Ўзбекистон Президентининг ИТБ йиллик анжуманидаги нутқи Ўмон ОАВ диққат марказида
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўмондаги етакчи оммавий ахборот воситаларидан бири - «Asdaa Oman» газетасида «Ўзбекистон Президенти Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг Тошкентда ўтказилган йиллик йиғилишида қатор иқтисодий ташаббус ва таклифларни илгари сурди» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Материал Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг Тошкентда ўтказилган йиллик йиғилишининг расмий очилиш маросимида илгари сурган қатор ташаббус ва таклифларига бағишланган.
Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик анжумани фаолияти муваффақиятли ташкил этилди. Материалда, шунингдек, Тошкент учрашуви Ислом тараққиёт банки учун коронавирус тарқалгандан кейинги биринчи йирик халқаро тадбир эканига алоҳида эътибор қаратилган.
«Мазкур анжуманнинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади. Президент Шавкат Мирзиёев ИТБ тараққиётига доир қатор ташаббусларни илгари сурди, шунингдек, у Ўзбекистоннинг Ислом цивилизациясига қўшган ҳиссасини қайд этди. Ўзбекистон Президенти таъкидлашича, бугунги кунда Ўзбекистон ва Ислом тараққиёт банки ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларига транспорт, уй-жой инфратузилмаси, энергетика, қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари, соғлиқни сақлаш, таълим, бизнес ва бошқа соҳалардаги умумий қиймати қарийб 2,5 миллиард долларлик 30 та лойиҳа киритилган», дея таъкидланади газетада.
Муаллиф Ўзбекистон Президенти мамлакатни ислом дунёси билан ҳамкорликда умумий меросни асраб-авайлашдан манфаатдор эканини билдирганини маълум қилган.
«Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Имом Бухорий номидаги халқаро ҳадисшунослик маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва Халқаро ислом академияси ташкил этилганига алоҳида тўхталди, - деб ёзади Ўмон газетаси. - Ўзбекистон етакчисига кўра, сўнгги 5 йил ичида республикада олий ўқув юртлари сони 64 тадан 141 тага етди”.
Нашрда, шунингдек, анжуман доирасида Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармасини ташкил этиш бўйича келишув имзолангани қайд этилган. «Капитали 500 миллион долларга етказилиши кўзда тутилган мазкур жамғарма орқали камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган лойиҳалар қўллаб-қувватланади, - дейилади материалда. – Шавкат Мирзиёев ушбу лойиҳага тўхталар экан, коронавирус пандемиясининг иқтисодий ва ижтимоий оқибатларини енгиб ўтиш масалаларига тўхталиб, Ўзбекистонда инқирозга қарши ишлаб чиқилган чораларни ўз вақтида қўллаб-қувватлагани учун Ислом тараққиёт банкига миннатдорлик билдирди».
Газета ўз ўқувчиларини Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ислом тараққиёт банкининг фаолиятини янада ривожлантириш билан боғлиқ илгари сурган таклифлар билан ҳам таништирган.
«Ўзбекистон раҳбари ўз нутқи давомида «Ғарбий Aфрикадан Шарқий Осиёга яшил йўлак» номли савдо-иқтисодий маконни шакллантириш, Халқаро Ислом савдо-молия корпорацияси ҳамда Инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурталаш ислом корпорацияси томонидан молиявий инструментларни кенгайтириш, коронавирусдан кейинги даврда Ислом тараққиёт банки аъзо давлатларининг иқтисодиётлари ривожланишига инновацион тус бериш, минтақавий аҳамиятга эга бўлган инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш кўламини кенгайтириш сингари глобал ташаббусларни эълон қилди», - деб ёзади «Asdaa Oman».
«Дунё» АА