Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга олиб чиқилади

Ўзбекистон элчиси Бахтиёр Ибрагимов Қозоғистон энергетика вазири Ерлан Аккенженов билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Вазир Ерлан Аккенженов мулоқот аввалида Ўзбекистон томонига Қозоғистоннинг жанубий ҳудудларида кучли шамол оқибатида юзага келган талафотларни тезкорлик билан бартараф этишда кўрсатилган амалий ёрдам учун миннатдорлик билдирди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг ижобий динамикаси қайд этилган ҳолда, 2025 йилнинг иккинчи яримига мўлжалланган икки томонлама тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.

Томонлар Ўзбекистон Президентининг 2024 йил август ойида Остонага амалга оширган ташрифи якунлари бўйича имзоланган "Йўл харитаси"га киритилган бир қатор йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширилишига эътибор қаратдилар.

Бундан ташқари, "Қамбарота-1" гидроэлектростанцияси қурилиши, Қозоғистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида Каспий денгизи орқали "яшил" энергияни ривожлантириш ва Европага экспорт қилиш бўйича ҳамкорликдаги лойиҳалар ижроси юзасидан фикр алмашилди.

Карбон эмиссиясини камайтириш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш мақсадида қайта тикланадиган энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг муҳимлиги таъкидланди.