Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга ташрифи якунланди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон бугун Сўғд вилояти Ғафуров туманидаги «Ваҳдати миллат» боғига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизматининг маълум қилишича, Сўғд вилояти Сирдарё бўйида жойлашган бўлиб, деҳқончилик учун жуда қулай ҳудуд. Бу ерда мева-сабзавотчилик ривожланган. Тожикистонда етиштириладиган жами қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қарийб 43 фоизи Сўғд вилоятининг ҳиссасига тўғри келади.
«Ваҳдати миллат» боғи 2008 йилда ташкил этилган. Унинг майдони 700 гектар бўлиб, шундан 500 гектарига мевали дарахтлар ўтқазилган. Боғ ҳудудида қарийб 300 тонна сиғимли совутиш омбори ҳам мавжуд.
2018 йили бу ерда балиқ етиштириш йўлга қўйилган. Бугунги кунда тўртта ҳавзада оқ амур, хумбош ва сазан каби балиқ турлари етиштирилмоқда.
Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ҳамкорлик ривожланмоқда. Олий даражадаги учрашувлар чоғида бу борада кўплаб шартномалар имзоланган. Давлатимиз раҳбарининг бу галги ташрифи чоғида ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинди.
Президентлар боғда ташкил этилган Тожикистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси билан танишдилар. Ўзаро мева-сабзавотларни етказиб бериш, сақлаш ва экспорт қилиш бўйича соҳа мутасаддиларига кўрсатмалар берилди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга расмий ташрифи якунланди. Хўжанд халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон кузатди.
«Дунё» АА