Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини яхшилаш бўйича янги таклифлар Саудия Арабистони ОАВ нигоҳида
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Саудия Арабистонининг оммабоп "An Nahar News" газетаси сайтида "Ўзбекистон Президенти туризм инфратузилмасини яхшилаш бўйича таклифларни кўриб чиқди" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Материалда Президент Шавкат Мирзиёев 16 июль куни ҳудудларда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини кўпайтириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишгани маълум қилинган.
Хабар қилинганидек, бу ҳақда шу йил 3 июнь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши ҳамда тадбиркорлар билан мулоқотда топшириқ берилган эди. Ушбу топшириқлар ва билдирилган таклифлар асосида соҳа ривожига қаратилган қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
"Хорижий туристларни мамлакатга жалб қилиш учун туризм ташкилотларини айланма маблағ билан таъминлаш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 50 миллион доллар қийматида алоҳида кредит линияси очилмоқда. Бу кредитлар миллий валютада йиллик 17 фоиз ставкада, 2 йиллик имтиёзли давр билан 10 йилга ажратилади", – дейилади мақолада.
Таъкидланганидек, салоҳияти юқори бўлган жойларда мастер-режалар асосида туризм масканлари барпо этилади. Бундай ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш учун жорий йилда республика бюджетидан 100 миллиард сўм йўналтирилади. Шунингдек, уларнинг ҳар бирига 50 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб қилинади.
"Туризм соҳасидаги тадбиркорлар учун қатор енгилликлар ҳам назарда тутилмоқда. Улар орасида автобус ва микроавтобусларни божхона божидан озод этиш, туроператор ва ҳунармандларнинг халқаро ярмаркалардаги харажатининг 50 фоизини қоплаб бериш, хорижий меҳмонлар иштирокида бизнес тадбирлар ташкил қилган тадбиркорларнинг фойда солиғи 50 фоизга камайтириш каби чоралар бор", – дея қайд этган Саудия нашри.
Давлат раҳбари Ўзбекистоннинг миллий туризм брендини яратиш зарурлигини таъкидлаган эди. Шунга мувофиқ, мақсадли бозорлар талабларидан келиб чиқиб, юртимиздаги туризм турлари тўғрисида контентлар яратилади. Улар халқаро медиа ва ижтимоий платформалар, жаҳон спорт ва санъат тадбирларида тарғиб қилинади. Бунга аудиторияси катта бўлган хорижий журналист, блогер ва инфлюэнсерлар ҳам жалб қилинади.
Сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида барча авиа, темир йўл ва автобус қатновлари ҳақида маълумот ва чипта олиш имконини берадиган ягона онлайн платформа ишга туширилади. Авиа, темир йўл ва автобус чипталарини камида олти ой олдин савдога чиқариш тизими жорий қилинади. Умумхалқ байрамлари кунларида қўшимча авиақатновлар йўлга қўйилади. Булар ҳақда мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритиб борилади.
"Ўзбекистон раҳбари белгилаган чора-тадбирлар бўйича ҳужжат ишлаб чиқиб, ижросини самарали ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берди", – деб ёзган "An Nahar News" газетаси.