Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари Хоразм вилоятига инвестициялар ва сайёҳларни жалб этиш имкониятларини ўрганди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев, Афғонистондаги элчиси Ойбек Усманов, Озарбайжондаги элчиси Баҳром Ашрафхонов, Мисрдаги элчиси Мансурбек Қиличев ва Украинадаги элчиси Алишер Курманов кеча хизмат сафари билан Хоразм вилоятида бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Ташриф Хоразм вилояти туманларининг савдо ва саноат имкониятлари, экспорт ва инвестицион салоҳиятидан унумли фойдаланган ҳолда Покистон, Афғонистон, Миср, Озарбайжон ва Украина билан иқтисодий дипломатия йўналишидаги муносабатларни янги поғонага олиб чиқиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганиш мақсадида уюштирилди.
Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов билан учрашувда хорижий мамлакатларнинг савдо-иқтисодий салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Хоразмда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини ҳамкор давлатларнинг истиқболли бозорларига экспортини ошириш, вилоят мутасаддилари ва тадбиркорларидан иборат делегацияларнинг ташрифларини ташкил этишга эътибор қаратилди.
Ҳудуднинг иқтисодий имкониятлари ва инвестициявий жозибадорлиги хусусида тақдимотлар ва хорижлик ишбилармон доиралар билан мақсадли натижага йўналтирилган музокаралар ташкил этиш, маданий ҳамкорликни чуқурлаштириш, жумладан, май ойида Қоҳирада ўтказилиши режалаштирилган "Сайфиддин Қутуз сўнги зарба" китобининг тақдимотида вилоят делегациясининг иштирок этиши масалаларида келишувларга эришилди.
Бундан ташқари, вилоят ҳокими билан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бизнес юритишни енгиллаштиришга қаратилган илғор ечимларни ҳудудга жорий этиш борасида ҳам фикр алмашилди.
Шундан сўнг, элчиларнинг вилоятда иқтисодиётнинг турли секторларида фаолият кўрсатувчи тадбиркор билан очиқ мулоқоти ташкил этилди. Унда экспорт, инвестиция, қўшма лойиҳалар ва ташқи бозорларга чиқиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди. Тадбиркорларнинг таклифлари ўрганилди.
Шунингдек, корхоналар фаолиятига хорижий инвесторлар ва илғор технологияларни жалб қилиш, янги экспорт бозорларини топиш, хорижда вилоятдаги иссиқхона лойиҳалари тақдимотларини ўтказиш, чет эллик ёшларни вилоятдаги хусусий олий таълим муассасаларига жалб этиш, тўқимачилик йўналишида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон дипломатик миссиялари раҳбарлари, шунингдек, "SAG" МЧЖнинг "Хива гилам комбинати", "Geotex Productions", "Rebar Uzbekistan", "Khorezm Insulation Group" ва "Thermo Plus" заводлари фаолияти билан танишдилар. Компаниялар мутасаддилари билан кечган учрашувларда уларнинг маҳсулотларини хорижий бозорларда илгари суриш, истиқболли қўшма лойиҳалар учун ҳамкорлар топишга кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди.
Элчиларнинг навбатдаги манзили "Арда Хива" туристик мажмуаси бўлди. Мажмуада сайёҳлар учун яратилган шароитлар ва инфратузилма объектлари билан танишилди. Вилоятга, жумладан, ушбу мажмуага хорижий сайёҳлар оқимини ошириш, янги лойиҳаларга чет эллик инвесторларни жалб этиш бўйича мувофиқлаштирилган вазифалар келишиб олинди.