Японияда Ўзбекистоннинг илк “Ўзбек маданияти элчиси” тайинланди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги “Aҳолига маданий хизмат кўрсатиш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида тегишли миллий маданиятимизни хорижий давлатларда фаол тарғиб этиш ва оммалаштириш билан шуғулланувчи чет эл фуқаролари, жумладан ватандошлар фаолиятини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбек маданияти элчиси” мақомини бериш тизими жорий этилиши белгиланган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида маданий алоқаларни янада кенгайтириш, бой маданий меросимиз, хусусан миллий мусиқа ва куйларни кунчиқар мамлакатда кенг тарғиб қилиш орқали мамлакатимиз ихлосмандларини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда юртимиз элчихонаси билан ҳамкорликда япониялик таниқли қўшиқчи ва созанда – Комазаки Машуни “Ўзбек маданияти элчиси” этиб тайинлаш маросими ўтказилди.
Тадбирда юртимизнинг Япониядаги элчиси Муҳсинхўжа Aбдураҳмонов томонидан Ўзбекистон ва Япония давлатлари ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш ва кенг жамоатчилик вакилларини юртимизнинг бой тарихий-маданий мероси билан яқиндан таништиришга қўшаётган муносиб ҳиссаси учун Машу Комазаки хонимга “Ўзбек маданияти элчиси” кўкрак нишони ва сертификати тантанали равишда топширилди.
Элчи “Ўзбек маданияти элчиси” деган мақом биринчи бўлиб Япония фуқаросига берилгани Ўзбекистон Ҳукумати томонидан Япония билан маданий алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини ифода этиши, ушбу юксак мақом Машу Комазакига Японияда Ўзбекистоннинг маданияти ва санъатини бундан-да кенг тарғиб қилишида янги имкониятлар яратиб беришини алоҳида таъкидлади.
Маросимда иштирок этган Маданият вазирлиги вакиллари томонидан Машу Комазакининг “Ўзбек маданияти элчиси” сифатидаги фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши, хусусан унга зарур ҳолларда миллий маданиятимизни тарғиб қилишда зарур бўлган миллий либослар, мусиқа чолғулари, адабиётлар, ҳунармандчилик ва маданиятимизни тарғиб қилувчи бошқа маҳсулотлар тақдим қилиниши маълум қилинди.
Машу Комазаки бундай шарафли мақомни хорижий фуқаролар орасида биринчи бўлиб олганидан бениҳоя бахтли эканини билдириб, берилган юксак ишонч учун Ўзбекистон Ҳукуматига миннатдорчилик билдирди. “Ўзбек маданияти элчиси” мақоми унинг кейинги фаолиятида катта имкониятлар яратиши билан бир қаторда, катта масъулият ҳам юклашини айтди.
Шу муносабат билан, ўзбек миллий мақоми ва мусиқасини янада чуқурроқ ўрганган ҳолда, Японияда кўплаб маданий-маърифий тадбирларни ташкил қилиш ҳамда ўзбек миллий маданиятини кенгроқ тарғиб қилишга ҳаракат қилишини билдирди.
– Шу кунгача Японияда ташкил қилинаётган маданий тадбирларда ўзбек миллий куй ва мусиқаларини ижро этганимдан мамнунман, – деди Машу Комазаки. – Бу ижродан сўнг, кўплаб япон томошабинлари “Машу ҳоним, очиғини айтсак, сизнинг ижроингиз орқали Буюк ипак йўлидаги сирли мамлакат ҳақида онгимизда ёрқин тасаввур ҳосил бўлди, биз сиз билан Ўзбекистонга ташриф буюришни хоҳлар эдик” дейишганида мусиқа инсон қалбига нақадар катта таъсир этишидан жуда ҳайратландим. Бу мени янада завқ билан ижод қилишимга ва Японияда юртингиз ихлосмандларини оширишга илҳомлантиради.
Тадбир давомида элчихона билан ҳамкорликда Японияда мамлакатимизнинг маданий салоҳиятини кенг тарғиб қилиб бориш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ОAВда Ўзбекистон ҳақида кўрсатувлар тайёрлаш ва мақолалар чоп қилиш бўйича келишиб олинди.
Айтиш керакки, М.Комазаки 1988 йил 16 октябрда Токио шаҳрида туғилган. 2010 йилда Токио мусиқа университети фортепиано факультетини тамомлаган. 2015-2017 йилларда Япониянинг хориждаги ҳамкорлик кўнгиллилари дастури бўйича Бухоро шаҳридаги ўрта умумтаълим мактабида кўнгилли равишда мусиқа ўқитувчиси сифатида ишлаган.
Ўзбекистондаги фаолияти давомида миллий мусиқамиздан таҳсил олиб, ўзбек дуторини ўрганган. 2018 йилда юртимизда бўлиб ўтган I Халқаро мақом санъати анжуманида ўзбек дуторида “Сунбула” куйини ижро этиб, фахрли учинчи ўринни эгаллаган.
2022 йил 23 декабрда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланган. 2024 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа ва “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалларида фахрли учинчи ўринни эгаллаган. 2024 йил 24 ноябрда Токиодаги “Такиногава” тадбирлар залида “Буюк ипак йўли” мусиқалари бўйича концерт дастурини ташкил қилиб, унда Ўзбекистон мусиқаси ва куйларини япон ҳамжамиятига тақдим қилган.
“Ўзбек маданияти элчиси” мақомини олган чет эл фуқароларига маҳсулотларни харид қилиш ҳамда уларнинг фаолиятини рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар “Ватандошлар” жамоат фонди маблағлари ҳамда Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Юқоридаги қарорга асосан, илк бор япониялик таниқли қўшиқчи ва созанда – Комазаки Машуга “Ўзбек маданият элчиси” мақоми берилди.