Ўзбекистон ва Туркманистон ҳукумат раҳбарларининг ўринбосарлари ўзаро савдо ва саноат кооперациясини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев кеча мамлакатимизга келган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Ботир Атдаев билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, учрашув давомида Туркманистон Президентининг жорий йил июль ойида Ўзбекистонга давлат ташрифидан сўнг янги динамикага эга бўлган икки мамлакат ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг жадал ривожланиши таъкидланди.
2021 йилда товар айланмаси 67 фоизга ўсиб, 902 миллион долларга етгани қайд этилди. Жорий йилда бу кўрсаткич яна 9 фоизга ошиб, 486 миллион долларни ташкил этди. Ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида 2022-2025 йилларга мўлжалланган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастурини амалга оширишни назарда тутган ҳолда саноат кооперациясини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар, шунингдек, жорий йил охиригача савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон қўшма комиссиясининг навбатдаги 17-йиғилишини ўтказиш имкониятини кўриб чиқдилар.
Кўзланган аниқ истиқболлар кесимида томонлар делегацияларнинг кенгайтирилган таркибда ҳамкорликни батафсил муҳокама қилдилар. Ушбу мулоқотга икки мамлакатнинг асосий вазирлик ва идоралари, тармоқ бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари таклиф қилинди.
Томонлар ўзаро савдо ҳажмини яқин келажакда 2 миллиард долларга етказиш учун зарур чора-тадбирлар мажмуини қабул қилишга ўзаро тайёр эканликларини билдирди.
Икки мамлакат ўртасидаги инвестициялар соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари кўриб чиқилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Туркманистон капитали асосида ташкил топган 173 та корхона фаолият кўрсатмоқда, шундан 69 таси қўшма ва 104 таси юз фоиз хорижий капиталга эга корхонадир. Икки мамлакат ҳудудида тайёр тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги қўшма лойиҳалар сонини сезиларли даражада ошириш бўйича келишувга эришилди. Бундан ташқари, енгил автомобиллар ва қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаришни ташкил этишга, шунингдек, Туркманистонда маиший техника ишлаб чиқаришни биргаликда йўлга қўйишга ўзаро қизиқиш билдирилди.
Транспорт ва логистика алоқаларини кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди, бунда иккала давлат ҳудудида юк транзитини рағбатлантириш чоралари, шунингдек, денгиз портлари имкониятларидан фойдаланган ҳолда халқаро транспорт йўлаклари бўйлаб юк ташишларини ташкил этиш назарда тутилди.
Учрашув якунида икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида муҳокама қилинган барча йўналишлар бўйича муносабатларни давом эттиришга содиқлик билдирилди.
“Дунё” АА