Ўзбекистон ва Туркия Президентлари Марказий Осиё минтақасидаги вазият, хусусан, Қозоғистонда вужудга келаётган ҳолат юзасидан фикр алмашдилар
Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда « Дунё » АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, суҳбат давомида икки мамлакат Президентлари Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини, ҳамкорликни янада фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, Марказий Осиё минтақасидаги вазият, хусусан, Қозоғистонда вужудга келаётган ҳолат юзасидан фикр алмашдилар.
Президентлар Қозоғистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган барча чораларни кўриш зарурлиги тўғрисида умумий фикр билдирдилар.
Шу билан бирга, давлат раҳбарлари вужудга келган ҳолатни тинч йўл билан ҳал қилишга чақириб, зўравонлик ва вазият кескинлашувига йўл қўймаслик муҳимлигини таъкидлаб ўтдилар.
« Дунё » АА