Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Руминиянинг янги тайинланган элчисидан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб олди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Руминия элчиси этиб тайинланган Даниел Кристиан Чобануни қабул қилди, деб хабар бермоқда « Дунё » АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилар экан, вазир элчини Ўзбекистонда иш бошлагани билан табриклаб, юксак ва масъулиятли лавозимдаги фаолиятида унга муваффақиятлар тилади.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон - Руминия муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, шунингдек, томонларнинг халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ўзаро савдо ҳажмларини кўпайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Музокараларда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Даниел Кристиан Чобану Ўзбекистонга тайинланганига қадар Руминия ташқи ишлар вазирлигида қўшни шарқ давлатлари билан сиёсат офиси раҳбари лавозимида ишлаган, ундан аввал мамлакатнинг Озарбайжондаги элчиси бўлган.

У 2012-2020 йилларда Руминиянинг мамлакатимиздаги дипломатик миссиясига раҳбарлик қилган элчи Ромео Станча ўрнини эгаллади.

/« Дунё » АА/.