Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Ўзбекистон-Жанубий Корея: ўзаро ишонч ва манфаатдорлик – алоҳида стратегик шерикликнинг асосий тамойиллари

2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили 2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O'zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovlari - 2021 O’zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovlari - 2021 Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Ўзбекистон-Жанубий Корея: ўзаро ишонч ва манфаатдорлик – алоҳида стратегик шерикликнинг асосий тамойиллари

Ўзбекистон Президентининг Жанубий Кореяга давлат ташрифи Тошкент ва Сеулда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг муҳим воқеаси сифатида қабул қилинмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея миллий манфаатларига, иқтисодий тараққиётига, жаҳондаги нуфузининг юксалишига хизмат қилаётган алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилган алоқалар, аввало, Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Мун Чжэ Ин ўртасидаги дўстлик ва мустаҳкам ишонч негизида тараққий этмоқда.

Бу, ўз навбатида, икки мамлакат раҳбарлари ўзаро муносабатларни янада юқори босқичга кўтариш учун янги имкониятлардан фойдаланиш, Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик салоҳиятини барча соҳаларда тўла юзага чиқариш борасида мунтазам фикр алмашиб келаётганида ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлиги турли соҳаларга оид 180 дан ортиқ шартнома ва битим негизида изчил тараққий этиб бормоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22-25 ноябрь кунлари Корея Республикасига давлат ташрифи ўзаро муносабатларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарган эди. Мазкур тарихий ташриф кўп қиррали алоқаларни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди. Ташриф доирасида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро 20 дан ортиқ битим, шунингдек, умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд бўлган 64 та ҳужжат имзоланди.

2019 йил апрель ойида эса Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди. Ушбу ташриф натижасида икки мамлакат компания ва ташкилотлари ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, товарлар етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш мақсадида умумий қиймати 12 миллиард доллардан зиёд бўлган битим ва келишувларга эришилди. Энг муҳими, Шавкат Мирзиёев ва Мун Чжэ Ин Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида Алоҳида стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади.

Мамлакатларимиз БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳамда молиявий институтлар доирасида яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Бундан ташқари Ўзбекистон Жанубий Кореянинг глобал хавфсизликни таъминлаш борасида катта аҳамиятга эга бўлган Корея ярим оролидаги ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга йўналтирилган тинчликсевар сиёсатини маъқуллайди.

Ўз навбатида, Сеул ҳам 2018 йил БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган иккита ҳужжат, яъни "Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш" ҳамда “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияларини ҳамда 2021-2023 йиллар давомида Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига номзодини қўллаб-қувватлади.

Жанубий Корея Ўзбекистон ташқи савдосида юқори улушга эга бўлган давлатлардан биридир. Хусусан, 1992 йилда имзоланган савдо битимига мувофиқ мамлакатлар ўртасида энг қулай режим ўрнатилган. Йилдан-йилга ўсиб бораётган савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкам пойдеворга эгалиги билан ажралиб туради.

2020 йил якуни бўйича икки томонлама савдо айланмаси 2 миллиард 140 миллион доллардан ошди. 2021 йилнинг январь-октябрь ойларида бу кўрсаткич қарийб 1,53 миллиард долларни ташкил қилди.

Томонлар инвестицион ҳамкорлик бўйича ҳам улкан ютуқларга эришиб келмоқда. Хусусан, 1992-2021 йиллар мобайнида Жанубий Кореянинг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилган тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 7 миллиард доллардан ошди. Ушбу мамлакат сармоялари иштирокидаги корхоналар сони эса 900 дан ошиб, улардан 550 га яқини юз фоиз хориж капитали иштирокида шакллантирилган. Ушбу корхоналарнинг фаолияти, асосан, енгил саноат, озиқ-овқат, кимё, машинасозлик ва металлга ишлов бериш, уй-жой-коммунал хўжалиги, соғлиқни сақлаш, савдо, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларига ихтисослашган.

Бугунги кунда Ўзбекистон миллий иқтисодиётига Корея миллий нефть корпорацияси (KNOC), Корея газ корпорацияси (KoGas), “Daewoo International”, “Korean Air”, “Shindong Enercom”, “Haintex”, “LG”, “Hanshin Engineering&Construction”, “BOMI E&C”, “Myung Sung Placon” каби йирик компаниялар инвестиция киритган.

Молия-техникавий кўмак соҳасида Жанубий Корея Эксимбанкининг иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) йўналишидаги ҳамкорлик ҳам эътиборга молик. EDCF билан биргаликда 2014-2020 йилларда 727,5 миллион долларлик 9 та лойиҳа, 2021-2023 йилларда 1,1 миллиард долларлик 8 та лойиҳа таълим, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, сув ва иссиқлик таъминоти, йўл қурилиши каби йўналишларда амалга оширилади.

Фармацевтика кластери, Кимёвий технологиялар маркази ва Тиббиёт кластери каби лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш режалаштирилган.

KOICA ёрдамида Ўзбекистонда қиймати 130 миллион долларга тенг бўлган 32 та лойиҳа амалга оширилди ва Жанубий Кореяда ўзбек мутахассислари учун 2 мингдан ортиқ амалиёт курслари ташкил этилди. 70 дан ортиқ эксперт ва KOICAнинг 500 дан ортиқ кўнгиллилари Ўзбекистонда таълим, ахборот-коммуникация технологиялари, спорт, соғлиқни сақлаш каби йўналишларда ўз фаолиятини амалга оширди.

KOICA билан техник ҳамкорлик доирасида 2021 йилда Ўзбекистонда малака ошириш, бизнес-инкубаторлар яратиш, тиббиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш йўналишларида умумий қиймати 36,9 миллион долларлик 5 та янги грант лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда ҳамкорликнинг янги йўналиши сифатида Ўзбекистон Рсепубликаси ва Жанубий Корея ўртасидаги ташқи савдо айланмасининг номутаносиблигини тенглаштириш ҳамда экспорт-импорт операциялари номенклатурасини диверсификация қилиш мақсадида икки давлат ўртасида Эркин савдо тўғрисида битим имзоланиши бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Жанубий Корея Ўзбекистон Республикасини Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишида кўмаклашмоқда.

Икки мамлакат муносабатларида парламентлараро алоқалар ҳам муҳим ўрин тутади. Ўтган давр мобайнида парламентларимиз тажрибасини ўзаро ўрганиш, биргаликда халқаро конференциялар ўтказиш, мунтазам равишда делегациялар алмашинувини йўлга қўйиш борасида амалий ишлар қилинди.

Хусусан, 2017 йил сентябрь ойида Корея Республикаси Миллий Ассамблеясининг ўша вақтдаги Спикери Чон Сэ Гюн бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлган эди. 2018 йилда Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги Олий Мажлис қуйи палатаси делегацияси, 2019 йил Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева расмий ташриф билан Корея Республикасида бўлди.

Жорий йил апрель ойида Корея Миллий Ассамблеяси Спикери Пак Бён Сок бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи ва икки томонлама муносабатлар ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан қатор учрашувлар ўтказилгани парламентлараро алоқаларни янги босқичга кўтарди. Биринчи марта Жанубий Корея парламенти делегацияси тўлиқ таркибда Ўзбекистон раҳбари томонидан қабул қилинди.

Июнь ойида “Жанубий Корея – Ўзбекистон” парламент дўстлик ассоциациясининг янги таркиби билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи янги таркиби ўртасида биринчи мулоқот ўтказилди.

Корея Республикаси билан меҳнат миграцияси соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳам йўлга қўйилган. 2007 йилдан буён давлатларимиз ўртасида меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Бандликка рухсат бериш тизими бўйича 34,7 мингдан ортиқ юртдошимиз Жанубий Кореяга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборилди. 2018 йил сентябрь ойида Кванжу шаҳрида Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхонаси ташкил этилди.

Ҳозирги кунда Жанубий Кореяда Бандликка рухсат бериш тизими бўйича 9,8 минг яқин ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда. Ҳар йили Корея ҳукумати Ўзбекистонга 3-3,2 минг киши учун квота ажратади.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик йўналишида ҳам қатор ютуқларга эришилмоқда. Хусусан, таълим соҳасида Тошкентда 1992 йилдан бошлаб Корея таълим маркази фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўзбекистоннинг 7 та олий таълим муассасида, 48 та мактаб ва лицейида корейс тили ўргатилади.

Маҳаллий олий билим юртлари Жанубий Кореянинг 50 дан ортиқ ортиқ университети, илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Корея Республикасининг 5 та олий таълим муассасасининг филиаллари очилган. Хусусан, Тошкент шаҳрида Инха, Аджу, Пучон университетлари ва Ёджу техника институти, Фарғона шаҳрида Корея халқаро университети муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Ушбу олий таълим муассасаларида юртимизда талаб катта бўлган мутахассисликлар бўйича халқаро таълим стандартларига мос бўлган Корея Республикасининг ўқув дастурлари асосида кадрлар тайёрланмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик доирасида ҳозирга қадар республикамизнинг 400 дан ортиқ тиббиёт мутахассиси Жанубий Кореянинг етакчи клиника ва марказларида малака ошириб қайтди. 2019 йил апрель ойида соғлиқни сақлаш соҳасида Ўзбекистон-Жанубий Корея ҳамкорлик маркази ташкил этилди.

Ўтган йили EDCF жамғармаси кўмагида Тошкентда қиймати 130 миллион долларлик энг замонавий Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда қиймати 300 миллион долларлик Катталар кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда Онкологик клиника қурилиши бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Икки давлат ўртасида маданият соҳасида алоқалар ҳам изчиллик билан давом этмоқда. 2014 йилда Тошкентдаги “Дўстлик” боғи ҳудудининг бир қисмида Сеул боғи ташкил этилди. 2018 йил октябрь ойида Сеулда Ўзбекистон маданияти ҳафталиги ташкил этилди.

2019 йил апрель ойида Тошкентда Корея маданияти ва санъати уйи ўз фаолиятини бошлади. Тошкент кўчаларидан бири Сеул деб номланди.

Ўзбекистон раҳбарияти томонидан миллий маданий мерос объектларини сақлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётганини ҳам қайд этиш жоиз. Ушбу йўналишдаги фаолиятда замонавий информацион технологияларни тадбиқ қилиш катта истиқболга эга эканини ҳисобга олиб, Жанубий Кореянинг “EGIS” компанияси билан ҳамкорликда Бухоро шаҳридаги тарихий обидалардан бирининг рақамли нусхасини яратиш бўйича пилот лойиҳа амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – тарихий ёдгорликларни сақлаш ва бошқариш ишларини замон талаблари асосида ташкил қилиш, шунингдек, маҳаллий ва хорижий туристлар учун мажмуа бўйлаб виртуал саёҳат қилиш имкониятини яратишдан иборат.

Агар ушбу лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса, истиқболда бошқа шаҳарларда ҳам 3D технологиялари ва географик маълумотлар ёрдамида маданий мерос объектларини рақамлаштириш давом эттирилади.

Ўзбекистонда «Шарқ тароналари», бахшичилик санъати, ҳунармандчилик ва фольклор санъати фестиваллари ҳамда мақом санъати анжумани каби қатор йирик халқаро тадбирлар мунтазам тарзда ўтказилади ва уларда Жанубий Корея вакиллари фаол иштирок этади.

Туризм соҳасида 2018 йил 10 февралдан буён Ўзбекистонда Корея Республикаси фуқаролари учун 30 кунга қадар визасиз режим жорий этилди. 2019 йилда Жанубий Кореялик машҳур актриса Ли Ён Е Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги сайёҳлик элчиси этиб тайинланди.

Хулоса қилиб айтганда, дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён Корея Республикаси барча йўналишларда, хусусан иқтисодий-ижтимоий ўзгаришларда, халқаро масалалаларда Ўзбекистоннинг синалган ва ишончли ҳамкорига айланди. Ўз навбатида, Ўзбекистон билан сиёсий, иқтисодий жабҳаларда кенг алоқаларни йўлга қўйиш Жанубий Корея манфаатларига ҳам тўла мос келади.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларда муҳим босқич бўлади ва икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштириш ҳамда кенгайтиришга катта туртки беради.

“Дунё” AA