ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА МИЛЛИЙ ПАРЛАМЕНТАРИЗМНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ
Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28
Сўнгги йилларда Ўзбекистон тобора янгича ривожланиш босқичига шиддат билан қадам қўймоқда. Мамлакатнинг демократик қиёфаси ўзгармоқда. Иқтисодий, сиёсий, ижтимоий янгиланишлар юз бермоқда.
Асосийси, юртимизда ҳар бир шахснинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга жиддий киришилди. Хусусан, давлат органлари фаолиятининг мазмунини инсон ҳуқуқларини таъминлаш ташкил этиши, хусусий мулк даҳлсизлигини таъминлаш, сўз эркинлигини кафолатлаш каби умуминсоний қадриятлар шулар жумласидандир.
Энг муҳими, ушбу ислоҳотлар замирига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Инсон қадри” “инсон – жамият – давлат”, “давлат – инсон учун”, “инсон қадрини улуғлаш” каби тамойил ва тушунчалар реал ҳаётимизга чуқур кириб бормоқда. Ўзбекистонда қайси соҳа ёки тармоқда бўлмасин, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг тагзамирида инсон қадрини улуғлаш, халқимизни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш мақсади турганига барчамиз гувоҳ бўляпмиз.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида “Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат” принципи мустаҳкамланди. Бу эса, қонунчилик қонунчиликнинг мақбуллиги, мукаммаллиги, халқчиллиги ва самарадорлигини таъминлашнинг муҳим эканлигини кўрсатади.
Таъкидлаш жоизки, қонун ижодкорлиги ўзига хос мураккаб усул ва воситалар мажмуидан иборат. Жамиятда унга бўлган эҳтиёжни аниқлашдан то қонунчилик ҳужжатини қабул қилиш ва унинг ижросига қадар бўлган барча жараённи қамраб олади.
Бугунги кунда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан тўлақонли таъминлаш мақсадида қонун ижодкорлиги фаолияти ҳам такомиллашиб бормоқда. Чунки ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши кўп жиҳатдан қонун ижодкорлиги жараёни сифатига бевосита боғлиқ.
Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида норма ижодкорлиги соҳасида ўта долзарб вазифалар турганлигини назарда тутиб, қуйи палатанинг қонун ижодкорлиги борасидаги ишининг сифатини янада оширишга катта эътибор қаратилмоқда.
“Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт” деган устувор тамойил асосида бир қатор янги демократик тартиб-қоидалар жорий этилди.
Парламент қуйи палатасида қонун лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш тартиби белгиланди. Тўғридан-тўғри амал қилувчи, яъни ижро этиш учун қўшимча ҳужжат ишлаб чиқиш талаб этмайдиган қонунларни қабул қилишга бўлган эътибор кучайтирилди.
Айни вақтда бутун бир соҳани тартибга солувчи қонунчилик жараёни қайта кўриб чиқилмоқда ва қатор яхлит қонунлар қабул қилинмоқда. Бу қонунчилик базасининг тизимлилигини ва комплекслилигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Қонунчилик палатаси ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича холис баҳс-мунозара ва тортишувлар майдонига, чинакам «демократия мактаби»га айланиб бормоқда. Қонун лойиҳалари муҳокамасида ташаббускор идоралар вакиллари билан бирга соҳа экспертлари, мутахассислари ва олимлар фаол иштирок этиб, уларга ўз фикрларини билдиришлари учун барча имкониятлар яратилмоқда.
Бугунги кунда Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги фаолияти кўлами ҳам, иш ҳажми ҳам юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг бўлмоқда. Жумладан, 2016 йилда 19 та қонун қабул қилиниб, Сенатга юборилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 99 тани ташкил этгани сўзимизнинг тасдиғидир.
Қонун лойиҳаларини кўпроқ Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталарида муҳокама қилиш амалиёти қарор топмоқда. Ушбу амалиёт қонун лойиҳаларини ташаббускор субъект вакиллари, соҳа мутахассислари, экспертлар ва олимлар иштирокида ҳар томонлама кўриб чиққан ҳолда маромига етказишда, шу жумладан, қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларда сайловчилар манфаатларини янада тўлиқ ифодалашда ҳамда ушбу қонунларни ҳаётга самарали жорий қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Таъсирчан парламент назорати ислоҳотлар
самарадорлигини таъминламоқда
Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуслари, ғоялари асосида парламентнинг назорат-таҳлил фаолиятини тубдан оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Унинг қонунчилик базаси мустаҳкамланмоқда. Парламент назоратининг янгидан-янги шакллари жорий этилмоқда.
Жумладан, Қонунчилик палатасида ҳукумат аъзоларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш тартиби – “Ҳукумат соати” институти жорий этилди. 2019 йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни қуйи палата мажлисида кўриб чиқиш амалиёти татбиқ қилинди.
Қуйи палатада ташкил этилган Давлат бюджети бошқармаси бюджетни шакллантириш ва ижроси устидан самарали назорат ўрнатишга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида парламентнинг назорат фаолияти мутлақо янги босқичга кўтарилди, десак муболаға бўлмайди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, янгиланган Конституциянинг парламент фаолияти қисмига киритилган янгиликларнинг аксарияти парламент қуйи палатасининг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари, шу жумладан назорат функцияларини бажариши чоғида кузатилаётган параллеллик ва бир-бирини такрорлаш ҳолларини бартараф этиш мақсадида қайта кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, Олий Мажлис палаталарининг назорат фаолиятидаги параллеллик давлат органлари фаолиятининг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатарди, назоратнинг таъсирчанлигини пасайтирарди. Чунончи, айни битта идорага такроран сўровлар юбориладиган ва улар раҳбарларининг эшитувлари ўтказиладиган фактлар аниқланган (2020 йилда ИИВга 4 та сўров юборилган, ИИВ раҳбариятининг 6 та эшитуви ўтказилган). Бир хил ҳудудларда айнан бир хил масалалар юзасидан қайта-қайта ўрганишлар ўтказиш ҳоллари мавжуд (2021 йилда палаталар томонидан Андижон вилоятида 8 та ўрганиш ўтказилган бўлса, бошқа ҳудудларда эса 1–2 тадан ўрганиш ўтказилган).
Яна бир муҳим жиҳат. Олий Мажлис палаталарнинг биргаликдаги ваколатларига, Ўзбекистон Республикаси давлат қарзининг энг юқори миқдорини белгилаш киритилди.
Ушбу ваколат қонун нормалари билан тартибга солинган бўлиб, Конституция даражасида белгиланмаган эди. Масалан, Олий Мажлиснинг давлат қарзининг энг кўп миқдорини белгилашга доир ваколати Бюджет кодексида (152-модда), «Ташқи қарз тўғрисида»ги Қонунда (4-модда) мустаҳкамлаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб, давлат қарзининг энг юқори миқдорини белгилаш Олий Мажлис палаталарининг умумий ваколатлари доирасига киритилди.
Бундан ташқари, Парламентнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги тутган ўрнини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузани кўриб чиқиш белгиланди.
Шунингдек, парламент текшируви самарадорлигини ошириш, ушбу текширувни ўтказишга парламент иккала палатасининг жалб этилиши ва иштирокини таъминлаш мақсадида парламент текширувлари фақат қўшма шаклда ўтказилиши назарда тутилди.
Парламент фаолиятида олиб борилаётган бу каби ислоҳотлар, айниқса, ҳисобдорликнинг бундай шакллари жорий этилиши ҳукуматнинг очиқлигини ва масъулиятини тубдан оширмоқда. Жойларда аҳоли томонидан кўтарилаётган масалаларни ҳукумат олдига қўйишда айни муддао бўлмоқда.
Халқ вакиллари – халқ иродасининг
чинакам ифодачисига айланмоқда
Сайловчилар билан мулоқотни кенгайтириш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва уларни парламент назорати шаклларидан самарали фойдаланган ҳолда ҳал этиш масаласи депутатлар корпуси фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг депутат билан сайловчилар ўртасида мустаҳкам муносабатлар ўрнатиш механизмларини такомиллаштиришга доир ташаббуслари парламентга аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни чуқур ўрганиш, халқ ва давлат институтлари ўртасида кўприк бўлиш, сайловчиларнинг манфаатларини тўлароқ ифодалаш имкониятини бермоқда.
Ўтган даврда халқ вакиллари фаолиятида сайловчилар депутат олдига эмас, депутат ўз сайловчилари ҳузурига бориши шарт, деган тамойил устуворлик касб этгани туфайли аҳоли билан доимий мулоқот сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди.
Авваллари депутатлар бир йилда уч-тўрт марта учрашувларга чиққан бўлса, эндиликда ҳар ойнинг охирги ҳафтаси депутатларнинг сайлов округида ишлаши учун белгиланди. Бу сайловчилар манфаатларини тўлақонли ифода этиш борасидаги яна бир муҳим қадам бўлиб, депутатлар ўз сайловчиларининг эҳтиёжлари, муаммолари ва у ердаги ҳақиқий вазият тўғрисида ахборот олишини таъминловчи барқарор механизм шаклланди.
Депутатлар ўз ҳудудидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналари билан доимий алоқа ўрнатди. Депутатлар томонидан сайлов округларидаги фаолияти давомида Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда фуқароларнинг қабуллари ҳам ташкил этилди. Уларда биргина 2023 йилда 12,5 мингдан зиёд фуқаро иштирок этди.
Халқ ноиблари нафақат фуқаролар томонидан билдирилаётган муаммо ва камчиликларни ўрганмоқда, балки ижтимоий ҳаётнинг муҳим жабҳаларидаги ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларга халқнинг фикри ҳамда аҳоли манфаатларини инобатга олган ҳолда алоҳида эътибор қаратмоқда.
Халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш Қонунчилик палатаси фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон дунёдаги энг нуфузли халқаро парламент ташкилотлари бўлган Парламентлараро Иттифоқ, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Парламент Ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Ҳозирги кунда Олий Мажлисда жами 58 та хорижий давлат парламенти билан парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолият юритмоқда. Ушбу парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари хорижий давлатларнинг қонун чиқарувчи органлари билан алоқаларни янада ривожлантириш учун доимий мулоқот майдони вазифасини ўтамоқда ва ўз навбатида, чет эллик парламент вакиллари билан очиқ, конструктив ва жонли мулоқот олиб боришнинг қулай механизмига айланмоқда.
Мухтасар айтганда, Янги Ўзбекистонда миллий парламентаризмнинг асосий йўналишларининг ривожланиши мамлакатимизда кўп миллатли олижаноб халқимизнинг хоҳиш-истаклари, орзу-умидлари билан муштаракдир.
Олий Мажлиснинг муҳим ва мустақил институт сифатидаги фаолияти мамлакатимизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, чинакам ҳуқуқий давлатни шакллантириш, мамлакатда конструктив ва бунёдкорлик муҳитини яратиш борасида муҳим аҳамият касб этади.
Валишер Давлятов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Парламент тадқиқотлари институти
директори ўринбосари