Женевада Тошкентда бўлиб ўтадиган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясига тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди

Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ бўлими ва бошқа халқаро ташкилотлардаги Доимий вакили Элдиёр Тошматов Парламентлараро Иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда жорий йилнинг 5-9 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Парламентлараро иттифоқнинг (ПИ) 150-юбилей ассамблеясига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ ташкилий масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, томонлар ассамблея дастури, шунингдек, ПИ ишчи органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашдилар.

"Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати" асосий мавзусида бўлиб ўтадиган юбилей ассамблеяси доирасидаги барча тадбирларни юқори даражада ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Парламентлараро Иттифоқ бош котиби Ўзбекистон парламенти палаталари томонидан бўлажак тарихий воқеани муваффақиятли ўтказишга қаратилган кенг кўламли ишларни юксак баҳолади. Конструктив ёндашув ва юзага келаётган муаммоларни зудлик билан ҳал этишга тайёрлиги учун алоҳида миннатдорлик билдирилди.

Учрашув якунида ПИнинг Тошкент ассамблеясини муваффақиятли ўтказиш мақсадида ўзаро мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.