан-авлодга безавол ўтиб келаётган боқий анъана ва қадриятларимизнинг юксак эътирофи сифатида қабул қиламиз.
Азиз дўстлар!
Кейинги йилларда юртимизда халқ бадиий ва амалий санъатини янада ривожлантириш, бу борада тарихий анъаналарни изчил давом эттираётган моҳир усталарнинг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилмоқда.
Бу ҳақда гапирганда, қисқа муддатда бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, ушбу соҳа вакилларига зарур имконият ва имтиёзлар яратиб берилганини таъкидлаш лозим. Ана шундай саъй-ҳаракатларимиз туфайли миллий ҳунармандчилик санъати жадал ривожланмоқда. Бунинг тасдиғини сўнгги етти йилда “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари 7 баробардан зиёд кўпайиб, 10 минг нафардан салкам 80 минг нафарга етгани, соҳада банд бўлганлар эса 280 минг нафарни ташкил этаётгани яққол кўрсатиб турибди.
Соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, иқтидорли шогирдлар тарбиялаб, ўз ижодий мактабларини яратган қўли гул усталаримизнинг шарафли меҳнати давлатимиз ва жамиятимиз томонидан муносиб эътироф этилмоқда. Юзлаб уста ва ҳунармандларимиз Ватанимизнинг юксак мукофотлари – фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланмоқда.
Ҳунармандчилик халқимиз кундалик ҳаётидан тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Мамлакатимизда шу йўналишда юздан зиёд фестиваль ва ярмаркалар, савдо кўргазмалари ва бошқа тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Юртимизда иккинчи бор ўтказилаётган Халқаро ҳунармандчилик фестивалига уйғун ҳолда Риштон туманида Халқаро кулолчилик форуми бўлиб ўтаётгани ҳам бежиз эмас. Нега деганда, Риштон нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиёда кулолчилик маркази сифатида маълуму машҳурдир.
Албатта, мана шундай анжуманлар халқ амалий санъатига дахлдор қадимий меросимизни асраб-авайлаш, уни дунё миқёсида кенг тарғиб этиш, ёшларимизни нодир касб-ҳунарларга ҳурмат ва меҳр руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эгадир.
Шу маънода, бугун очилаётган ушбу фестиваль санъат ва дўстлик, истеъдод ва маҳорат байрами сифатида барча иштирокчилар ва халқимиз қалбида ёрқин из қолдиради, деб ишонаман.
Сиз, ҳурматли фестиваль қатнашчиларига сиҳат-саломатлик, олижаноб фаолиятингизда ютуқ ва омадлар, анжуман доирасидаги илмий-амалий конференция ишига эса муваффақиятлар тилайман.
Хуш келибсиз, қадимий ва бетакрор Ўзбекистонга, хуш келибсиз, гўзал Қўқон шаҳрига!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти