Ўзбекистон ташқи ишлар вазири БМТ Бош котибининг ўринбосари билан учрашди
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов “БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорлик” юқори даражадаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган БМТ Бош котиби ўринбосари – БМТнинг Терроризмга қарши курашиш бошқармаси раҳбари Владимир Воронков билан учрашди, деб хабар бермоқда « Дунё » АА мухбири.
Ушбу конференция жорий йилнинг 3-4 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.
Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, мамлакатимиз билан Ташкилотнинг Терроризмга қарши курашиш бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон сўнгги йилларда БМТнинг терроризм ва экстремизмга қарши курашиш масалалари бўйича ихтисослашган тузилмалари билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда ва мамлакатимиз бу борадаги асосий универсал ҳуқуқий ҳужжатларнинг иштирокчиси ҳисобланади.
Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 4 та резолюцияси қабул қилинди. Ўтган йили Ўзбекистон илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашга аъзо бўлди, унда мамлакатимиз вакили 2022 йилга раис ўринбосари этиб тайинланди.
Томонлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг БМТга аъзо бўлганининг 30 йиллиги (1992 йил 2 март) муносабати билан ўзаро табриклар алмашдилар.
« Дунё » АА