Ўзбекистоннинг Жаҳон банки билан кенг кўламли стратегик ҳамкорлиги Қирғизистон ОАВ нигоҳида

"Кабар" Қирғизистон Миллий ахборот агентлиги "Жаҳон банкининг Ўзбекистонда амалга оширган лойиҳалари ҳажми 12 миллиард доллардан ошади" сарлавҳали мақолани тарқатди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 10 апрель куни Жаҳон банки гуруҳининг операциялар бўйича бошқарувчи директори Анна Бьерде бошчилигидаги делегацияни қабул қилгани маълум қилинган.

Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг Жаҳон банки билан кенг кўламли стратегик ҳамкорлигини янада ривожлантириш, энг аввало, ушбу глобал молиявий институт томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар стратегиясини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.

"Бугунги кунда Ўзбекистон банкнинг энг йирик ҳамкорларидан биридир. Лойиҳалар портфели 12 миллиард доллардан ошди. Жаҳон банки иқтисодиётнинг устувор тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг барқарор ривожини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишда молиявий, консультатив ва техник кўмак кўрсатмоқда", – дейилган нашрда.

Учрашувда камбағалликка қарши курашиш, энг аввало, туризм соҳасида хотин-қизлар ва ёшлар учун иш ўринлари яратиш, хусусий секторни ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш дастурларини қўллаб-қувватлаш, давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш каби йўналишлар келгуси амалий шерикликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.

"Углерод чиқиндиларини қисқартириш, урбанизация ва инфратузилмани модернизация қилиш, энергия самарадорлигини ошириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлишига кўмаклашиш борасидаги ҳамкорлик режаларига алоҳида эътибор қаратилди", – деб ёзган "Кабар" ҚМИИ.