Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Европа парламенти Делегацияси раҳбари билан икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун Европа парламентининг Марказий Осиё ва Мўғулистон билан алоқалар бўйича делегацияси раиси, Италиядан сайланган Европарламент депутати Фульвио Мартушелло билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, суҳбат чоғида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида сиёсий мулоқотнинг фаоллашгани қайд этилди, сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда томонларни қизиқтирган долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим лойиҳаси бўйича музокаралар жараёнини ижобий баҳолади.
Бўлажак қўшма тадбирлар, хусусан, мос равишда жорий йилнинг апрель ойида Тошкент ва Люксембургда бўлиб ўтадиган Сиёсат ва хавфсизлик бўйича юқори даражадаги “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” мулоқотининг навбатдаги давраси, “Ўзбекистон – ЕИ” ҳамкорлик кенгашининг йиғилиши жадвали ва кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.
Фульвио Мартушелло жорий йил Тошкент шаҳрида ўтказиладиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги юқори даражали халқаро конференцияда иштирок этиши бўйича келишувга эришилди.
Таълим, илмий тадқиқотлар ва туризм соҳаларида ўзаро алоқаларни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Учрашувда айрим халқаро ва минтақавий масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Европа Парламенти Делегацияси раҳбари Фульвио Мартушелло Тошкентда Олий Мажлис палаталари, ташқи ишлар, инвестициялар ва ташқи савдо, энергетика вазирликларида учрашувлар ва музокаралар ўтказиш учун кеча Ўзбекистонга келди.
Европа парламенти депутати, шунингдек, Самарқанд ва Бухоро вилоятларига ташриф буюради, у ерда минтақа раҳбарлари билан музокаралар олиб боради.
«Дунё» АА