Ўзбекистонда «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» халқаро маданий форуми ва Маданий мерос ҳафталиги ўтказилади
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Жорий йил 14-15 сентябрь кунлари ЮНEСКО билан ҳамкорликда Хива шаҳрида «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» халқаро маданий форуми ва 13-21 сентябрь кунлари Тошкент, Хива ва Нукус шаҳарларида анъанавий Маданий мерос ҳафталиги ташкил этилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Хива шаҳрида «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» халқаро маданий форуми ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган эди.
Форум доирасида ТУРКСОЙ давлатлари маданият вазирлари доимий кенгаши йиғилиши, «Хива - туркий дунёнинг маданий пойтахти» тадбирлари ҳисоботи, 2022 йилги туркий дунёнинг маданий пойтахти тақдимоти, шунингдек, 2021-2024 йиллар учун ТУРКСОЙ Бош котиби сайлови ва бошқа тадбирларни ўтказиш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари анжуман чоғида «Археология ва туризм: салоҳиятни аниқлаш ва меросни бошқариш» халқаро конференцияси ташкил этилади. Илмий конференция ЮНEСКО шафелигида ўтказилади. Иштирокчилар томонидан археологик меросни бошқариш ва геомаданий брендинг, фундаментал ва амалий фандаги археологик мерос, бошқа долзарб масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган.
13-21 сентябрь кунлари эса Тошкент, Хива ва Нукус шаҳарларида анъанавий Маданий мерос ҳафталиги ўтказилади. Ҳафталик дастуридан қатор ёрқин маданий тадбирлар ўрин олган. Хусусан, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг «Ўзбекистон маданий мероси - Янги Ренессанс пойдевори» V конгресси бўлиб ўтади.
Ўзбекистон ҳукуматининг қўллаб-қувватлаши остида ўтказилаётган тадбирлар республика маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилган, ЮНEСКО, Туризм ва спорт, Маданият вазирликлари ҳамда «Eriell Group» нефть-сервис компанияси кўмаги билан ўтказилмоқда.
Конгрессда дунёнинг 50 га яқин мамлакатидан ташриф буюрадиган 350 дан таниқли шарқшунослар, қуръоншунослар, экспертлар, олимлар, қўлёзмалар ва миниатюралар бўйича тадқиқотчилар ва бошқа кўплаб мутахассислар иштирок этиши кутилмоқда.
Маданий мерос ҳафталиги доирасида, шунингдек, мамлакатимиз санъатининг ноёб дурдоналари билан таништириш мақсадида ўндан ортиқ кўргазма ўтказилади.
Бундан ташқари, Маданий мерос ҳафталиги доирасида ўзбек санъатининг жаҳон ва маҳаллий тўпламларда сақланаётган дурдоналарига бағишланган «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпларида» туркумидаги 50 та ноёб китоб-альбом тақдимоти ташкил этилади.
«Дунё» АА.