Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда АҚШ, ЕИ ва ХХР билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов раҳбарлигида душанба куни видеоконференция шаклида АҚШ, Европа Иттифоқи ва ХХР билан икки томонлама ҳамкорлик масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, йиғилишда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ХХР, АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатларидаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда АҚШ билан ҳамкорликни ривожлантириш доирасида икки томонлама шартномавий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, жумладан, ўзаро инвестицияларни ҳимоя қилиш ва икки томонлама солиқ солишга йўл қўймаслик бўйича ҳукуматлараро битимларни имзолаш масалалари ҳамда АҚШнинг етакчи компанияларини Ўзбекистонда инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилиш механизмлари кўриб чиқилди. Шунингдек, яқин вақт ичида Америка — Ўзбекистон савдо палатаси бизнес-форумининг навбатдаги йиғилишини ҳамда АҚШ ишбилармон доиралар вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишнинг шарт-шароитлари муҳокама қилинди.
Европа Иттифоқи билан ўзаро ҳамкорлик қилиш йўналишида Ўзбекистон томонидан «ПБТ+» бенефициар мамлакат мақомини олиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг бугунги ҳолати кўриб чиқилди ҳамда бу жараённи тезлаштириш бўйича амалий меҳанизмлар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲБ) тузиш бўйича музокаралар якунланишини тезлаштириш ва миллий қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.
ХХРда устувор тармоқлардаги аниқ инвестициявий таклифларининг тақдимотлари намойиш этилишини ўз ичига олган бизнес-форумлар ташкил этиш орқали Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишга хитойлик инвесторларни жалб этиш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйишни назарда тутган ҳолда ХХР билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йил 5-10 ноябрь кунлари Шанхай шаҳрида бўлиб ўтадиган импорт товарларнинг Учинчи халқаро кўргазмасида ўзбек экспортчилари делегациясининг режалаштирилган иштироки доирасида янги савдо келишувлари устида ишлаш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Учрашув натижасида қўйилган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналарининг масъул раҳбарлари ва вакилларига аниқ кўрсатмалар берилди.
«Дунё» АА