Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Ўзбекистон Республикаси Президенти хорижий делегациялар раҳбарларини қабул қилди

SHAVKAT MIRZIYOYEV Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O’zbekistonning Investitsion Salohiyat Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Ўзбекистон Республикаси Президенти хорижий делегациялар раҳбарларини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 июль куни “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этган хорижий мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари, ҳукуматлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Европа комиссияси вице-президенти, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррел билан мулоқотда кўп қиррали Ўзбекистон – ЕИ ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Жозеп Боррел давлатимиз раҳбарига Европа кенгаши Раиси Шарль Мишель ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди ҳамда Ўзбекистон етакчисининг Марказий ва Жанубий Осиё боғлиқлигини мустаҳкамлаш борасидаги глобал ташаббуси муҳим аҳамиятга эга ва ўз вақтида илгари сурилаётганини таъкидлади.

Учрашувда кейинги йилларда Ўзбекистон ва ЕИ шериклиги жадал суръатлар билан ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало инсон капитали ва демократик янгиланишлар, бизнес, инвестиция ва инновацияларни илгари суриш, “яшил” тараққиёт, экология, маданий алмашинув ва бошқа йўналишларда янада кенгайтириш муҳим экани таъкидланди. Ўзбекистон ва Евроиттифоқ ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битим бўйича музокаралар якунига етаётгани маълум қилинди.

Халқаро кун тартиби юзасидан ҳам батафсил фикр алмашилди. Афғонистонда тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди.

Икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ташқи ишлар вазири давлатимиз раҳбарига Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Бўлажак олий даражадаги саммитга тайёргарлик кўриш, қўшма дастур ва лойиҳаларни, энг аввало савдо-иқтисодий ва маданий гуманитар соҳаларда илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Афғонистондаги вазият кескинлашиши шароитида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш масаласи кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкарни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон – Ҳиндистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари олий даражадаги мунтазам мулоқотлар давомида эришилган келишувларга мувофиқ изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Вазир Жайшанкар Ўзбекистон етакчисига Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг саломи ва самимий тилакларини етказди.

Ўзбекистоннинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги боғлиқликни, шунингдек, Афғонистонда тинчликка эришиш ва ушбу мамлакат иқтисодиётини тиклашга қаратилган минтақавий лойиҳаларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатлари юксак баҳоланди.

Учрашувда икки мамлакат ҳудудларини фаол жалб қилган ҳолда инвестициялар, инновациялар, савдо, бизнес, логистика, ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш ва бошқа устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Мамлакатларимиз “Ҳиндистон – Марказий Осиё” форматидаги самарали мулоқотни давом эттиришдан манфаатдор экани қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеубердини қабул қилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди давлатимиз раҳбарига Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ва Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Бўлажак олий даражадаги тадбирларга тайёргарлик кўриш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий кооперация лойиҳалари ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик дастурларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Афғонистондаги вазиятдан келиб чиқиб минтақа кун тартибидаги масалалар ҳамда август ойининг бошида Туркманистонда ўтказиладиган навбатдаги Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг Маслаҳат учрашувига тайёргарлик масаласи кўриб чиқилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди.

Олий даражадаги мунтазам мулоқотлар туфайли кўп қиррали Ўзбекистон – Туркманистон яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Рашид Мередов давлатимиз раҳбарига Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимухамедовнинг саломи ва самимий тилакларини етказди. Ўзбекистон етакчисининг Марказий ва Жанубий Осиё боғлиқлигини ривожлантириш борасидаги ташаббуслари юксак баҳоланди.

Икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.

Жорий йилнинг 6 август куни “Аваза” миллий туризм зонасида ўтказиладиган Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувига тайёргарликнинг бориши муҳокама қилинди.

Афғонистонда қарор топаётган мураккаб вазият юзасидан фикр алмашилди.

Давлатимиз раҳбари Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддинни қабул қилди.

Жорий йилнинг 11-12 июнь кунлари Тожикистонга амалга оширилган олий даражадаги тарихий ташрифнинг самарали натижалари юқори баҳоланди, улар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаб, аниқ мазмун билан бойитгани таъкидланди.

Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин давлатимиз раҳбари Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг биродарлик саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда қабул қилинган “йўл харитаси” асосида иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги устувор лойиҳаларни ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар – Афғонистондаги вазият ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитларига тайёргарлик кўриб чиқилди.

Президентимиз Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Ақилбек Жапаровни қабул қилди.

Икки томонлама ва минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ақилбек Жапаров Ўзбекистон етакчисига Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Жорий йил март ойида ўтган олий даражадаги Ўзбекистон – Қирғизистон саммитида эришилган келишувлар ва қабул қилинган битимларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларидаги устувор кооперация лойиҳаларини тез фурсатда амалга ошириш, қўшма инвестиция компанияси фаолиятини ташкил этиш муҳим экани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлини қабул қилди.

Учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон – Туркия муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари Туркия билан муносабатларнинг самарали ва жадал руҳини мамнуният билан қайд этди. Икки мамлакат етакчиларининг мунтазам мулоқоти дўстлик ва стратегик шериклик ришталарини мустаҳкамлаш, икки томонлама ҳамкорликни аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилмоқда.

Мавлуд Чавушўғли Ўзбекистон Президентига Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг саломи ва самимий тилакларини етказди.

Учрашувда олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилишига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Минтақа кун тартиби, шу жумладан, Афғонистондаги вазият юзасидан батафсил фикр алмашилди.

Ушбу мамлакатда мустаҳкам тинчликка эришиш ва унинг иқтисодиётини тиклаш борасида яқиндан ҳамкорлик қилиш муҳим экани таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Саудни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари икки томонлама алоқалар жадал ривожланаётгани – ўзаро мулоқот фаоллашиб, илк йирик инвестиция лойиҳалари, энг аввало энергетика соҳасидаги лойиҳалар илгари сурилаётганини мамнуният билан қайд этди.

Вазир Файсал бин Фархон Ўзбекистон етакчисига Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди ҳамда Саудия Арабистонига расмий ташриф билан келиш таклифини яна бир бор тасдиқлади.

Саудия томони Ўзбекистон Президентининг Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий боғлиқлигини кучайтириш борасидаги ўз вақтида илгари сурилган муҳим халқаро ташаббусларини, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмакни юксак баҳолаши ва қўллаб-қувватлашини таъкидланди.

Учрашувда амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, бўлажак олий даражадаги мулоқотларнинг кун тартибини бойитиш, Ўзбекистон – Саудия муносабатларини сифат жиҳатидан юксак даражага кўтариш мақсадида янги лойиҳа ва тадбирларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Президенти Кувайт Давлатининг ташқи ишлар вазири, Вазирлар Маҳкамаси ишлари бўйича давлат вазири шайх Аҳмад Носир ал-Муҳаммад ас-Сабоҳни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари икки мамлакат ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш муҳим эканини таъкидлади. Кувайт ташқи сиёсий идораси раҳбарининг ушбу ташрифи мулоқот ва алмашинувларнинг фаоллашишига хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Кувайт ташқи ишлар вазири Ўзбекистон етакчисига Кувайт Амири Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади.

Учрашувда амалий ҳамкорликни, энг аввало савдо, инвестиция ва инновациялар, молия, озиқ-овқат хавфсизлиги, ахборот технологиялари, таълим ва бошқа соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Икки томонлама Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ҳамда дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги доирасида қўшма тадбирлар дастурини тайёрлашга келишиб олинди.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан конструктив руҳда фикр алмашилди.

Давлатимиз раҳбари Озарбайжон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Шахин Мустафоев билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакатларимизнинг анъанавий яқин ва дўстона муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шахин Мустафоев давлатимиз раҳбарига Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Суҳбат чоғида икки томонлама амалий ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика лойиҳаларини илгари суриш ҳамда маданий-гуманитар алмашинув дастурларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бўлажак олий даражадаги саммитга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишларини ўтказиш, биринчи Ҳудудлараро форумни ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президентининг маслаҳатчиси Элизабет Шервуд-Рэндалл бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Икки томонлама кун тартибининг долзарб жиҳатлари ва халқаро сиёсат масалалари кўриб чиқилди. Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари жадал суръат билан ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Элизабет Шервуд-Рэндалл Ўзбекистон Президентига АҚШ Президенти Жозеф Байденнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Президентимизнинг Марказий ва Жанубий Осиё боғлиқлигини мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари АҚШ маъмурияти томонидан юксак баҳоланаётгани таъкидланди.

Бундан ташқари, мамлакатимизнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги, янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар, Марказий Осиёда ишонч, яхши қўшничилик ва шерикликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар қатъий қўллаб-қувватланди.

Учрашувда конструктив сиёсий мулоқотни давом эттириш масалалари, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари, шу жумладан, пандемияга қарши курашиш ва аҳолини эмлаш, АҚШнинг етакчи компания ва банклари иштирокида қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш муҳокама қилинди.

Афғонистонда юзага келган вазият юзасидан батафсил фикр алмашилди.

Президентимиз БМТ Бош котиби ўринбосари, Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК) Ижрочи котиби Ольга Алгаеровани қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари БМТ институтлари билан кейинги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган шериклик жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Ташкилот мамлакатимиздаги ислоҳотларга кўмаклашаётгани учун миннатдорлик билдирилди.

Ольга Алгаерова Ўзбекистон Президентига БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг саломи ва юксак ҳурмат-эҳтиром сўзларини етказди.

Мамлакатимизнинг глобал майдондаги нуфузи ортиб бораётгани, халқаро ҳамжамият Ўзбекистон етакчисининг, шу жумладан, Марказий ва Жанубий Осиё боғлиқлигини кучайтириш бўйича ташаббусларини кенг қўллаб-қувватлаётгани таъкидланди.

Ижрочи котиб Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди сифатида эълон қилиш бўйича БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси қабул қилинганини ҳамда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари учун БМТ Махсус комиссиясидаги (СПЕКА) раислигини юксак баҳолади.

Учрашувда Ўзбекистон ва ЕИК ўртасида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва пандемия оқибатларини енгиб ўтиш борасида, жумладан, иқтисодиёт, савдо ва транспорт, инновациялар, экология ва бошқа соҳалар бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Бангладеш Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Абул Калом Абдул Мўмин билан учрашувда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақа кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ташқи ишлар вазири Бангладеш Президенти Абдул Ҳамид ва Бош вазири Шайх Ҳасина Вазеднинг самимий саломини етказди.

Ўзбекистон Президентининг Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари боғлиқлигини ривожлантириш борасидаги ташаббуси ҳар томонлама қўллаб-қувватланди.

Алмашинувларни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суриш орқали амалий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

ЎзА