Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида декларация

SHAVKAT MIRZIYOYEV Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O’zbekistonning Investitsion Salohiyat Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида декларация

Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон, кейинги ўринларда Томонлар деб аталувчи,

1996 йил 16 январда имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида Дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги Шартнома ва 2017 йил 6 мартда имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги Шартномада акс этган фундаментал қоидаларга амал қилган ҳолда, ҳозирги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш босқичидаги ўзбек-туркман муносабатларининг юқори даражасини қайд этиб,

икки томонлама кўп қиррали муносабатларни узоқ муддатга йўналтириш, уларни жаҳон иқтисодиётидаги замонавий шарт-шароитлар ва тамойилларни инобатга олган ҳолда сиёсий, иқтисодий, савдо, инвестиция, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда фаол ривожлантиришга интилиб,

икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш икки қардош халқнинг туб манфаатларига мос келиши ва уларнинг фаровонлигини ошириш ҳамда минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдириб,

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомида мустаҳамланган халқаро-ҳуқуқнинг асосий нормалари ва принципларига содиқликларини тасдиқлаб,

қуйидагиларни баён қиладилар:

Томонлар ушбу билан турли йўналишлардаги кўп қиррали ўзаро алоқаларни янада юқори босқичга олиб чиқишга, уларни яқин ва давомийлигини таъминлашга ҳамда икки томонлама ва халқаро майдондаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган чуқур стратегик шериклик ўрнатилганини эълон қиладилар.

Томонлар ўртасидаги чуқур стратегик шериклик улар томонидан суверенитет, тенглик, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, чегараларнинг бузилмаслиги, бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик, ўзаро ҳурмат ва эҳтиром қоидаларига риоя қилишга асосланади ҳамда қуйидаги соҳаларда кенг кўламли ҳамкорлик олиб боришни назарда тутади.

Сиёсий соҳадаги ҳамкорлик

Томонлар ўзбек-туркман муносабатлари чуқур сиёсий ишонч ва икки давлат раҳбарларининг стратегик етакчилик ролига асосланганлигини мамнуният билан таъкидлайдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Туркманистон Президенти икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар ва самарали ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва уларни янада ривожлантиришнинг шаклларини белгилаш учун мунтазам равишда учрашиб турадилар.

Томонлар кенг кун тартиби бўйича ҳар томонлама турли даражаларда мулоқот қилиш учун икки давлат қонун чиқарувчи органлари ўртасида юқори даражада алоқалар олиб бориш, парламентлараро алмашув ва дўстлик гуруҳлари форматларидан фойдаланишга келишиб олдилар.

Томонлар икки томонлама муносабатлар ва уларни қизиқтирган долзарб халқаро ва минтақавий масалалар бўйича фикр алмашиш ва мавқеларини мувофиқлаштириш мақсадида ташқи сиёсий идоралар ўртасида мунтазам равишда маслаҳатлашувлар ўтказиб турадилар.

Томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Марказий Осиё давлат раҳбарлари маслаҳатлашув учрашуви, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа кўп томонлама тузилма ва форматлар доирасида фаол ҳамкорлик қиладилар, хусусан, уларнинг манфаатларига дахлдор турли масала ва ташаббусларни кўриб чиқишда бир-бирларини қўллаб-қувватлашни давом эттирадилар.

Томонлар Афғонистонга ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатиш ва тараққиётга йўналтирилган лойиҳаларни амалга ошириш ушбу мамлакатдаги гуманитар инқирозни олдини олиш ва уни можародан кейинги даврда қайта тиклаш учун ўта зарурлигини таъкидладилар.

Хавфсизлик масалаларида ҳамкорлик

Томонлар терроризм, экстремизм ва сепаратизм, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларга ўхшаш прекурсорлар, қурол-яроғ ва ўқ-дориларнинг ноқонуний савдоси ҳамда уюшган жиноятчиликка қарши кураш соҳасида манфаатдор идоралар ўртасидаги шериклик алоқаларини ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳамкорликни чуқурлаштирадилар.

Томонлар замонавий ахборот-коммуникация технологиялардан ноқонуний ва миллий хавфсизликка зарар етказиш мақсадларда, хусусан, давлатларнинг ички ишларига аралашиш, уларнинг суверенитетига путур етказиш учун фойдаланиш ҳолатлари юзасидан ташвиш билдириб, халқаро ахборот хавфсизлиги соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Томонлар халқаро ахборот ва биологик хавфсизликни таъминлаш бўйича минтақавий ва глобал миқёсда ва, энг аввало, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасидаги конструктив ҳамкорликка эътибор қаратадилар.

Ҳар бир Томон ўз ҳудудини бошқа Томоннинг хавфсизлигига зарар етказиш учун фойдаланилишига йўл қўймайди.

Ҳуқуқий масалалар бўйича ҳамкорлик

Томонлар мавжуд шартномавий-ҳуқуқий база асосида фуқаролик, оила ва жиноят ишлари доирасида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича яқин ҳамкорликни давом эттирадилар.

Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон божхона ва солиқ хизматлари, меҳнат ва бандлик идоралари, шунингдек, миграция соҳасидаги идораларнинг ўзаро ҳамкорлиги доирасида ҳуқуқий масалалар бўйича тажриба алмашишни кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирадилар.

Томонлар икки ва кўп томонлама халқаро муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттирадилар.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик

Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия доирасидаги ишларни давом эттирадилар.

Томонлар инвестициявий ҳамкорликни изчил чуқурлаштириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва кенгайтириш, шунингдек, унинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш бўйича биргаликда саъй-ҳаракатларни амалга оширадилар.

Томонлар қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини икки давлат бозорларига етказиб бериш ҳажмини ошириш ва кенгайтириш мақсадида қишлоқ хўжалиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон агросаноат мажмуаларини тизимли ривожлантириш соҳасида алоқаларни жадаллаштирадилар.

Томонлар саноат кооперациясини ривожлантиришга устувор аҳамият бериб, ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали узоқ муддатли ва самарали алоқаларни кенгайтирадилар.

Томонлар чегара ҳудудларида савдо зоналарини биргаликда ривожлантириш бўйича фаол ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирадилар.

Томонлар икки мамлакат компанияларининг автомобил ва махсус техникаларни бир-бирларига етказиб бериш бўйича ўзаро ҳамкорликларини олқишлайдилар.

Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон тадбиркорлари ва хўжалик бирлашмалари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш мақсадида ўз давлатларининг савдо-саноат палаталари фаолиятини қўллаб-қувватлайдилар.

Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик

Томонлар Ўзбекистон ва Туркманистоннинг транзит салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этувчи транспорт соҳасидаги тегишли вазирлик ва идораларнинг конструктив ҳамкорлигини олқишлайдилар.

Икки давлат ҳудуди орқали ўтадиган халқаро транспорт йўналишларининг жозибадорлигини ва рақобатбардошлигини ошириш мақсадида Томонлар тарифларни янада оптималлаштириш ва ташқи савдо юкларини транзит ташиш учун қулай шарт-шароитларни таъминлашга қаратилган тизимли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттирадилар.

Томонлар мослашувчан тариф сиёсати, юк ташиш ва рақамли форматда маълумотлар алмашиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудларига товарларни олиб кириш ёки олиб чиқишни енгиллаштириш мақсадида Ўзбекистон ва Туркманистоннинг божхона ва бошқа идоралари ўртасида ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантириш зарурлигини таъкидладилар.

Томонлар мамлакатлар ўртасидаги ҳаво қатновларини янада ривожлантириш учун фуқаро авиацияси соҳасида фаол ҳамкорлик қиладилар.

Томонлар миллий автомобил ташувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида автомобил қатновлари соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Томонлар “Туркманбоши” портини максимал юклаш билан қўшма мультимодал йўналишларни ишлаб чиқишга тайёр эканликларини билдирадилар.

Томонлар, биринчи навбатда, бир-бирини тўлдирадиган ва минтақалараро аҳамиятга молик инфратузилмавий транспорт-логистика лойиҳаларини илгари суриш учун шарт-шароитларни шакллантириш орқали Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги жараёнларини амалга оширишга ҳисса қўшадилар.

Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик

Томонлар Ўзбекистон ва Туркманистон иқтисодиётини ривожлантириш ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган энергетика йўналишида конструктив ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришни давом этадилар.

Томонлар келгусида табиий газ ва электр энергиясини қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ўзаро мақбул шартларда сотиб олиш, етказиб бериш ва транзит ўтказишга тайёр эканликларини билдирадилар.

Минтақалараро ҳамкорлик

Томонлар ҳудудлар ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни кенгайтиришни қўллаб-қувватлайдилар ва уларнинг ишлаб чиқариш, инновацион, илмий-техник ва гуманитар соҳаларда ривожланиши учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш муҳимлигини таъкидлайдилар.

Томонлар кўргазма ва ярмаркаларда, бизнес тадбирларида иштирок этиш, Томонлар ҳудудларида рўйхатдан ўтган ва савдо алоқаларини ўрнатишдан манфаатдор корхоналар ҳамда улар томонидан сотувга қўйилган маҳсулотлар тўғрисида тезкор маълумот алмашиш орқали Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистоннинг маъмурий-ҳудудий тузилмалари, уларнинг хўжалик юритувчи субектлари ўртасидаги тўғридан-тўғри савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришни давом эттирадилар.

Шу муносабат билан Томонлар 2018 йил 23 апрелда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида минтақалараро ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни янада самарали амалга ошириш муҳимлигини қайд этадилар.

Маданий ва гумманитар йўналишдаги ҳамкорлик

Томонлар ҳудудлар эхтиёжи ва иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари эҳтиёжларидан келиб чиқиб икки давлат олий, ўрта ва касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни давом эттириш ниятини билдирдилар.

Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон профессионал кадрлар тайёрлаш масалалари бўйича ҳамкорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Томонлар гастрол-концертлар ва театр фаолияти, музей ва кутубхонашунослик соҳаларидаги ҳамкорликни давом эттирадилар, Ўзбекистон Республикасида Туркманистон маданияти кунлари ва Туркманистонда Ўзбекистон Республикаси маданияти кунлари ўтказилишини қўллаб-қувватлайдилар.

Соғлиқни сақлаш, фармацевтика, тиббий таълим ва фан соҳасидаги алоқаларни чуқурлаштириш, Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон соғлиқни сақлаш, олий касб-ҳунар таълими ва илмий ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш давом эттирилади.

Томонлар соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, мутахассислар, ўқитувчилар ва талабаларнинг Томонлар ҳудудида ташкил этиладиган халқаро тадбирларда иштирок этишига катта эътибор қаратадилар.

Томонлар хавфли юқумли касалликларнинг тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги икки томонлама ва кўп томонлама форматдаги ўзаро алоқаларга алоҳида аҳамият бериб, мамлакатларнинг қулай санитария-епидемиология шароитларини таъминлаш бўйича тўплаган тажрибаси келажакда янги эпидемияларнинг олдини олиш учун асос сифатида фойдаланилишини таъкидлайдилар.

Томонлар Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини ўрганиш, самарали ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида икки мамлакат «таҳлил марказлари» ва эксперт-таҳлилий ҳамжамиятлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлайдилар.

Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистоннинг етакчи давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация компаниялари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришдан манфаатдор эканликларини билдирадилар.

Атроф муҳитни муҳофаза қилиш

Томонлар экологик хавфсизлик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, трансчегаравий ифлосланишни олдини олиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, табиий ва техноген фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва бартараф этиш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришда давом этадилар.

Томонлар Марказий Осиё трансчегаравий дарёларининг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш соҳасида конструктив мулоқотни давом эттириш муҳимлигини таъкидлайдилар.

Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасига Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги Орол фалокати таъсирида бўлган ҳудудларни экологик жиҳатдан соғломлаштиришга қаратилган экологик ва илмий-техник лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликнинг универсал платформаси сифатида қарайдилар.

Томонлар ушбу ёндашувни Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишига эришишнинг муҳим элементи сифатида кўриб, ушбу форматнинг фаолиятини тўлалигича қўллайдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Туркманистон Президенти ушбу декларация қоидаларини амалга ошириш Ўзбекистон ва Туркманистоннинг қардош халқлари манфаати, тинчлик ва фаровонлик йўлида икки давлатнинг стратегик шериклигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев

Туркманистон Президенти Сердар Бердимухамедов

ИА Дунё