Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ва Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасин билан учрашув ўтказди, хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

"Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасин жаноблари билан учрашув ўтказдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Барқарор ривожланиш, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ҳамда Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалаларида самарали фикр алмашдик.

Белгиланган ривожланиш режалари ва ташаббусларни мамлакатимизнинг барча ҳудудларига амалий фойда келтирадиган аниқ натижаларга айлантириш бўйича ҳамкорликни жадаллаштиришга келишдик".