Ўзбекистон ТИВ раҳбари “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” вазирлар учрашувида иштирок этди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун видеоконференция шаклида бўлиб ўтган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” 16-вазирлар учрашувида иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълум қилишича, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ҳамда Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили турли соҳалардаги минтақалараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув чоғида Абдулазиз Комилов коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатиш ва Марказий Осиё мамлакатлари ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг барқарорлигини мустаҳкамлаш бўйича мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга оширишнинг зарурлигига эътибор қаратди.
Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши ҳамда Ўзбекистоннинг “ПБТ+” тизими бенефициар мамлакат мақомини олиши Европа Иттифоқи билан ўзаро алоқаларнинг жадаллашуви учун янги туртки беради.
2019 йилда қабул қилинган Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегиясида кўзда тутилган ташаббусларни рўёбга чиқаришнинг бориши таҳлил қилиниб, мазкур йўналишдаги биргаликдаги ишларни фаоллаштиришнинг механизмлари кўриб чиқилди.
ЕИнинг 2021-2027-йиллардаги янги буджет даври доирасида ҳамкорликнинг устувор йўналишларини кенгайтиришнинг долзарблиги эътироф этилиб, бу жараён минтақа давлатлари ҳаётининг қишлоқ жойларини ривожлантириш, таълим сифатини яхшилаш, самарали давлат бошқаруви ва тиббиёт каби жабҳаларини қамраб олиши кераклиги айтилди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари минтақанинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит коридорларига чуқур интеграциясини таъминлаш масаласи Марказий Осиё давлатларининг стратегик вазифаси эканлигини қайд этди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида мазкур ташкилот шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш ташаббуси илгари сурилди. Унинг амалга оширислиши минтақада диверсификациялашган транспорт-транзит йўлларини шакллантириш имконини беради.
Товарлар ва хизматлар бозорига чиқиш имкониятларини ҳамда иқтисодиётни рақамлаштириш борасидаги муносабатларни яхшилаш орқали савдо-иқтисодий соҳадаги минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Афғонистонда мустаҳкам тинчликнинг ўрнатилиши бутун минтақа барқарорлиги ва фаровонлиги кафолати бўиб хизмат қилиши таъкидланди. Йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш орқали мазкур мамлакатнинг минтақавий иқтисодий жараёнларга жалб қилиниши афғон муаммосининг тез фурсатларда бартараф этилиши учун зарур шароитни яратади
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири маданий-гуманитар, туризм, фан, таълим ва инноватсия соҳаларидаги кўп томонлама алоқаларни ривожлантириш истиқболларига ҳам батафсил тўхталди.
Вазирлар учрашуви якунларига кўра Қўшма коммюнике қабул қилинди.
/“Дунё” АА/.