Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари ва ИҲОКБнинг минтақавий бўлинмаси раҳбари ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадраҳимов бугун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг (ИҲОКБ) Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси раҳбари Матильда Богнер билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ИҲОКБ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
ИҲОКБ вакилларига сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглигини таъминлаш, ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам бериш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди. Марказий Осиё мамлакатлари тарихида биринчи марта Ўзбекистон вакилининг 2025-2028 йиллар учун БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзолигига сайлангани амалга оширилаётган ислоҳотлар кенг эътироф этилганидан далолат экани таъкидланди.
Томонлар, шунингдек, аввал эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни ҳамда БМТ ва унинг институтлари билан қўшма дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама қилдилар.