Ўзбекистон ва Германия халқаро ҳуқуқий соҳада ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилмоқда
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев бошчилигидаги делегация Германияда бўлиб турибди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
IRZ жамғармаси кўмагида ташкил этилган ташриф давомида ўзаро ҳамкорлик масалалари ва Германиянинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги илғор тажрибасини мамлакатимизда татбиқ этиш имкониятлари муҳокама қилинмоқда.
Кеча Ўзбекистон делегацияси Германия Федерал Адлия вазирлигида учрашув ўтказди. Тадбирда Ўзбекистон ва Германия муҳим ҳамкорлар экани таъкидланиб, шу жумладан, ўзароалоқалар мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга кўмаклашиш масалаларини ҳам қамраб олгани урғуланди. Айни пайтда IRZ жамғармаси бу борада ўзбек ва немис ҳамкорлари ўртасида боғловчи бўғин сифатида муҳим вазифани ўтаб келаётгани қайд этилди.
Музокаралар чоғида жиноят қонунчилиги ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича ўзаро тажриба алмашилди. Учрашувда Германия Адлия вазирлигининг Жиноий ишлар ва терроризмга қарши кураш бўйича ҳамкорлик департаменти бошлиғи Дирк Миров ва Халқаро жиноий ҳамкорлик бўлими бошлиғи Георг Шефер тақдимотлар ўтказди.
Ўзбекистон вакиллари Германия Федерал Ички ишлар вазирлигида ҳам бўлди. Унда Германияда давлат бошқаруви соҳасида коррупцияга қарши курашиш борасида мавжуд қонунчилик базаси ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистон делегациясининг ташрифи муносабати билан мамлакатимиз элчихонасида жиноят ишлари бўйича халқаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мавзусига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирда Берлин Бош прокуратурасининг катта прокурори Гунтрам Хане Германияда жиноий масалалар юзасидан халқаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича мавжуд тизим, шунингдек, ушбу масалада мамлакат федерал ва ерлар органларининг ваколатлари ҳақида батафсил маълумот берди. Тадбирда ўзбекистонлик мутахассислар ўзларини қизиқтирган саволларга немис ҳамкорлардан батафсил жавоб олди.
— Бугун Ўзбекистонлик ҳамкасбларим билан халқаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг долзарб масалалари борасида фикр алмашиш имкониятига эга бўлганимдан жуда хурсандман,- деди Гунтрам Хане. - Ўзбекистон ва Германия давлат бошқарув тизимлари фарқ қилсада, ўзаро мушоҳадалар давомида биз иш жараёнларининг кўплаб ўхшашликлари мавжудлигига амин бўлдик. Биз бир – биримиздан кўплаб нарсаларни ўрганишимиз ва муҳим йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришимиз мумкин.
Ўзбекистон вакиллари, шунингдек, Германия Судьялар уюшмаси ва IRZ жамғармаси томонидан ташкил этилган тадбирда қатнашди. Анжуманда делегация аъзолари немис мутахассислари билан фикр алмашиш, уларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар билан таништириш имкониятига эга бўлди.
Ўзбекистон Бош прокуратураси делегациясининг ташрифи 24 июнга қадар давом этади.
«Дунё» АА