Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Қалбида она табиатга меҳри бор ҳар бир инсон Экологик партия тарафдоридир!

2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили 2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O'zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovlari - 2021 O’zbekiston Respublikasi Prezidenti saylovlari - 2021 Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Қалбида она табиатга меҳри бор ҳар бир инсон Экологик партия тарафдоридир!

Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Нарзулло Обломуродовнинг сайловолди дастури доирасида амалга оширадиган ташаббуслари акс этган мақола.

Ўзбекистон Экологик партияси номзодини танлаш учун еттита сабаб
Биринчи. Бугун экологик муаммолар ҳар бир мамлакатда, қолаверса, дунё ҳамжамиятида энг ўткир ва долзарб муаммолар қаторига аллақачон кириб бўлди. Шу вақтгача атроф-муҳит муҳофазаси, экологик вазиятнинг оғирлиги маълум бир ҳудудлар ёки минтақалар билан боғлиқ бўлган бўлса, ҳозирга келиб бу масала умуман чегара билмайди, бу муаммоларнинг аянчли оқибатлари ҳеч бир минтақа, ҳеч бир ҳудуд, қолаверса, бирор-бир мамлакатни четлаб ўтмайди.
Экологик сиёсатни амалга ошириш ва сиёсий ташаббусларни татбиқ этишда, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, атроф-муҳит ва фуқаролар соғлиғини сақлаш, экологик муаммоларни ҳал этишда, тизимли ўзгаришларга йўналтирилган амалий чораларни кўришда жамиятнинг барча кучларини сафарбар этиш муҳим омил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мамлакатда атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш ва экологик муаммоларни яхлит ҳолда ҳал этишга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш ҳар доим муҳим ва долзарб масала бўлиб келган.
Глобал миқёсдаги экологик масалалар сўнгги бир неча ўн йил ичида жуда юқори даражага чиқди. Халқаро майдонда ҳам экологик муаммолар кун тартибига кириб борди. Иқлим ўзгариши бўйича Париж битими, Киото протоколи каби бир неча долзарб халқаро ҳужжатлар қабул қилинди. Иқлим ўзгаришига биргина мисол: бугун ҳар бир мамлакатда сезилаётган ҳаво ҳароратининг кескин ошиб боришини олайлик. Мана шунинг ўзи дунё ҳамжамияти учун жуда катта муаммоларни юзага келтиряпти. Глобал ҳароратнинг ошишига саноат, транспорт, умуман, индустриядан атмосферага чиқарилаётган ҳар хил чиқинди газлар, ташланмалар глобал иқлимда жуда катта ўзгаришлар ҳосил бўлишига олиб келмоқда.
Худди шу ўзгаришлар таъсирини биз ўзимизда ҳам кўряпмиз. Орол фожиаси маҳаллий омиллар ортидан келган муаммо эмас. Масалага кенгроқ ёндашадиган бўлсак, бизда иқлим ўзгариши оқибатида тоғларимизга тушадиган йиллик ёмғир ва қор миқдори кескин камайиши оқибатида табиий ҳавзаларимиздаги сув миқдори йилдан-йилга камайиши кузатиляпти. Яъни, глобал миқёсда бўлаётган табиий иқлим ўзгаришлари бизга ҳам катта таъсир қилмоқда. Биз эса халқаро ҳамжамият билан биргаликда бу жараёнларга муносиб тайёргарлик кўришимиз — мослашишимиз керак. Иқлим, об-ҳаво, сувни тежаш, халқ хўжалигини шу жараёнларга мослаштириш нуқтаи назаридан зарур чоралар кўришимиз жуда муҳим аҳамиятга эга.
Иккинчи. Биз ўзимиздаги барча инфратузилмани яшилликка ўтказишимиз зарур. “Яшил” иқтисодиёт, “яшил” технологиялар, “яшил” экология дейилишининг моҳияти ҳам шу-да. “Яшил” иқтисодиёт деганда, табиий ресурслардан оқилона, тежамкорона фойдаланиш тушунилади. Табиатга зарари кам бўлган технологияларни кўпроқ қўллаш керак бўлади. Шунда биз табиат билан саноат ўртасидаги мувозанатни сақлаб қола оламиз.
Биз мамлакат ҳаётидаги энг муҳим йўналишларга алоҳида эътибор қаратишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Бунда, бош мақсадимиз мамлакатнинг барқарор ривожланишига, экологик хавфсизлигига эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун қулай атроф-муҳитни яратиш ҳамда табиий ресурсларни сақлашга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлашдир. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурсларни сақлаш давлат, жамият ва ҳар бир фуқаронинг вазифаси бўлишига эришишимиз керак.
Ҳар бир инсон то ҳаёт экан, она табиат бағрида яшайди ва унинг бебаҳо неъматларидан фойдаланади. Шу неъматларни асраб-авайлаш, улардан унумли ва оқилона фойдаланиш, энг муҳими, бу неъматларда келажак авлоднинг ҳам ҳақи борлигини унутмаслик доимо ҳамманинг диққат марказида туриши керак. Буларнинг барчасини назарда тутган ҳолда “Биз келажак учун жавобгармиз!” шиорини илгари сурмоқдамиз.
Учинчи. Ўзбекистон “яшил” технологияларни кенг жорий қилиш ва “яшил” энергетика соҳасидаги йирик лойиҳаларни бошлаш арафасида. Бу эса мамлакатимизда яқин ўн йилда қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 3 баробардан зиёдга кўпайтириш имконини беради.
“Яшил” иқтисодиёт тамойиллари асосида мамлакатни жадал ривожлантиришга кенг татбиқ этишнинг қайта тикланувчи ва муқобил энергия ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш ҳамда тежамкор суғориш технологияларини кенг жорий этиш чоралари кўрилиши зарур. Бу эса мамлакат миқёсида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигини ўртача 25-30 фоизгача ошириш имконини беради.
Иқтисодиётда икки карра энергия самарадорлигига эришиш, “яшил” тарифларни жорий этиш, янги қувватларни ишга тушириш орқали қайта тикланувчи ва муқобил қайта тикланувчи энергия манбалари улушини бугун мамлакатда амал қилаётган умумий энергия балансида 40 фоизга етказиш мумкин.
Тўртинчи. Орол муаммосини ҳал этишга ҳамда бу муаммонинг Оролбўйи аҳолиси генофондига ва атроф-муҳитига салбий таъсирини юмшатишга жамиятнинг барча кучларини жалб этишимиз зарур. Оролбўйи ­минтақасига экологик инновация ва технологияларни татбиқ этиш ишларини кучайтириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан.
Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда “яшил қопламалар” — ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш ишларининг ҳажми ва кўлами кундан-кунга ошиб бормоқда. Аммо қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этиш орқали Оролбўйи ҳудудига Амударёнинг юқори ва ўрта қисмидан йилига камида 5-6 кубокилометр ҳажмда сув юборилишини таъминлаш зарур. Нукус, Бухоро, Урганч, Хива, Навоий, Мўйноқ каби аҳоли яшаш пунктлари атрофида “яшил белбоғлар” барпо этиш ҳамда мазкур ҳудудлардаги истироҳат боғлари майдонларини кенгайтириш орқали тоза ҳавони, мўътадил иқлимни яратиш мумкин.
Оролбўйи ҳудудининг Қозоғистон ҳамда Туркманистон билан туташ ҳудудларида трансчегаравий муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этиш масаласи бугун тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
Глобал иқлим ўзгариши бўйича Париж битими доирасида мамлакатда иссиқхона газлари таъсирини қисқартиришни назарда тутувчи миллий стратегия ва ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш масаласи ҳам кун тартибидаги долзарб вазифалардан биридир.
Бешинчи. Мамлакатимизда экологик муаммоларнинг ечими, бу борада давлат, жамият ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорликда тизимли фаолият олиб бориш бўйича кўп ишлар қилиниши зарур. Охирги йилларда аҳолимиз жуда фаоллашиб, ижтимоий тармоқларда барча муаммоларни худди кўзгудек кўтариб боряпти. Бундай муаммоларга ечим топиш, муносабат билдириш ҳаммамиз учун дахлдор масалага айланиши шарт. Авваламбор, биз керакли дастурларни қабул қилишда жамоатчиликнинг ­фикрини кўпроқ инобатга олишимиз керак. Давлат дастури, давлат ёки маҳаллий бюджет параметрларини, тармоқ ва соҳаларга оид дастурларни қабул қилишда жамоатчилик фикрини инобатга оладиган бўлсак, кўп муаммолар ўз ечимини топади.
Бугун жамоатчилик томонидан кўтарилаётган ҳар бир экологик муаммо ва унинг ечими юзасидан экопартия ўзининг тезкор муносабатини билдирмоқда. Халқимиз қўяётган ҳақли масалалар ечимини тегишли давлат органларидан талаб қилиб чиқмоқда.
Олтинчи. Экологик муаммоларни бартараф этишда мавжуд қонунчилик бизга етарлича ҳуқуқий йўл очиб бериши керак. Афсуски, ҳозирги қонунчилигимизда баъзи бир бўшлиқлар ҳам кўзга ташланиб қоляпти. Шундай пайтларда жамоатчилик назоратини янада кучайтиришимиз керак. Маълум бир объект атрофида бўлаётган муҳокамалардан қонуний-ҳуқуқий муҳокамаларга ўтиш керак.
Ҳар бир объект иш бошлашдан олдин давлат экологик экспертизасидан ўтади. Жараёндаги очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳозирги кунда жуда катта масала. Жамоатчилик эшитувлари ва муҳокамалар бирор объект фаолияти ҳақида қатъий тўхтамга келгандан кейин эмас, ўша жараённинг ўзида бўлиши керак. Яъни, муай­ян лойиҳа амалга ошгандан кейин эмас, лойиҳани бошлашдан олдин жамоатчилик фикрини ўрганиш зарур бўлади. Биз жамоатчиликни ҳам шунга ўргатишимиз керак. Фуқароларимизда ўз фикр-муносабатини қонуний тарзда ўз вақтида билдириш кўникмасини яратишимиз зарур.
Еттинчи. Экологик партия муайян қатламдаги электорат, тор доирадаги сиёсий мақсадлар билангина чекланиб қоладиган партия эмас. Чунки экологик масалалар ҳамманинг ҳаётига бевосита таъсир кўрсатадиган глобал масала ҳисобланади. Дастуримиздаги бош мақсад — халқимиз келажаги учун манфаатли бўлган қулай атроф-муҳитни яратиш. Бу — осмонимиз мусаффолиги, сувимиз тозалиги, тупроғимиз унумдорлиги, нафас олаётган ҳавомизнинг тозалиги билан боғлиқ масалалар. Ҳаёт кечириш учун сув ва ҳавонинг нақадар зарурлигини эса ортиқча исботлашга ҳожат йўқ. Шунинг учун ҳам электоратимиз кенг қамровли ва барча аҳоли қатламини қамраб олади.
Ўзбекистон Экологик партияси аъзолари эса ҳозир 400 мингдан ошди. Ҳолбуки, партия ташкил қилинганига энди икки ярим йил бўлди. Экопартиянинг аъзолари, хайрихоҳлари кўпайишига асосий сабаб халқимиз илгаридан экология, табиат, атроф-муҳит масалаларига бефарқ бўлмаганлигидир. Шунинг учун ҳам ўз ихтиёри билан, онгли равишда биз тарғиб қилаётган ислоҳотларнинг моҳиятига тушуниб, партиямиз сафига қўшилаётган турли соҳа вакиллари жуда кўп. Бир сўз билан айтганда, юрагида, кўнглида атроф-муҳитга, она табиатга меҳри бор одамлар экопартияни танламоқда, бизга хайрихоҳ бўлмоқда.

Нарзулло ОБЛОМУРОДОВ, Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод
Сайловолди дастурининг асосий йўналишлари:

“яшил” иқтисодиёт тамойиллари асосида ишлаб чиқаришнинг барча соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилган сиёсатни юритиш;
“яшил” иқтисодиёт улушини 30 фоизга етказиш, йиллик иқтисодий ўсиш суръатини 7 фоиздан ошириш;
тежамкор суғориш технологиялари орқали ҳосилдорликни ўртача 25-30 фоизгача ошириш;
Ўрмон кодекси, Сув кодекси ва Экологик кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбалари улушини умумий энергия балансида 40 фоизга етказиш;
энергетика соҳасида ялпи ички маҳсулотга нисбатан углерод сарфи ҳажмининг камайишига ва 2050 йилгача тўлиқ воз кечишга эришиш, соҳада инновацион ечимларни татбиқ этишни рағбатлантириш;
“Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда ва “Тупроқни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш;
ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари атрофида санитария-ҳимоя зоналарини ташкил қилиш
асосида ҳавога чиқаётган заҳарли газлар ҳамда чанг миқдорини 1,5 баробарга камайтириш;
қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда тежамкор технологиялар улушини 30 фоизга етказиш;
қишлоқ хўжалиги, саноат ва иқтисодиёт тармоқларида сувнинг маҳсулдорлигини оширишга қаратилган Миллий дастур ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
сувни чучуклаштирувчи локал қурилмалар орқали олис қишлоқ жойларда сув таъминотини яхшилаш;
инсон саломатлиги ва хавфсизлиги учун муҳим бўлган марказлашган ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини яхшилаш бўйича дастурий вазифаларни амалга ошириш орқали аҳолининг ичимлик сув таъминотини
90 фоизга етказиш;
аҳолининг сувни асраш, сув ресурсларидан самарали ва тежамкор фойдаланишни ташкил этиш бўйича ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш;
маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга, саноат чиқиндиларини қайта ишлашни эса 20 фоизга
етказиш;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонларини мамлакат ҳудудининг 12 фоизига етказиш;
оила ва маҳалла тизимида инсоннинг табиатга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш;
Орол муаммосини ҳал этишга ҳамда Оролбўйи аҳолиси генофонди ва атроф-муҳитига салбий таъсирни юмшатишга жамиятнинг барча кучларини жалб этиш;
мактабгача таълим қамровини 100 фоизга, олий таълим билан қамров даражасини 40 фоизга етказиш;
глобал ва трансчегаравий экологик муаммоларни ҳал қилишда Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш.

Мазкур мақола «Янги Ўзбекистон» газетасининг 21 сентябрдаги 188-сонида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайловолди ташвиқоти учун ажратилган бепул нашр майдони доирасида эълон қилинмоқда.
/«Дунё» АА/.