Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Тожикистоннинг янги тайинланган элчисини қабул қилди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун Тожикистоннинг янги тайинланган элчиси Абдужаббор Азиз Раҳмонзодани қабул қилди, деб хабар бермоқда « Дунё » АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, вазир ишонч ёрлиқлари нусхасини қабул қилиб олиб, элчини Ўзбекистонда фаолият бошлагани билан табриклади ҳамда ушбу юқори ва масъулиятли лавозимда мувафаққиятлар тилади.

Учрашув чоғида икки биродар мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси сабабли бугун кунда дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликка асосланган Ўзбекистон-Тожикистон муносабатлари жадал ривожланаётгани, янги йўналишларни қамраб олиб, амалий мазмун билан бойиётгани қайд этилди.

Томонлар олий ва юқори даражада бўлиб ўтадиган тадбирлар жадвалини кўриб чиқди ҳамда минтақавий ва халқаро масалалар бўйича фикр алмашди.

Бундан аввал Тожикистон Президентининг ёрдамчиси лавозимида фаолият кўрсатган Абдужаббор Раҳмонзода 2017-2021 йилларда ушбу давлатнинг мамлакатимиздаги дипломатик ваколатхонасига раҳбарлик қилган Содиқ Имомийнинг ўрнини эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев икки томонлама муносабатларнинг бугунги юксак даражасига эришишдаги катта хизматлари ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссаси учун элчи Содиқ Имомийни Ўзбекистоннинг Фахрий ёрлиғи билан тақдирлади.

« Дунё » АА