Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида

2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили 2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Parlament saylovlari 2019 yil Parlament saylovlari 2019 yil O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ф а р м о н и

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида белгиланган “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғояни амалда рўёбга чиқариш, аҳолининг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштироки кўламини кенгайтириш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, фуқаролар, жамият ва давлатнинг ўзаро яқин ҳамкорлигини ўрнатиш, шунингдек, давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси (кейинги ўринларда – Жамоатчилик палатаси) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жамоатчилик палаталари (кейинги ўринларда – ҳудудий жамоатчилик палаталари) ташкил этилсин.

2. Қуйидагилар Жамоатчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

давлат, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни янада жадал ва ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи замонавий шаклдаги тизимли ҳамда самарали мулоқотини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг ижтимоий манфаатлари келишилишини таъминлаш;

фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштиришга ҳамда давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этишга кўмаклашиш;

аҳоли фикрини тизимли ўрганиб бориш, жойларда ва соҳаларда аҳолини, фуқаролик жамияти институтларини ҳамда жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек, уларнинг ечими бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлиси палаталарига ва Ҳукуматга тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар киритиб бориш;

илмий-эксперт гуруҳлари иштирокида фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш юзасидан ташаббус кўрсатиш, бу борадаги давлат сиёсати ва унинг амалий натижалари ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимли ўрганиш, умумлаштириш ва таҳлил қилишни ташкил этиш;

фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлиги даражаси, уларнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қўшаётган ҳиссасини баҳоловчи кўрсаткичларни ишлаб чиқиш ҳамда улар асосида фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик миллий маърузаларни тайёрлаш;

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтларининг амалий ва самарали ҳамкорлигини йўлга қўйишга кўмаклашиш ҳамда мазкур масала бўйича жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш;

давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини кучайтириш, уларга услубий ва бошқа амалий ёрдам кўрсатиш;

норма ижодкорлиги сифатини тубдан яхшилашга кўмаклашиш, жумладан, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта долзарб масалаларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш, уларни жамоатчилик билан маслаҳатлашув ва эшитувлари асосида такомиллаштиришга кўмаклашиш;

фуқaрoлaр, нoдaвлaт нoтижoрaт тaшкилoтлaри, oммaвий axбoрoт вoситaлaри вaкиллaри вa блогерларни сўз эркинлиги, фуқaрoлaрнинг axбoрoт олиш ва тaрқaтиш ҳуқуқини aмaлгa oшириш, ахборот эркинлиги кaфoлaтлaрини тaъминлaш бўйича муҳoкaмaларга жaлб этиш ҳамда мазкур масалаларга оид амалий таклифлар ишлаб чиқиш;

жамоатчилик назоратининг самарали тизимини шакллантириш, “жамоатчилик эшитуви”, “жамоатчилик экспертизаси”, “жамоатчилик мониторинги” каби таъсирчан замонавий назорат шаклларини амалда жорий этиш;

ислоҳотлар ва давлат дастурларининг жойларда ва соҳаларда амалга оширилиши устидан жамоатчилик мониторингини ташкиллаштириш, уларни сифатли бажариш учун қўшимча чоралар кўриш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, эришилган кўрсаткичлар, ижобий ўзгаришлар ва мавжуд муаммолар тўғрисидаги ахборотни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлиси палаталари ва Ҳукуматга мунтазам киритиб бориш;

“халқ дипломатияси” институтини ривожлантириш, жумладан, мамлакат ташқи сиёсатининг устувор вазифаларини ҳаётга татбиқ этиш, унинг нуфузли халқаро рейтингларда эгаллаган ўрнини яхшилашда фуқаролик жамияти институтларининг имкониятларидан кенг фойдаланиш ҳамда хориждаги ватандошлар билан яқиндан алоқалар ўрнатиш, нодавлат нотижорат ташкилотларига халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда ёрдам кўрсатиш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

а) Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органлари ҳисобланади;

б) Жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 50 нафар аъзодан иборат бўлиб, унинг таркиби қуйидаги тартибда шакллантирилади:

Жамоатчилик палатасининг 18 нафар аъзоси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жамият ривожи, ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон илм-фани, спорти, маданияти ва иқтисодиёти ривожи, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга катта ҳисса қўшган, эл-юрт иззат-ҳурматига сазовор бўлган фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари орасидан тайинланади;

Жамоатчилик палатасининг 18 нафар аъзоси республика миқёсида фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари (Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган чет эл нодавлат нотижорат ташкилотлари ваколатхоналари ва филиаллари бундан мустасно), оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари тақдим этган номзодлар орасидан танлов асосида Жамоатчилик палатаси қарорига асосан аъзо этиб қабул қилинади;

Жамоатчилик палатасининг 14 нафар аъзоси ҳудудий жамоатчилик палаталари вакиллари бўлиб, улар лавозими бўйича ҳудудий жамоатчилик палаталари раислари ҳисобланади;

в) ҳудудий жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 21 нафар аъзодан иборат бўлади;

г) ҳудудий жамоатчилик палаталари таркиби жамоатчилик форумларида тавсия этилган ҳудудларда фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари (Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган чет эл нодавлат нотижорат ташкилотлари ваколатхоналари ва филиаллари бундан мустасно), илмий доиралар, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакилларидан шакллантирилади;

д) Жамоатчилик палатасининг ва ҳудудий жамоатчилик палаталарининг биринчи умумий йиғилишларида:

уларнинг фаолиятларини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилади;

уларнинг комиссиялари шакллантирилади ва раҳбарлари сайланади;

Жамоатчилик палатаси раиси – Жамоатчилик палатаси Кенгаши раиси ва унинг учта ўринбосари, жумладан, битта биринчи ўринбосари – Жамоатчилик палатаси аппарати раҳбари, шунингдек, ҳудудий жамоатчилик палаталарининг раислари ва уларнинг ўринбосарлари сайланади;

Жамоатчилик палатасининг ва ҳудудий жамоатчилик палаталарининг фаолиятларини самарали ташкил этиш мақсадида уларнинг бошқарув органлари – Жамоатчилик палатаси Кенгаши ва ҳудудий жамоатчилик палаталарининг кенгашлари тузилади. Жамоатчилик палатаси Кенгашининг ва ҳудудий жамоатчилик палаталарининг кенгашлари таркибига тегишлича Жамоатчилик палатаси раиси ва унинг ўринбосарлари, ҳудудий жамоатчилик палаталари раислари ва уларнинг ўринбосарлари ҳамда комиссиялар раҳбарлари киради;

е) Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари аъзоларининг ваколат муддати Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталарининг биринчи умумий йиғилишлари ўтказилган кундан бошлаб, 3 йил этиб белгиланади.

4. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жамоатчилик палаталарининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Белгилансинки:

Жамоатчилик палатасининг фаолияти унинг ижро органи – юридик шахс ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси аппарати (кейинги ўринларда – Аппарат) томонидан таъминланади;

Аппарат Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ҳамда ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрига, бланкига, мустақил балансига, Молия вазирлигида шахсий ғазна ҳисоб варақларига, тижорат банкларида хорижий валютадаги ҳисоб рақамларига эга бўлади;

ҳудудий жамоатчилик палаталари аппаратлари Аппаратнинг ҳудудий бўлинмалари (кейинги ўринларда – ҳудудий бўлинмалар) ҳисобланади.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази (кейинги ўринларда – Марказ) таъсисчилари, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда кенг жамоатчиликнинг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

Жамоатчилик палатаси ташкил этилганлиги муносабати билан ҳамда унинг фуқаролик жамиятини ривожлантиришга оид ваколатлари бошқа орган ва жамоатчилик тузилмалари вазифалари билан такрорланишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ва Марказни тугатиш;

Аппарат штат бирликларини ва моддий-техника базасини тугатилаётган Марказ ҳисобидан шакллантириш;

ҳудудий бўлинмалар штат бирликларини тугатилаётган Марказ ҳудудий бўлинмалари штат бирликлари ҳисобидан шакллантириш.

7. Белгилаб қўйилсинки:

Жамоатчилик палатаси раиси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари раислари жамоатчилик асосида фаолият юритади;

Жамоатчилик палатаси раиси мақоми ҳамда транспорт ва тиббий таъминотига кўра вазирга тенглаштирилади;

Жамоатчилик палатаси раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт таъминотига кўра тегишлича вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарларига тенглаштирилади;

Аппарат ходимлари – вазирликлар марказий аппарати, Аппаратнинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари эса – вазирликларнинг ҳудудий бўлинмалари ходимларига тенглаштирилади;

Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра Аппарат ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг лавозим маошларини белгилашда тариф коэффициентлари икки баравар оширилган миқдорда қўлланилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг “Mening fikrim” веб-порталини Жамоатчилик палатаси тасарруфига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

9. Қуйидагилар Аппарат фаолиятини молиялаштиришнинг манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;

халқаро молия ва бошқа институтлар, чет эл ташкилотлари грантлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

10. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) Кенгашларида Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари томонидан жамоатчилик учун долзарб бўлган масалалар юзасидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлил натижаларини ҳар чоракда кўриб чиқиш амалиёти жорий этилади;

Жамоатчилик палатаси ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик миллий маърузаларни тақдим этади;

Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари аъзолари ҳар бир давлат органининг очиқ ҳайъат мажлисида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида, “Ҳукумат соати”да, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) Кенгашлари мажлисларида иштирок этишга ҳақли;

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисидаги таклифлар, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта долзарб масалаларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Жамоатчилик палатасига кўриб чиқиш учун юборилади;

Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталарининг қарорлари давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа тузилмалар учун тавсиявий хусусиятга эга;

Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари давлат органлари ва ташкилотларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан Жамоатчилик палатаси сўровини юбориш ҳуқуқига эга. Бунда давлат органлари ва ташкилотлари сўровга жавобни, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, у олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши лозим;

Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари ҳар бир давлат органи, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари бундан мустасно) таркибларини шакллантиришда иштирок этади;

давлат ҳокимияти ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз фаолиятини нодавлат нотижорат ташкилотларининг мустақиллиги ва улар фаолиятига аралашмаслик принципларига қатъий риоя қилган ҳолда Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари билан ўзаро яқин ҳамкорликда амалга оширади;

давлат органлари ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари ишининг ташкил этилиши ва амалга оширилишида зарур шарт-шароитлар яратади ва ҳар томонлама кўмаклашади.

11. Жамоатчилик палатаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда кенг жамоатчилик фикрини ва илғор тажрибани ҳисобга олган ҳолда, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

Жамоатчилик палатаси фаолиятининг ҳуқуқий асослари;

Жамоатчилик палатасининг мақсад ва вазифалари, ҳуқуқ, мажбуриятлари ва функциялари;

Жамоатчилик палатаси таркибини шакллантириш тартиби;

Жамоатчилик палатаси аъзоси мақоми, фаолияти кафолатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, улар ваколатини тўхтатиш ва тугатиш тартиби;

масаласи бўйича Жамоатчилик палатаси билан келишилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари қатъий турлари;

Жамоатчилик палатасининг давлат органлари ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги;

Жамоатчилик палатаси фаолиятини молиявий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш тартиби.

12. Аппарат:

Молия, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Ички ишлар вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Бош прокуратураси, Олий суди, бошқа вазирлик ва идораларнинг статистика ахбороти;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг таҳлилий материаллари мажбурий юбориладиган реестрга киритилсин.

13. Аппаратга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари мутахассисларини, фуқаролик жамияти институтлари вакилларини, илмий-тадқиқот институтлари ва марказлари ходимларини, шунингдек, маҳаллий ва хорижий олимлар ва мутахассисларни шартнома асосида тадқиқотлар олиб боришга жалб қилиш;

тадқиқотлар олиб бориш ва кадрлар тайёрлаш бўйича халқаро ташкилотлар, жамғармалар, маҳаллий ва хорижий тадқиқот марказлари ва ўқув муассасалари билан шартномалар тузиш;

ноширлик фаолиятини амалга ошириш, ахборот-таҳлилий шарҳлар ва маърузалар, “Фуқаролик жамияти” журнали, “Жамият” газетаси ва бошқа нашрларни чоп этиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлардан зарур статистик, таҳлилий ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш.

14. Аппарат Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Фурқат кўчаси, 1А-уй манзилида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Аппаратга 4 та автомобиль таъминоти учун лимит ажратсин.

15. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

а) ҳудудий бўлинмаларнинг тугатилаётган Марказнинг ҳудудий бўлинмалари эгаллаб турган биноларидан беғараз фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолишини таъминласин;

б) Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари маблағлари ҳисобидан:

ҳудудий жамоатчилик палаталарининг ўз вазифа ва функцияларини самарали бажариши учун зарур моддий-техник шароитлар яратиб берсин;

ҳудудий жамоатчилик палаталарининг буюртманомалари асосида бино ва хоналарни капитал ва жорий таъмирлаш, уларни замонавий ташкилий техника, мебель ва зарур алоқа воситаси турлари билан жиҳозлаш бўйича ишларни ташкил этсин.

16. Жамоатчилик палатаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда:

Аппарат тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин;

қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.С.Қосимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 16 апрель

dunyo.info