Сирдарё вилояти ва Хитойнинг Хэбэй провинцияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик кўламлари кенгаймоқда

Сирдарё вилояти делегацияси Хитойга ташрифи давомида Хэбэй провинцияси Баодин шаҳрида ўтказилган « Сирдарё – Баодин » бизнес-форумида иштирок этди, деб хабар бермоқда « Дунё » АА

Тадбирда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси, Сирдарё вилояти хокимияти вакиллари, Баодин шаҳар раҳбарияти ва тадбиркорлар иштирок этдилар.

Бизнес форум доирасида Сирдарё вилоятида эркин бизнес билан шуғулланиш, вилоятда фаолият олиб бораётган саноат зоналарида яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақидаги тақдимотлар ўтказилди.

Тадбирда Сирдарё вилояти ва Баодин шахри тадбиркорлари ўртасида савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, инновация ва ахборот технологиялари йўналишларида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришдан томонлар бирдек манфаатдор эканлиги таъкидланди.

Бизнес-форум якунида Хитойнинг « Foshan Jade Import and Export Trading Co.LTD » компанияси билан қиймати 10 миллион доллар бўлган ЛДСП, МДФ ва Акрилдан мебел ва жиҳозлар ишлаб чиқаришга инвестициялар киритиш, « Сhina Materials Storage and Transportation Group » компанияси билан умумий қиймати 12,5 миллион доллар бўлган пойафзал ишлаб чиқариш ва 10 миллион доллар бўлган газлама тўқиш лойиҳаларига инвестицияларни жалб этиш бўйича Меморандумлар имзоланди.
« Дунё » АА