Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

ВАТАН УЧУН ЖОНИН ТИККАНЛАР

SHAVKAT MIRZIYOYEV Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O’zbekistonning Investitsion Salohiyat Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
ВАТАН УЧУН ЖОНИН ТИККАНЛАР

Жасорат унутилмайди

“Ватан учун жон фидо!”

Йўқ, бу, шунчаки, расми мулозамат учун танланган баландпарвоз гап эмас. Бу – Иккинчи жаҳон уруши йилларининг “кўз илғамас жанггоҳлари”да жасорат кўрсатган жасур ўзбек разведкачиларидан бири- Шариф Ширинбоевнинг энг севимли ибораси, энг қалтис вазиятларда тақдирини ҳал қилган калом, ҳаётида бир умр қатъий амал қилиб яшаган дастур.

Урушда эришилган оламшумул ғалабага Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг ўз Ватани, халқи ва бурчига садоқатли минглаб ходимлари ҳам беқиёс ҳисса қўшган. Улар Қуролли Кучларнинг аскар ва зобитлари билан бир қаторда босқинчиларга қарши жанггоҳларда, душман орасида ва фронт ортидаги беаёв курашларда юксак жасорат намуналарини кўрсатган, кўплаб юксак жанговар ва давлат мукофотларига сазовор бўлган.

Шариф Ширинбоев - улардан бири. 1908 йили Самарқанд шаҳрида хизматчи оиласида туғилган. Аввал бу қадим шаҳардаги ўрта мактабда, кейин Фарғона давлат педагогика институтининг тарих факультетида таҳсил олган. Бир муддат шаҳардаги Боғишамол туман судида ишлаган. Йигирма тўрт ёшида давлат хавфсизлик тизимида фаолиятини бошлаб, махсус курсларда билим ва кўникмасини оширган.

Отаси Абдуқаюм Ширинбоев Самарқанд уезди раҳбарининг таржимони бўлиб ишлаган, ўз даврининг маърифатли одамларидан бўлган. Бу ўғлининг ҳаётида муҳим ўрин тутгани табиий.

Ажойиб суҳбатдош Шариф Ширинбоев ҳақида менга Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг истеъфодаги полковниги, махсус хизмат фахрийси Худойберди СОҲИБОВ гапириб берди.

Дарвоқе, аввал танишайлик: полковник Худойберди Соҳибовнинг ўзи ким? Қандай одам?

“Ким?” Суҳбатдошим бир зум хаёлга толади-да, дадил жавоб беради: “Худонинг оддий бир бандаси. Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида туғилиб ўсган. Мусиқа мактабида ўқиган. “Мендан Бетховен чиқмас экан” деб, чолғу илмидан воз кечиб, Мухтор Ашрафийдай атоқли бастакорнинг танбеҳларини эшитган. ТошДУнинг (ҳозирги Миллий университет) шарқшунослик факультетида хорижий тилларни ўрганган. Нуротадаги қишлоқ мактабида болаларга инглиз тилидан сабоқ берган. Сўнг хавфсизлик хизматига ишга таклиф этилган. Контрразведка, разведка каби соҳалар унга ҳам бегона эмас”.

Махсус топшириқлар билан хорижга ҳам юборилгандир, албатта?

“Ҳа, унақаси ҳам бўлган. Шукрки, ҳаммасидан ёруғ юз билан қайтган”.

Умрини махфий хизмат ишига бағишлаган бу моҳир мутахассисни “Домла” деб атагим келди. Мабодо, илк учрашувимиздан аввал, кўча-кўй, тўй-маъракада бақамти келиб қолганимда ҳам, Худойберди акага ҳеч иккиланмай шундай мурожаат қилган бўлар эдим: “Домла!”

У, ростан ҳам, муаллимга, аниқроғи, бошланғич синф ўқитувчисига ўхшайди. Жуда одми, лекин дид билан кийинган, сийраксий бошлаган кумуш сочлари силлиқ таралган, камтарин, камсуқум. Фарқи - унинг ёшига етиб, саксонни қоралаб қолганида, аксарият мардум, атоқли адибимиз айтганидек, “жағига суяниб қолади”. Менинг суҳбатдошим эса, аксинча, гапга ўта ҳасис. “Граммлаб гапиради”. Ҳар бир сўзини минг марта ўйлаб, шошилмасдан, таҳлил тарозисига солиб айтади.Тилига пишиқ, ажойиб суҳбатдош.

У урушдан кейинги, тинчлик-осойишталик йилларида Шариф Ширинбоевнинг суҳбатларини олган. Хотираларидан баҳраманд бўлган. Ҳаёти ва фаолиятини астойдил ўрганган.

“Мен Шариф ака билан ўтган асрнинг 60-йиллари охири, 70-йилларнинг бошида кўп учрашганман, - деб гап бошлади Худойберди ака. –Фозил ва закий одам эди. Бошқа ҳамкасбларим қатори мен ҳам у кишидан кўп маслаҳатлар олганман. Устозимиз. Айрим асарларини, хусусан, “Шарқдан эсган насим” хотира китобини қўлёзмалигида ўқиганман. Афсуски, ўша пайтларда уни чоп этишнинг иложи бўлмаган”.

Олов ичида

Биламизки, фашистлар Германияси Совет Иттифоқига 1941 йилнинг 22 июнида ҳужум қилган ва бу қонли уруш ғоят узоқ - тўрт йил – фашистлар батамом тор-мор этилгунича, 9 майгача, давом этган. Шариф Ширинбоев учун эса суронли йиллар бундан анча олдин – 1937 йилнинг кузагида бошланганини таъкидлаш ўринли.

Ўша йили у афсонага асосланган “Шариф Қаюмий” деган ном, шу номга яраша тўқилган таржимаи ҳолни дилига ва ҳужжатларига тугиб, махфий топшириқ билан Хитойнинг Шинжон вилоятига юборилган. Аввало, яширин фаолиятининг мана шу – биринчи даврига тўхталиб ўтсак.

Бу пайтда Хитой том маънодаги Япон уруши олови ичида қолган, унинг талай қисмини Квантун армияси ишғол қилиб бўлган эди. 1931 йилнинг сентябрида бошланиб, саккиз йил давом этган япон-хитой уруши даврида Чин юртида 20 миллиондан ортиқ одамнинг ёстиғи қуриган. Аслини олганда, Квантун ҳарбийларининг режаси уч-тўрт ой ичида Хитойни “саранжомлаб”, кейин Шимолга қараб силжишдан иборат бўлгани сир эмас.

Бундай вазиятда Совет ҳукумати ҳам қўл қовуштириб туролмаслиги аниқ эди. Хитой халқи билан бирдамлигини изҳор этиб, баёнот беради ва 30-йилларда бу жабрдийда мамлакатга ҳарбий техника, қурол-яроғ ва озиқ-овқатдан катта ёрдам кўрсатади.

Хитой халқининг босқинчиларга қарши олиб борган қақшатқич кураши Японияни ҳолдан тойдирган ва у советлар диёрига ҳужум қилишга ботинолмаган.

Дунёнинг энг қадимий давлатларидан бири бўлмиш Чин юртида ўша йиллари япон, немис фашистлари ва инглиз разведкаси ўз тўрини кенг ёйган эди. Мамлакатда ҳокимият, жумладан, жойлардаги маҳаллий ҳокимият ҳам, турли хорижий давлатлар томонидан қўллаб-қувватланаётган гоҳ у, гоҳ бу сиёсий гуруҳ қўлига ўтар эдики, уларнинг ўзаро аёвсиз қон тўкишлари фуқаролар урушига айланиб кетган, бундай муҳорабалар оқибатида Хитой тубсиз жар ёқасига келиб қолган эди.

“Суҳбатларимиздан бирида Шариф ака, раҳматли, хизмат юзасидан ўтказилган тадбирлар асносида ўзи гувоҳ бўлган қизиқ бир кузатишини ҳикоя қилиб берган эди, - деб гапини давом эттиради полковник Х.Соҳибов. - Айтишича, ўзаро ҳокимият талашаётган исёнчи тўдалар раҳбарларининг бирининг хонасидаги деворда Гитлер, иккинчисиникида Сталин, бошқасиникида Буюк Британия Бош вазири Черчиллнинг сурати осиғлиқ турганини кўриш мумкин экан. Вазият шу даражада мураккаб ва чигал бўлганки, қайси гуруҳ қандай мақсадда курашаётганини на ичидан, на сиртидан аниқ билиш, англаш осон эмасди. Хиёнат ва хоинлик вабо сингари кенг тарқалган, Хитойдек қудратли давлатни ичдан емириб, парчаланиш даражасига олиб келган эди”.

Ажал билан юзма-юз

Бундай поракандаликдан устамонлик билан фойдаланган йирик давлатлар, жумладан, япон ҳарбийлари ва разведкачилари Хитой билан чегарадош мамлакат — Совет Иттифоқига, жумладан, Ўрта Осиё ўлкаларига, қарши қўпорувчилик ишларини авж олдираётган эди. Бунда улар коллективлаштириш, қулоқ қилиш ва сургунга бадарға этилишдан қўрқиб, чет элларга қочишга мажбур бўлган, ҳар томонлама танг аҳволга тушиб қолган муҳожирларни ёллашга ўтган. Мақсад – ўзбек, қозоқ, туркман, қирғиз, уйғур миллатларига мансуб мусофирларни йўлдан оғдириб, қўлига қурол бериш, Ўрта Осиёга ташлаш ҳамда стратегик жиҳатдан ўта муҳим мазкур минтақада ҳам Хитойдаги каби парокандаликни келтириб чиқариш. Янги уруш оловини ёқиб, халқни қирғинбаротга гирифтор қилиш орқали Моварауннаҳрнинг бойликларини талаш.

Шариф Ширинбоевнинг зиммасига ана шундай катта таҳдидларнинг олдини олиш билан боғлиқ ғоят хавфли ва нозик вазифа юкланган эдики, ўзбек ўғлони ўз бурчини юксак шараф билан адо этди.

Қашғарга келганидан сўнг у тегишли одамларнинг ёрдами билан Шинжон вилояти полицияси бошқармаси тезкор агентура бўлими бошлиғининг ёрдамчиси лавозимига ишга жойлашишга муваффақ бўлади. Бунда “Шариф Қаюмий”нинг бир нечта тилни, жумладан, Марказий Осиё халқлари тиллларини пухта билиши муҳим ўрин тутган.

“Таъкидлаш жойизки, - дейди Худойберди ака, - бегона давлатнинг хавфсизлик хизматига, боз устига, унинг “юраги” - агентура бўлимига ишга жойлашиш разведкачи орзу қилиши мумкин бўлган катта омад. Чунки, Хитойнинг ўзида ва ундан хорижда, жумладан, Совет Иттифоқида, иш олиб бораётган юзлаб агентларга, улар амалга ошираётган, режалаштираётган ғоят махфий ҳаракатларга оид маълумотлар айнан Шариф Ширинбоев хизмат қилган ўша бўлимда жамланган ва умумлаштирилган. Айни пайтда, мазкур бўлимнинг вазифасига сиёсий жиноятларни содир этганликда айбланиб, ҳибсга олинган гумондорларни тергов қилиш ҳам кирган. Бу, бир томондан, ғоят улкан имконият бўлса, иккинчи томондан, разведкачимизнинг тепасида ўткир тиғли қилич доим ўйнаб туришини ҳам англатар эди. Зеро, кутилмаганда сири фош бўлиб, муқаррар ўлимга юз тутиши ҳеч гап эмасди.

Орадан бир йил ўтггач, вилоят жамоат хавфсизлиги бош бошқармаси инспектори лавозимига кўтарилган “Шариф Қаюмий” туғилган имкониятдан жуда самарали фойдаланган. Аввало, муҳожирлар ва мувожирлар орасидан ўзига ишончли кўмакдошлар топиб, улар билан мустаҳкам алоқа ўрнатган. Ўрта Осиёдан қочиб, Шинжондаги хориж разведкачиларининг йўриғида иш юритаётган кўплаб каллакесарларнинг кирдикорлари-ю раҳнамоларини аниқлаган”.

Архив маълумотларига қараганда, 1939 йилнинг майида Қашғар полицияси бошқармаси томонидан чет эл разведкаси билан алоқадорликда айбланиб ўттиздан ортиқ офицер, жумладан, Шариф Ширинбоев ҳам қамоққа олинади. Тергов жараёнидаги қийноқларга қармасдан, у чет эл, жумладан, Совет разведкасига алоқаси борлигини бутунлай рад этади. Қайд қилинганидек, афсонага асосланган ўша “Шариф Қаюмий” номи ва шунга яраша тўқилган таржимаи ҳолида туриб олади.

У отишга ҳукм қилинади. Бир кишилик камерада қатл этишларини кутиш азоби бошланади. Уқубат тўрт ойдан кўпроқ чўзилади.

Темир эшикнинг очилиши

1939 йил 17 сентябри тонггида тўсатдан камеранинг темир эшиги очилиб, икки ҳарбий киради ва унинг бошига ёстиқ устида ётган камзулини ташлайди. Ўттиз ёшли разведкачи куни битганини англайди.

Шариф Ширинбоевни қамоқхонадан судраб олиб чиқар эканлар, ундан охирги марта сўрайдилар: “Агар асли ўзинг кимлигингни ва Совет разведкаси билан алоқанг борлигини айтсанг, ҳаётингни сақлаб қоламиз!”

“Бу синов учун берилган савол эканини разведкачимиз ўша пайтда билмаган, албатта, - деб хотирлайди Худойберди Соҳибов. - Дор остида турган йигитнинг жавоби қатъий бўлади: “Мен Шариф Қаюмийман. Бошқа гапдан хабарим йўқ!”

Уни машинага ўтқизадилар ва узоқ юрадилар. “Мени шаҳардан ташқарига чиқариб отишса керак”, деб ўйлаганини бот-бот эслаган эди кейинчалик Шариф ака.

Ўйдим-чуқур йўллардан кетиб борар эканлар, ёнида ўтирган хитойлик офицер унга яна секин ғулдирайди: “Ватан учун жон фидо!”

Бу разведкачимизнинг ишончли ва маҳрам маслакдошлари ўртасида синаш учун айтиладиган, жуда саноқли одамларгина биладиган шартли сўзлар – пароль эди.

“Кимдир сотибди!” деган гап хаёлидан чақмоқдек ўтган Шариф Ширинбоев яна ўзини тушунмаганга олади.

“Машина узоқ юрди, - деб эслайди у кейинчалик. – Жуда узоқ. Текис кўчалар ортда қолиб, тупроқ йўл бошланди. Димоғимга дала-даштнинг эпкини, қовжираган ўт-ўлан ҳиди келди.

“Демак, чўлга чиқариб отишмоқчи. Жиноят изини йўқотишмоқчи!” Она шаҳрим Самарқанд, ота-онам кўз олдимга келиб, уларга ғойибона алвидо айтдим. Бирдан машина тўхтаб, мени қандайдир зинадан етаклаб чиқишди. Самолёт! Учдик ва Олмаотага қўндик. Ўзимизникилар экан!”

Махсус хизматлар муҳим давлат топшириғини бажариш пайтида ўз ходими хоҳ хорижда, хоҳ мамлакатнинг ичкарисида бўлсин, ночор аҳволга тушиб қолса, уни, албатта, қутқаради, - деб таъкидлайди полковник Х.Соҳибов. - Бу – хизматимизнинг олтин қоидаси.

Шариф Ширинбоев ҳам Хитойдаги ғоят қаттиқ қўриқланадиган қалъа-қамоқхонадан жасур ҳамкасблари томонидан озод этилган эди”.

Эътироф

Икки йил давом этган текшир-текширлардан кейин, ниҳоят, 1939 йил 29 ноябрда СССР Ички ишлар халқ комиссари раисининг ўринбосари В.Меркулов имзоси билан Тошкентга 5293/б рақамли хат жўнатилади. Унда жумладан, шундай сатрлар бор эди:

“Ўзбекистон Ички ишлар халқ комиссарлиги Қорадарё туман бўлимининг собиқ бошлиғи, Давлат хавфсизлик хизмати сержанти ўртоқ Шариф Қаюмович Ширинбоев 1937 йилнинг октябрида Шинжонга махсус топшириқ билан жўнатилган эди.

Муайян шароит тақозоси билан Ширинбоев ҳибсга олиниб, тўрт ой Хитой қамоқхонасида сақланди. Жангавор топшириқ нуқтаи назаридан биз унинг қамалишига йўл қўйишга мажбур бўлган эдик. Бироқ кейинчалик кўрилган чора-тадбирлар натижасида Ширинбоев қамоқдан қутқарилиб, ўзимизнинг ҳудудга олиб келинди. Ширинбоев Хитой қамоқхонасида ўтирган пайтида ва ўтказилган терговлар жараёнида чин инсон, Давлат хавфсизлик хизматининг садоқатли ходимига хос сабот-матонатини намоён қилди. Айни пайтда, уни яна Шинжонга юборишнинг, муайян сабабларга кўра, иложи йўқ. Шинжон полицияси томонидан қамоққа олиниши Ширинбоевнинг обрў-эътиборига соя соладиган маълумот сифатида талқин қилинмаслиги керак.

Ихтиёрингизга юборилаётган Ширинбоевнинг қандай лавозимга тайинлангани ҳақида маълум қилинг”.

Бу – Ширинбоевнинг разведкачилик фаолиятига берилган юксак баҳо эди.

Шундай қилиб, моҳир разведкачимиз фаолиятининг биринчи даври хайрли якун топади ва иккинчи босқичи бошланади.

Уруш йиллари Марказ давлат хавфсизлик хизмати лейтенанти Шариф Ширинбоевни чет элларда махсус вазифаларни бажаришга тайёрлаш учун СССР разведкачилари захирасига киритади. 1941 йилнинг октябрида у атоқли разведкачи, генерал-лейтенант Павел Судоплатовнинг қабулига чорланади. Партизанлар ҳаракатини, хорижда, душман орасида разведка ишларини ташкил этишга раҳбарлик қилувчи бу одам билан суҳбатдан сўнг, 1942 йили, Шариф Ширинбоев Эронга 1948 йилгача давом этган махсус сафарга отланади. Зиммасига фашистлар агентурасининг Совет Иттифоқига қарши олиб бораётган қўпорувчилик ҳаракатларини аниқлаш ва барбод этишдан иборат жанговар вазифа юкланади.

Карвонбошининг жасорати

“Хитойда орттирган тажрибаси Шариф Ширинбоевнинг Эрондаги фаолиятида жуда қўл келади, - дейди Худойберди ака Соҳибов. - Форс курфазида у энди “самарқандлик Худойбердибойнинг ўғли Абдуқодирбой” сифатида танилади”.

Гитлерчиларнинг режасида Эрон муҳим ўрин тутган. Мақсади, аввало, Кавказни босиб олиш ва шу йўл билан АҚШ ҳамда Буюк Британия томонидан СССРга етказиб берилаётган қурол-яроғ, хомашё ва озиқ-овқат йўлини тўсиб қўйишдан иборат эди.

Шариф Ширинбоев 1942 йилнинг баҳорида Эроннинг Хуросон вилоятида Совет ҳукуматининг савдо ваколатхонаси раҳбарининг ўринбосари мақомида иш бошлайди. Бу мақом соясида у талай жанговар вазифаларни муваффақиятли амалга оширади.

Тарихдан маълумки, “Катта учлик” деб аталмиш давлатлар – СССР, АҚШ ва Буюк Британия раҳбарларининг 1943 йили Теҳронга йиғилаётганидан хабар топган Гитлер ўзнинг “ишонган тоғи”, сал аввал Италиянинг собиқ ҳукмдори Бенито Муссолинини қамоқдан олиб қочиб келган устамон жосус сифатида ном чиқарган, Отто Скорцени бошчилигидаги энг сара қўпорувчиларини Эронга ташлайди. Фашистлар уч иттифоқчи давлат раҳбарлари - Иосиф Сталин, Франклин Рузвельт ва Уинстон Черчиллни йўқ қилиш учун ўта махфий ҳаракатини бошлайди. Вазият шу даражада қалтис тус оладики, Америка Қўшма Штатлари президенти Франклин Рузвельт, ўз элчихонаси қолиб, Сталиннинг қароргоҳида тунашга мажбур бўлади. Жаҳоннинг тақдири ҳал қилинган бу оламшумул анжуманнинг тинч-осойишта ўтишини таъминлаганлар орасида уч мамлакат махсус хизматларининг “қилни қирқ ёрган” ходимлари, жумладан, ўзбек разведкачиси Шариф Ширинбоев ҳам ҳал қилувчи роль ўйнайди.

“Катта учлик”нинг 28 ноябрдан 1 декабргача ўтган учрашувида келишиб олинганидек, 1944 йилнинг июнь ойида Нормандия қирғоқлари (Франция) орқали Буюк Британия ва АҚШ қўшинлари томонидан “иккинчи фронт” очилади ва икки ўт орасида қолган Гитлер икки фронтда уруш олиб боришга мажбур бўлади.

Архив ҳужжатларида дарж этилганидек, Теҳронда ўтган ана шу йирик конференция арафасида Шариф Ширинбоевга Журжон вилоятидаги Моравинтепа қишлоғига бориш ва ўша атрофдаги ҳудудсиз биёбонга тунда парашютдан ташланган қуролли тўдаларга оид шошилинч хабарнинг нечоғли тўғрилигини аниқлаш вазифаси топширилади.

Савдогар сифатида иш кўраётган Шариф Ширинбоев маҳаллий тужжорлардан бири билан мўъжаз карвон тузиб, унга қанд-қурс, туз, газмол каби ўта зарур товарларни юклаб, тезда йўлга тушади. Қишлоқма-қишлоқ юриб, молини пуллар экан, кўз илғамас пистирмаларда яшаётган ҳарбийлашган тўдаларни кузатади. Маҳаллий аҳоли орасида кўзга ташланмаслиги учун асосан асир тушган осиёлик осийлардан танланган захирадаги жангарилар билан узун-қисқа суҳбатлар асносида уларнинг 67 нафар эканлиги маълум бўлади.

Булардан ташқари, қўпорувчиларнинг қандай қурол-яроғи бор, пистирмаси қаерда, қандай жойлашган, раҳбарлари ким эканлиги ҳам резведкачимизнинг синчков нигоҳидан четда қолмайди. Ҳатто, айримларини зимдан суратга олишга ҳам муваффақ бўлади.

Қўлга киритилган бундай қимматли ва ишончли разведка маълумотлари натижасида фашистларнинг “Мислсиз сакраш” деб аталмиш операциясига бош қўшган қўпорувчилар тўдасига бархам берилади. Фюрернинг “ишонган тоғи” жасур ўзбек разведкачисининг қаршисида чил-парчин бўлади.

“Тан олиш керакки, берилган ўта хавфли ва масъулиятли жанговар топшириқни бундай қойилмақом қилиб бажариш ҳамманинг ҳам, ҳар бир разведкачининг ҳам қўлидан келавермайди, - деб фахр билан таъкидлайди Худойберди Соҳибов. - Мана шундай буюк хизматлари учун ҳам Шариф Ширинбоевни ҳақли равишда “афсонавий резведкачи”, деймиз. У Ватани учун жонини тиккан, жасур, эътиқодли, лекин ғоят камтарин, камсуқум инсон эди”.

Қалқонга айланган қалблар

Иккинчи жаҳон уруши йиллари фронт учун энг зарур маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётган йирик саноат корхоналари жойлашган республикамизда давлат хавфсизлик органлари томонидан ғоят мураккаб, қалтис ҳамда заҳматли ишлар амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш зарур. Хавфсизлик органларининг ходимлари давлатга оид ва ҳарбий сирларни мустаҳкам сақлаш, ҳарбий иншоотлар, темирйўл транспорти, коммуникациялар ва алоқа воситаларининг узлуксиз ишлашини муттасил таъминлаш учун том маънода кўксини қалқон қилганлар. Ўзбекистон ҳудудига суқилиб кирмоқчи бўлган кўплаб қўпорувчилар қўлга олинган.

Бундай ишончли, дадил ва жипсликдаги ҳаракатлар самарасида душман томонидан Ўзбекистоннинг ҳарбий-саноат салоҳиятини заифлаштириш, ғаним агентларининг ҳаётий ўта муҳим марказларимизга кириб келишига бўлган муттасил уринишлари бутунлай чиппакка чиқарилган.

Яна бир жанговар вазифа

Бунга жасур разведкачи Шариф Ширинбоев томонидан амалга оширилган яна бир жанговар вазифа яхши мисолдир. Хориж разведкачиларининг паноҳида қарийб йигирма йилдан буён жосуслик ва қўпорувчилик ишлари учун мос одамларни топиш, ёллаш ҳамда Совет Иттифоқига, жумладан, Ўзбекистонга жўнатиш билан мунтазам шуғулланиб келган пихини ёрган бир хоинни қўлга тушириш ана шундай муҳим вазифалар сирасидан эди.

Қайд этилганидек, обрўли бойвачча сифатида танилган разведкачимиз ўз кўмакдошларининг ёрдами билан хоинни ими-жимида Машҳаддаги уйига меҳмонга таклиф қилади. “Меҳмон” келади ва ўша тундаёқ унинг оёқ-қўли боғланиб, Ашхабодга жўнатилади. Хоин билан бирга, чет эллик агентларларни азим дарёдан ўтказиб қўйиш билан мунтазам шуғулланиб келган “ҳожатбарорлар” ҳам контрразведкачиларимиз қўлига топширилади.

Тарихчи олимларнинг қайд этишларича, урушдаги муваффақиятнинг 15 фоизи армияга, 85 фоизи эса фронторти таъминотига боғлиқ экан.

Шу жиҳатдан қараганда, расман Совет ҳукуматининг Хуросон вилоятидаги савдо ваколатхонаси раҳбарининг ўринбосари сифатида фаолият юритган Шариф Ширинбоевнинг тижорат ишлари ҳам таҳсинга лойиқдир. Келинг, яна аниқ мисолларга мурожаат қилайлик.

Архив ҳужжатларига таяниб айтиш мумкинки, у фронтга озиқ-овқат, хусусан, гўшт жўнатиш учун Хуросондаги барча бозорлар, кушхоналар ва дўконларни шахсан ўзи кезиб чиққан. Кўпчилик чорвадорлар ва қассоблар “Абдуқодирбой”ни яхши танигани учун улар билан ишончли шартномалар тузиш имкониятига эга бўлган. Жумладан, юз мингдан ортиқ қўй, ўн мингдан зиёд қорамол харид қилинади ва гўшти фронтга жўнатилади. Айни пайтда, 1943 йили почапўстин тикишни йўлга қўяди. Шундай қилиб, ўн мингдан ортиқ иссиқ кийим Боку орқали Кавказ фронтига юборилади. Айни пайтда, разведкачимиз иттифоқчи давлатлар – АҚШ ва Англия томонидан Совет Иттифоқига жўнатилаётган қурол-яроғ, ҳарбий техника, озиқ-овқат ва хомашёнинг Ҳиндистон билан чегарадош Зоҳидон шаҳри орқали Ғарбий фронтга ўз вақтида ўтказиб юборилишни тўла назорат қилиб борган.

Ибрат мактаби

“Ватан учун жон фидо!” деган шиорни ўзининг бир умрлик дастури деб билган Шариф Ширинбоев ана шундай жасур разведкачи, садоқатли ва заҳматкаш инсон эди, - дейди Худойберди ака Соҳибов. - “Давлат хавфсизлиги органларининг хизмат кўрсатган ходими” фахрий унвони, “Қизил юлдуз” ордени, “Жанговар хизматлари учун”, “Германия устидан ғалаба учун”, “Кавказ мудофааси учун” каби кўплаб орден-медаллар ва бошқа юксак давлат мукофотларига сазовор бўлгани бунинг ёрқин далилидир.

Шариф Ширинбоевнинг номи махфий хизматларнинг камдан-кам ходимигагина насиб этадиган эътироф - энг моҳир разведкачилар рўйхатидан жой олган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари, жумладан, миллий разведкачиларимизнинг бундай жасоратларга тўла ҳаёти ва фаолияти барча юрдошларимизни, айниқса, ёш авлодни ватанпарварлик, мустақил Ватанимизга садоқат, мардлик руҳида тарбиялашда ибрат мактабидир. Улар ҳақида ҳар қанча ёзилса, фильмлар суратга олинса, телекўрсатувлар тайёрланса, арзийди. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, жангоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда юртини, халқини унутмаган ёши улуғ юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш барчамизга фахр-ифтихор бағишлайди.

Президентиимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 23 октябрда қабул қилинган “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори халқимизнинг фашизмга қарши курашдаги метин иродасини, уруш ортидаги фидокорона меҳнатини, тарихий хизматларини абадийлаштириш ҳамда ёш авлодни ота-боболаримиз жасоратига муносиб руҳда тарбиялаш, ўғил-қизларимизнинг онгида тинчликни асраб-авайлаш, бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиш туйғусини мустаҳкам қарор топтиришда муҳим омил бўлаётир.

Хизматимизнинг тажрибали ходимлари томонидан нашрга тайёрланган “Афсонавий разведкачи” китоби мутолаасеварлар учун шу кунларда яхши совға бўлиш билан бирга, бу борадаги хайрли ишларга муносиб ҳисса сифатида қўшилади, деган умиддамиз”.

Мамлакатимизда кенг нишонланаётган Хотира ва қадрлаш кунида халқимизнинг Шариф Ширинбоев сингари мард ва садоқатли фарзандларининг душман орасида, жанггоҳларда ва фронт ортида кўрсатган беқиёс қаҳрамонликларини фахр билан ёдга олиб, моҳи Рамазонда руҳи покларига атаб дуолар қиламиз.

Манба: “Hurriyat” газетаси