Варшавада Наманганнинг "Art Soft Holding" компанияси савдо уйи очилди

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси делегациясининг Польшага ташрифи доирасида Варшава шаҳрида Наманган вилоятининг "Art Soft Holding" компанияси савдо уйи очилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ушбу савдо уйи очилиш маросимида "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси, "Савдони ривожлантириш компанияси" АЖ ҳамда Ўзбекистон ва Польша тўқимачилик корхоналари вакиллари иштирок этди.

Савдо уйида Польша ва бошқа Европа мамлакатларига экспорт қилинаётган тайёр трикотаж маҳсулотлари, хонадонда тўқилган кийим-кечак намуналари ўрин олган.

Польшада фаолият юритаётган Ўзбекистон тўқимачилик савдо уйлари сони олтига етди – уларнинг учтаси Варшавада, яна учтаси Лодзъ шаҳрида жойлашган.