Ўзбeкистон Рeспубликасининг ЖСТга кириши бўйича ишчи гуруҳнинг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига кириши бўйича Ишчи гуруҳнинг тўртинчи йиғилиши видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.
«Гибрид формати»да махсус онлайн платформада ташкил этилган тадбирда иштирокчи давлатлар делегациялари, бевосита, ташкилотнинг Женевадаги қароргоҳида туриб, бошқалар, жумладан, турли давлатлар вакиллари – экспертлар видеоконференсалоқа орқали иштирок этди.
Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга кириши бўйича Ишчи гуруҳ раиси, Корея Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотидаги доимий вакили Джи-а Пек тадбир иштирокчиларини ташкилотга кириш учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш жараёнида Ўзбекистон томонидан босиб ўтилган босқичлар билан таништирди.
Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши нуқтаи назаридан Республикадаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати ва бу борадаги мавжуд истиқбол тўғрисида маъруза тақдим этилди. Мазкур жараённинг қайта тикланиши 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилангани ва мамлакат ташқи иқтисодий фаолиятини кўп томонлама савдо тизимига қўшилиш орқали ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бири экани қайд этилди.
ЖСТ Бош директори ўринбосари Алан Вулф ташкилот Котибияти фаолиятининг устувор йўналишларидан бири мамлакатларга ЖСТга киришда кўмаклашиш эканини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг тузилмага аъзо бўлиш жараёнини тиклаш тўғрисидаги қарорини ҳам олқишлади. Ташкилот раҳбарияти номидан ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаш учун барча зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, бир қатор бошқа давлатлар, минтақавий ва тематик гуруҳлар вакиллари Ўзбекистоннинг ЖСТга киришини маъқуллаб, ўз фикрларини баён қилдилар.
Йиғилиш доирасида Ўзбекистоннинг ташқи савдо режими тўғрисида кенгайтирилган Меморандум муҳокамаси ҳам бўлиб ўтди, мамлакат томонидан ташқи савдо соҳасини тартибга солишнинг аъзо давлатлар томонидан тан олинган меъёр ва стандартларга мувофиқлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар қайд этилди. Меморандум бандлари бўйича савол-жавоб сессияси бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши бўйича Ишчи гуруҳнинг 4-йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш жараёнида Ташкилот Котибиятига зарур ҳужжатларнинг тўлиқ тўплами, жумладан, аъзо мамлакатларнинг 300 дан ортиқ саволига жавоблар, савдо соҳасида техник тўсиқлардан фойдаланиш, санитария ва фитосанитария чоралари, божхона-баҳолаш бўйича суратли саволлар назорат рўйхати, импортни лицензиялаш жараёни тўғрисидаги саволнома, интеллектуал мулк ҳуқуқининг савдо жиҳати тўғрисидаги маълумот, шунингдек, миллий қонунчиликни ЖСТ битимлари меъёрига мувофиқлаштириш бўйича Режа тақдим этилди.
Тадбир давомида мамлакатимиз томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг батафсил муҳокамаси бўлиб ўтди. Кўтарилган мавзулар юзасидан Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга кириши бўйича Музокаралар гуруҳи томонидан тегишли тушунтириш берилди.
Йиғилиш якунида жорий йилнинг 20 июлидан 31 июлига қадар товар ва хизматларнинг бозорга киришини таъминлаш масаласи бўйича икки томонлама музокара ўтказишга келишиб олинди. Шунингдек, ЖСТга кириш бўйича музокараларнинг кейинги босқичига ўтиш, хусусан, Ўзбекистоннинг ташкилотга кириши бўйича Ишчи гуруҳ Маърузасининг асоси ҳисобланган Фактологик хулосани тайёрлаш тўғрисида келишувга эришилди.
Ўзбекистон томони йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш ташаббусини қўллаб-қувватлаганлиги учун миннатдорлик билдирди ва ушбу йўналишда келгусида ҳам конструктив ҳамкорлик давом этишига умид билдирди.
UzA