Ўзбекистоннинг АҚШ ва Хитойдаги дипломатик миссиялари раҳбарлари Олий Мажлис Сенатига ҳисобот топширди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Кеча Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида Ўзбекистон Республикасининг АҚШ ва Хитойдаги дипломатик миссиялари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Парламент юқори палатаси маълум қилишича, эшитувлар мазкур мамлакатлар билан ҳамкорликка доир “йўл хариталари” бандларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан парламент назоратини кучайтириш мақсадида ташкил этилгани қайд этилди.
Ўзбекистоннинг АҚШ ва Хитойдаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари томонидан «йўл хариталари»ни амалга ошириш бўйича бажарилган ишлар, шу жумладан, экспортни кенгайтиришга, республика ҳудудларига инвестицияларни жалб қилишга ва сайёҳлик оқимини кўпайтиришга қаратилган аниқ лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида ҳисоботлар тақдим этилди.
Хусусан, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси кўмагида 2020 йилда расмий делегацияларнинг 12 та ўзаро ташрифи, 40 та турли тадбир ташкил этилгани ва 100 дан ортиқ музокаралар ўтказилгани таъкидланди. 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдорда моддий-техник кўмак маблағлари жалб қилинди.
Мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси томонидан икки томонлама сиёсий, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган олий ва юқори даражадаги 33 та тадбир ташкил этилди. 2020 йил натижалари кўрсатганидек, элчихона кўмагида Хитойнинг 728,6 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестициялари жалб қилинди.
Очиқ ва мазмунли муҳокама доирасида келишувларни амалга ошириш натижалари ва дипломатик миссияларнинг устувор вазифалари кўриб чиқилди, уларнинг фаолиятига танқидий баҳо берилди. Шунингдек, республиканинг иқтисодий манфаатларини илгари суришдаги тизимли муаммолар кўрсатилди. Мамлакатимиз ҳудудларида айрим инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга эътибор қаратилди.
Мажлисда элчихоналарнинг сиёсий, савдо-иқтисодий соҳалардаги бир қатор йўналишлардаги самарали фаолияти қайд этилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон минтақаларида амалга оширилган қатор инвестиция лойиҳалари бўйича амалий натижалар йўқлиги, тузилган савдо шартномалари кечиктириб бажарилиши таъкидланди.
Дипломатик ваколатхоналар раҳбарларига батафсил тавсиялар ва ўз фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди. Мажлис якунлари бўйича Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.
«Дунё» АА