Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Янги Ўзбекистон инвестициялар учун янада қулай мамлакатга айланади

SHAVKAT MIRZIYOYEV Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili Inson qadrini ulug‘lash va faol mahalla yili O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O’zbekistonning Investitsion Salohiyat Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА 2022 — 2026 ЎЗБЕКИСТОН СТРАТЕГИЯСИ ТЎҒРИСИДА Конституциявий ислоҳотлар Конституциявий ислоҳотлар Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Янги Ўзбекистон инвестициялар учун янада қулай мамлакатга айланади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг очилиш маросимидаги нутқи

Ҳурматли форум иштирокчилари!
Азиз меҳмонлар, хонимлар ва жаноблар!
Сизлар билан иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида учрашиб турганимдан бағоят хурсандман.
Албатта, Ўзбекистоннинг яқин дўстлари ва ишончли ҳамкорлари бўлган хорижий ҳукуматлар ва халқаро молия институтлари вакиллари ҳамда нуфузли компаниялар раҳбарлари билан ушбу форум доирасидаги учрашувларимиз барчамиз учун яхши анъанага айланиб бормоқда.
Сизларнинг меҳмондўст диёримизга ташрифингизни юртимизга ҳурмат ва ислоҳотларимизга ишонч ифодаси сифатида қабул қиламиз.
Ўзбекистонга хуш келибсиз!
Ҳурматли форум иштирокчилари!
Ҳозирги вақтда халқаро майдонда давом этаётган мураккаб ва таҳликали жараёнлар, башорат қилиб бўлмайдиган ўзгаришлар дунё иқтисодиётини жиддий синовдан ўтказаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Ишончим комилки, бундай зиддиятли шароитда бугунги учрашувимиз икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга, барчамиз учун янги бизнес имкониятларини кашф этишга хизмат қилади.
Азиз дўстлар!
Ўтган йили бўлиб ўтган биринчи Халқаро инвестиция форумида янги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилиниб, кўплаб келишувларга эришилди.

Бир йил ичида мамлакатимиз иқтисодиётини янада эркинлаштириш, бизнесга кенг йўл очиш, бу борада қонун устуворлиги ва ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш бўйича тизимли ислоҳотларни жадал давом эттирдик. Жумладан, минтақамиздаги энг қулай фискал тизимни яратиш бўйича катта ўзгаришларга эришдик. Хусусан, қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизга туширилди. Хабарингиз бор, илгари ушбу солиқ ставкаси 20 фоиз эди. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғини экспортчи корхоналарга 7 кун ичида қайтариш жорий қилингани, солиқ ва божхонада ўзаро ҳисобга олиш йўлга қўйилгани тадбиркорларга жуда маъқул бўляпти. Шу пайтгача инвесторлар 2 та алоҳида тизим орасида сарсон эди.
Бундан ташқари, хорижий инвесторларнинг ўз акцияларидан оладиган дивидендлари уч йил муддатга солиқдан озод қилинди, улар учун фойда солиғи 20 фоиздан 12 фоизга туширилди.
Муҳими – солиқ ва божхона қонунларига янги ёки оғирлаштирувчи жавобгарлик чоралари киритилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.
Ташқи савдони эркинлаштириш бўйича навбатдаги муҳим қадамлар қўйилди. Жумладан, инвесторлар учун зарур бўлган 7 мингдан зиёд хомашё ва товарларга божхона божлари бекор қилинди. Божхона ҳудудида қайта ишлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди.
Ташқи савдо ва рақобат муҳитини янги босқичга олиб чиқиш, янги-янги бозорларга кириш мақсадида биз Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш борасидаги ишларимизни жадаллаштирдик.
Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман, Жаҳон савдо ташкилоти талаблари ислоҳотларимиз мазмунига тўла мос ва биз ушбу нуфузли ташкилотга тезроқ аъзо бўлиб киришдан манфаатдормиз.
Ҳозирги вақтда аъзо мамлакатлар билан музокаралар олиб бориш ҳамда миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти қоидалари билан уйғунлаштириш қизғин босқичда. Йил якунига қадар сезиларли натижаларга эришиш бўйича аниқ режаларни олганмиз.
Ижро ҳокимияти тизимида бюрократияни камайтириш, коррупцияни йўқ қилиш, ихчам, самарали бошқарувни жорий этиш мақсадида дадил маъмурий ислоҳотни бошладик.
Бу борада барча вазирликлар ислоҳ қилиниб, уларнинг сони 61 тадан 28 тага келтирилди, вазифа ва ваколатлари аниқ белгиланди.
Шунингдек, давлатнинг бизнесни тартибга солишга қаратилган 500 та функцияси бекор қилинди, 70 таси хусусий секторга давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг асосида ўтказилди.
Ҳозирги кунга қадар 132 та лицензия ва рухсат беришга оид ҳужжатлар бекор қилинди, 33 таси бўйича хабардор қилиш тартибига ўтилди.

Энг муҳими – ушбу ислоҳот доирасида инвесторлар билан ишлашнинг яхлит тизими жорий қилинди.
Инвестиция, саноат ва савдо вазирлигида лойиҳа ташаббусидан бошлаб, то уни ишга туширишгача бўлган барча жараёнларда инвесторларга “ягона дарча” орқали кўмаклашиш йўлга қўйилди.
Инвесторлар фаолиятига оид масалаларни тезкор ҳал этиш, уларнинг давлат раҳбари билан бевосита мулоқотини йўлга қўйиш мақсадида Президент ҳузурида Хорижий инвесторлар кенгаши иш бошлади.
Мен хорижий компаниялар вакиллари ва ишбилармонлар билан кўпроқ мулоқот қилишга интиламан. Сизларнинг ғоя, таклиф ва ташаббусларингиз менга куч-ғайрат беради, янги ислоҳотларга ундайди. Шу боис, янги-янги инвесторлар билан тез-тез учрашувлар ўтказишга, сизларнинг юртимиздаги ютуқларингизни шахсан кафолатлашга тайёрман.
Инвесторлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича ҳам ислоҳотларимиз жадал давом этмоқда.
Чет эллик инвесторлар учун кўчмас мулк сотиб олиш, Ўзбекистонга келиб-кетиш ва яшаш шартлари кескин соддалаштирилди.
Инвесторлар ҳуқуқларини суд орқали кафолатли ҳимоя қилиш борасида катта қадамлар қўйилмоқда. Бу борада маъмурий судларнинг нуфузи оширилди ва уларга катта ваколатлар берилди. Бундан буён тадбиркор ва инвесторлар судда ўз талабининг тўғрилигини исботлаши шарт эмас. Энди давлат идораси ўз қарорининг қонунийлигини исботлаб беришга мажбур бўлади. Юзага келган ҳар қандай ноаниқликлар эса инвесторлар фойдасига ҳал қилинади.
Қонунларимизда халқаро арбитраж судлари қарорларини мажбурий ижрога қаратиш механизмлари мустаҳкамлаб қўйилди.
Жорий йилда ҳам тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ислоҳотларимиз давом эттирилади. Жумладан, халқаро экспертлар кўмагида тарихимизда илк бор Халқаро тижорат суди фаолияти йўлга қўйилади.
Ислоҳотларимиз натижасида Ўзбекистоннинг минтақадаги иқтисодиёти энг юқори диверсификация қилинган мамлакат сифатидаги мақоми янада мустаҳкамланди.
Бир йилнинг ўзида 100 мингга яқин янги корхоналар ташкил қилинди, киритилган хорижий сармояларнинг йиллик ҳажми 10 миллиард долларга етди ёки ислоҳотлар бошланган 2017 йилга нисбатан 3 баробар ошди, 1 миллионга яқин аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга туширилди. Эслатиб ўтаман, ислоҳотлар бошланган даврда бу кўрсаткич 30 фоиздан юқори эди.
Албатта, бу ютуқларда сиз, ҳурматли ҳамкорларимизнинг ўрни беқиёс.

Охирги йилларда сизларнинг кўмагингиз билан мамлакатимизда минглаб замонавий корхоналар ташкил қилинди, йирик лойиҳалар амалга оширилди, юз минглаб юқори даромадли янги иш ўринлари яратилди.
Фурсатдан фойдаланиб, ана шундай ютуқларга муносиб ҳисса қўшаётган барча хорижий ва маҳаллий инвесторларга, ҳамкор давлатлар ҳукуматларига, халқаро молия институтларига чуқур миннатдорлик ҳамда юксак ҳурмат ва эҳтиромимни билдираман.
Муҳтарам меҳмонлар!
Ислоҳотларимиз жадал давом этиши, юртимизда бизнес эмин-эркин ривожланиши учун янада мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор керак.
Хабарингиз бор, яқин кунларда Янги Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституцияси бўйича умумхалқ референдуми ўтказилади.
Энг аввало, янги Конституциямизда Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани алоҳида белгиланмоқда. Барча ўзгартиришларнинг туб негизига “инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устувор” деган эзгу ғоя қўйилмоқда. Шунингдек, Конституциямизда илк бор қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, мулк дахлсизлиги, бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиш, суд мустақиллиги бўйича давлат ўзига мажбуриятлар олмоқда.
Ҳеч шубҳасиз, янги Конституция – биз бошлаган ислоҳотларни изчил давом эттириб, энг муҳими, уларга ортга қайтмайдиган тус бериши муқаррар.
Қадрли дўстлар!
Энди сизлар билан ҳамкорлигимизни кенгайтириш борасидаги янги имкониятларга тўхталсам.
Биринчидан, Ўзбекистон “яшил иқтисодиёт”га ўтиш йўлини қатъий давом эттиради.
Айниқса, “ACWA Power”, “Masdar”, “Total Eren” каби жаҳоннинг энг нуфузли компаниялари мамлакатимизда йирик қуёш ва шамол электр станциялари лойиҳаларини амалга оширмоқда. Шу йилнинг ўзида 2 минг мегаваттдан зиёд, кейинги йилда эса 8 минг мегаваттли қувватлар ишга тушади.
“Яшил иқтисодиёт” бизга саноатнинг янги йўналишларини ҳам олиб келмоқда. Қуёш панеллари, шамол турбиналари, инвертор ва бошқа электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар барпо этилмоқда. Бу – инвесторлар учун 8 миллиард долларлик имконият, дегани.
Сизларни шу каби лойиҳаларни амалга оширишга таклиф қиламиз ва бунинг учун барча шароитларни яратиб беришга тайёрмиз.
Иккинчидан, яқин-яқингача иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари фақат давлат корхоналаридан иборат эди.

Ислоҳотларимиз натижасида олдинлари “ёпиқ” бўлган тармоқларга хусусий инвестициялар фаол кириб келмоқда. Биргина мисол, аввал 100 фоиз давлат тармоғи ҳисобланган авиация соҳасида хусусий секторга кенг йўл очилди. Жумладан, 5 та хусусий авиакомпания ташкил этилгани, Самарқанд аэропорти ташқи бошқарувга берилгани ҳисобига парвозлар сони 2,5 баробар ошди.
Биз транспорт соҳасида рақобат муҳитини яратишга қаратилган ислоҳотларни давом эттирамиз. Бу йил Андижон, Наманган, Бухоро ва Урганч аэропортлари бошқарувини ҳам хусусий секторга топширамиз.
Темир йўл соҳасида ҳам катта ўзгаришларни бошлаяпмиз ва бунда инвесторлар фаол иштирок этишларини сўраб қоламан.
Шу билан бирга, тез ўсиб келаётган IT, туризм, таълим, тиббиёт каби соҳаларда Ўзбекистон минтақавий хабга айланиб бораётгани ҳам бу йўналишдаги катта имконият.
Ушбу режаларимизни амалга оширишда халқаро молия институтларининг кўмагига таянамиз. Мисол учун, Ислом тараққиёт банки бизга ишонч билдириб, давлат кафолатисиз 1,5 миллиард долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича жадал ишлаяпти. Бунинг учун форумда иштирок этаётган банкнинг президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассир жанобларига алоҳида миннатдорлигимни билдираман.
Ўйлайманки, бу ҳамкорлигимиз узоқ йиллар давом этади ва ҳар икки томон учун манфаатли бўлади.
Умуман, бу йил давлат-хусусий шерикликни жорий қилиш бўйича 14 миллиард долларлик алоҳида дастурлар халқаро молия институтлари кўмагида ишлаб чиқилди. Булар давлат учун муҳим бўлган транспорт, коммунал ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш каби тармоқларни қамраб олади ва улар бўйича ушбу форум доирасида сизларга аниқ лойиҳалар тақдим этилади.
Учинчидан, биз бу йил давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича “1 минг + 1 минг + 40” дастурини қабул қилдик.
Бу дегани 1 мингта корхонадаги давлат улушлари ҳамда яна 1 мингта давлатга тегишли кўчмас мулк объектлари очиқ аукцион савдоларига чиқарилади, иқтисодиётимиз учун стратегик аҳамиятга эга 40 та корхона IPO га олиб чиқилади. Жумладан, олтин, мис ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар, телекоммуникация ва суғурта компаниялари ҳамда банклар акциялари инвесторларга таклиф этилади.
Тўртинчидан, биз индустриал ривожланишни янги босқичга олиб чиқишга устувор аҳамият берамиз.
Масалан, ҳозирги кунда тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, электр техникаси, машинасозлик тармоқлари етарли хомашё базаси ва малакали кадрларга эга. Яъни, шу соҳаларда “катта сакраш” қилиб, улардаги ишлаб чиқариш ва экспортни 2 баробар ошириш учун етарли имкониятлар бор. Бунинг учун бизга йирик брендлар билан ҳамкорлик, ташқи бозорларга чиқиш, инновация ва замонавий технологиялар керак.
Буларни олиб келадиган инвесторларга биз барча шароитларни яратиш, алоҳида технопарк ҳамда саноат зоналари ташкил қилиш ва бошқа қўшимча имтиёзларни яратиб беришга тайёрмиз. Бу борада вазирларга топшириқ берганман. Улар сизларга форум сессиялари давомида 160 та йирик ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни тақдимот қилади.
Бешинчидан, биз Марказий Осиёда яхши қўшничилик сиёсатини давом эттириб, иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қўшни давлатлар билан фаол ишлаяпмиз.
Ушбу мақсадларда қўшма инвестиция фондларини ташкил қилиб, саноат, энергетика, транспорт ва сув хўжалиги соҳаларида йирик минтақавий лойиҳаларни амалга оширяпмиз.
Иқтисодиётларимизнинг “бир-бирини тўлдириши” тамойили асосида саноат ва агро кооперацияларини қатъий давом эттирамиз.
Бугунги форумда қўшни Қирғиз Республикаси ҳукумати раҳбари Ақилбек Жапаровни кўриб турганимдан хурсандман. Биз учун қардош бўлган Қирғизистон билан ҳамкорлик натижасида сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 5 баробар ва қўшма корхоналар сони 8 баробар ошди. Хусусан, тўқимачилик, автомобилсозлик, геология, кимё саноати, қишлоқ ва сув хўжалиги, чорвачилик каби йўналишларда биргаликда катта-катта лойиҳаларни бошладик.
Буларнинг барчаси 2021 йилда ташкил этилган Ўзбекистон – Қирғизистон тараққиёт жамғармаси томонидан молиялаштирилмоқда.
“Қамбарота ГЭС-1” ва “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳалари бўйича ҳам ишлар жадал давом этмоқда.
Шу ўринда минтақамиз давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни юксалтириш бўйича бу ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлаётган қўшни давлатлар ҳукуматлари вакиллари, йирик компаниялар раҳбарлари ва тадбиркорларига алоҳида миннатдорлик билдираман.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Сизларнинг бугунги форумда қатнашаётганингиз ва мамлакатимизда бизнес юритиш учун катта қизиқиш билан қараётганингизни юксак қадрлаймиз.
Ҳеч шубҳасиз, бугунги форум барчамиз учун янги-янги имкониятларни очиб беради.
Ишончим комил, бўлиб ўтадиган мулоқотлар орқали сизлар Янги Ўзбекистондаги бизнес учун беқиёс имкониятларни кашф қиласизлар.
Сизлар ўзингиз истаган тинчлик ва барқарорлик, қулай инвестиция муҳити ҳамда зарур кафолатларни айнан бизнинг юртимизда топасиз. Бунга мен Президент сифатида кафолат бераман. Янги Ўзбекистон Сизнинг бизнес фаолиятингизда алоҳида ёрқин из қолдирадиган макон бўлиб хизмат қилади, деб ишонаман.
Барчангизга келгуси фаолиятингизда омад ва улкан зафарлар ёр бўлсин!
Форум ишида ўзаро манфаатли келишувларга эришишни тилаб қоламан.
Эътиборингиз учун раҳмат.