ЮНЕСКО Ижроия кенгаши Ўзбекистоннинг мактабгача таълимни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги резолюциясини бир овоздан маъқуллади
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 216-сессияси (Париж шаҳри, 10-24 Май) Ўзбекистон ташаббуси билан “Тошкент декларацияси бажарилиши бўйича бундан кейинги саъй-ҳаракатлар ҳамда ёш болалар тарбияси ва таълимини ўзгартириш чораларини кўриш бўйича мажбуриятлар” резолюциясини бир овоздан маъқуллади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Қарор лойиҳаси ташкилотга аъзо давлатлар томонидан Ижроия кенгашнинг 216-сессияси кун тартибидаги янги бандлар сифатида тақдим этилган асосий ҳужжатлардан бири бўлди. Дунёнинг 55 мамлакати - Андорра, Жазоир, Озарбайжон, Баҳрайн, Бангладеш, Белорусь, Буркина-Фасо, Венгрия, Въетнам, Габон, Гаити, Гватемала, Жибути, Миср, Зимбабве, Индонезия, Яман, Қозоғистон, Кот-д’Ивуар, Кувайт, Қирғизистон, Латвия, Либерия, Ливан, Ливия, Марокаш, Молдова, Мўғулистон, Мозамбик, Нигерия, БАА, Уммон, Кук ороллари, Покистон, Фаластин, Панама, Парагвай, Қатар, Руминия, Россия, Саудия Арабистони, Сент-Люсия, Сент-Винсент ва Гренадин ороллари, Сингапур, Словакия, Сурия, Тожикистон, Танзания, Того, Тунис, Туркманистон, Туркия, Ўзбекистон, Чили ва Шри-Ланка ушбу ҳужжатнинг ҳаммуаллифлари бўлишди.
Резолюцияда Ўзбекистон Республикаси ҳукуматига ёш болаларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича Жаҳон конференциясини (Тошкент, 2022 йил 15-16 ноябрь) юқори даражада ташкил этгани ва ушбу тадбирни қўллаб-қувватлашдаги сиёсий етакчилиги учун миннатдорлик билдирилган. Қайд этилганидек, мазкур конференция таълимни ўзгартириш бўйича саммитдан сўнг (Нью-Йорк, сентябрь, 2022 йил) ушбу соҳадаги биринчи ҳукуматлараро тадбир бўлгани ҳолда энг юқори даражадаги сиёсий мажбуриятларни сафарбар этиш бўйича қабул қилинаётган саъй-ҳаракатларнинг ажралмас қисми бўлди.
Унда форум якунлари бўйича Тошкент декларацияси ҳамда ёш болалар тарбияси ва таълимини ўзгартириш манфаатларини кўзлаб чора-тадбирлар кўриш мажбуриятининг қабул қилингани алоҳида олқишланган. Ҳужжат, шунингдек, аъзо давлатларни Тошкент декларациясининг мажбуриятларини бажаришга, жумладан, ЮНЕСКОнинг мактабгача таълим соҳасидаги саъй-ҳаракатларини ихтиёрий бадаллар орқали фаол қўллаб-қувватлашга, мутахассислар билан таъминлаш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга даъват этади.
Резолюция Тошкент декларациясининг асосий бандларини қамраб олгани баробарида бутун дунё бўйлаб ёш болаларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича чора-тадбирларни фаоллаштириш мақсадида уни илгари суришнинг аниқ механизмларини ҳам таклиф этган. Ушбу ҳужжатнинг бажарилиши бўйича бундан кейинги фаолият доирасида, жумладан, қуйидаги қадамлар кўзда тутилган:
1) Тошкент декларациясининг бажарилишини кузатиб бориш мақсадида аъзо давлатлар зиммасига олган мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан мониторинг ва ҳисобдорликни амалга ошириш;
2) Тошкент декларацияси қоидаларини ҳисобга олган ҳолда унинг бандларини янгилаш йўли билан ёш болаларни тарбиялаш ва ўқитиш соҳасида Шериклик глобал стратегиясининг механизмини фаоллаштириш;
3) Ёш болаларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича мавзуга доир халқаро ва минтақавий учрашувлар ўтказиш.
Бошқалар қатори Тошкент декларациясини амалга оширишда эришилган муваффақиятларни сарҳисоб қилиш учун ҳар беш йилда бир йирик тадбирни ташкил этишга қарор қилинган.