Ўзбекистон ТИВ раҳбари Вашингтонда АҚШ савдо вакили ва Экспорт-импорт банки президенти ва раиси билан учрашувлар ўтказди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Вашингтонда муҳим минераллар бўйича вазирлар йиғилиши доирасида АҚШ савдо вакили Жамисон Грир, шунингдек, АҚШ Экспорт-импорт банки президенти ва раиси Жон Йованович билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“АҚШ cавдо вакили Жамисон Грир жаноблари ҳамда АҚШ Экспорт-импорт банки президенти ва раиси Жон Йованович жаноблари билан самарали мулоқотлар ўтказдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Биз икки томонлама савдо-иқтисодий кун тартибининг асосий устувор йўналишларини, жумладан, бозорларга киришни кенгайтириш, инвестиция ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва устувор тармоқларда қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлашни муҳокама қилдик.

Савдони осонлаштириш ва барқарор иқтисодий ўсишни рағбатлантиришнинг амалий механизмларига алоҳида эътибор қаратдик”.