Ўзбекистон ва Ўмон ТИВ раҳбарлари Маскат шаҳрида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар

Маскат шаҳрида ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Ўмон ташқи ишлар вазири Саййид Бадр бин Ҳамад ал-Бусайдий билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

"Ҳамкасбим Ўмон ташқи ишлар вазири Саййид Бадр бин Ҳамад ал-Бусайдий жаноблари билан самимий учрашув ўтказдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram каналида. – Ўзбекистон ва Ўмон бой тарихий ва маданий мерос билан боғланган, фаровон тараққиёт йўлида муштарак қарашларга эга. Ўзбекистон ва Ўмон ташқи ишлар вазирликлари кенгайиб бораётган икки томонлама ҳамкорлигимизни янада бойитиш йўлида устувор йўналишларни, жумладан, савдо ва иқтисодиёт, "яшил" энергетика, ўзаро боғлиқлик, кадрлар салоҳиятини ошириш, халқ дипломатиясини илгари суриш масалалари ҳамда минтақавий ва глобал кун тартибини муҳокама қилдик. Дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан озод қилиш тўғрисидаги шартномани ҳам имзоладик".