Birinchi slide После первого Ikkinchi slide Uchinchi slide To'rtinchi slide Beshinchi slide Oltinchi slide Ettinchi slide Sakkizinchi slide
Bosh sahifa Doimiy vakolatxona Xalqaro tashkilotlar bilan hamkorlik Yangiliklar/tadbirlar O’zbekiston haqida Galereya

Ҳамид Найрободий: Бир-биримиз тўғримизда қанчалик кўп маълумотга эга бўлсак, халқларимизнинг ўхшаш ва яқин жиҳатларини шунчалик чуқур англаб етамиз

2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили 2020 - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining qarori Uchrashuvlar Uchrashuvlar XMT doirasidagi xamkorlik XMT doirasidagi xamkorlik BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari BMT Mingyillik rivojlanish maqsadlari Press-relizlar Press-relizlar Vakolatxona yangiliklari Vakolatxona yangiliklari Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Rivojlantirish bo‘yicha harakatlar strategiyasi Parlament saylovlari 2019 yil Parlament saylovlari 2019 yil O'zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni O’zbekiston Respublikasi Mustaqillik kuni Inson huquqlari bo'yicha O'zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Inson huquqlari bo’yicha O’zbekistonning inson huquq kengashiga nomzod Sayyohlik Sayyohlik 8-Dekabr O'zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni 8-Dekabr O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi kuni O'zbekiston matbuoti daydjestlari O’zbekiston matbuoti daydjestlari Boshqa yangiliklar va voqealar Boshqa yangiliklar va voqealar
hamma resurslarni ko'rsatish
Ҳамид Найрободий: Бир-биримиз тўғримизда қанчалик кўп маълумотга эга бўлсак, халқларимизнинг ўхшаш ва яқин жиҳатларини шунчалик чуқур англаб етамиз

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасига янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Найрободий 16 октябрь куни «Кўксарой» қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ишоч ёрлиғини топширди.

“Дунё” АА мухбири Эрон дипломатик миссияси раҳбари Ҳамид Найрободийдан эксклюзив интервью олди.

— Эрон ва Ўзбекистоннинг буюк тарихи, маданияти ва тамаддуни барчага маълум, бу барчамизга фахр-ифтихор бағишлайди. Тарихий, маданий ва адабий муштараклик икки мамлакат цивилизацияларини бир-бирига шунчалик қориштириб юборганки, уни ягона бир маданият ва қадрият деб билиш мумкин, менимча.

Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Насаф (Қарши), Фарғона ва Тошкент шаҳарлари Эрон халқи ва маданияти учун қанчалик яқин ва азиз бўлса, Машҳад, Сабзавор, Исфаҳон, Рай, Теҳрон, Табриз, Шероз, Нишопур ва Кермон каби кўплаб шаҳарларимиз ҳар бир ўзбекистонлик учун шунчалик таниш ва қадрлидир. Самарқанд, Бухоро ва Хоразмдаги тарихий обидалар ва ёдгорликларни кўрган ҳар бир кишининг кўз олдида Исфаҳон, Шероз, Табриз ва Машҳад шаҳарларидаги меъморчилик намуналари гавдаланади.

Бундан ташқари, инсоният цивилизацияси тараққиётига муносиб ҳисса қўшган кўплаб шоирлар ва ёзувчилар, олимлар ва сўфийлар, математиклар ва мунажжимлар худди мана шу шаҳарларда дунёга келиб, камолга етган. Уларнинг номлари абадул-абад ўзбек ва эрон халқларининг мустаҳкам дўстлиги ва бирдамлигининг рамзи бўлиб қолади.

— Ўзбекистон Президентига ишонч ёрлиғини топшириш маросимида эътибор қаратилган ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида қандай саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқчисиз?

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг улкан салоҳияти мавжуд эканлигига тўхталиб, савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятларини бунга мисол сифатида эслатиб ўтдилар.

Қувонарлиси шундаки, сўнгги йилларда ўзаро савдо алоқаларининг юқори суръатлардаги ривожланиши кузатилмоқда. Коронавирус пандемияси туфайли охирги бир неча ой давомида ушбу соҳада вужудга келган айрим муаммолар тез орада ўз ечимини топади, деб умид қиламан.

Икки мамлакат ўртасидаги товарлар экспорти ва импорти ҳажмини ошириш учун имконият яратадиган Савдо имтиёзлари тўғрисидаги битим лойиҳасини тайёрлаш бўйича ишларни ниҳоясига етказиш савдо алоқаларини ривожлантириш йўлида амалга оширилиши кўзда тутилган чора-тадбирлардан бири ҳисобланади. Ўтган йили икки мамлакат тадбиркорлари иштирокида бўлиб ўтган бизнес-форум доирасида амалга оширилган самарали музокараларда қатор шартномалар имзоланди. Биз муайян келишувлар билан ниҳоясига етадиган бундай учрашувларнинг тез-тез ўтказилиб туриши тарафдоримиз.

Шунга кўра, элчихонамиз икки мамлакатнинг турли соҳаларда фаолият кўрсатувчи тадбиркорлари ўртасидаги алоқаларни осонлаштириш йўлида саъй-ҳаракатлар излаяпмиз. Бизнинг бу борадаги қароримиз қатъий. Икки мамлакат вилоятлари ва эркин иқтисодий зоналари ўртасидаги ҳамкорликнинг улкан салоҳиятини ишга солиш, шунингдек, мамлакатлараро савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг зарурий ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришдан иборат. Шунингдек, ўзаро савдо алоқалари учун қулай шароитлар яратиш ҳамда савдо ҳажмини ошириш йўлидаги устувор вазифаларимиз ва режаларимиз ҳам бор.

Бундан ташқари, транспорт коммуникацияларини ривожлантириш ҳам ўзаро савдо ҳажмининг ошишига ёрдам беради. Таъкидлаш жоизки, бундан бир неча ой аввал Теҳрон ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди. Албатта, коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан вақтинчалик тўхтаб қолган мазкур мунтазам авиақатновлар ҳозирда чартер авиақатновлар кўринишида амалга оширилмоқда. Биз коронавирус пандемияси туфайли юзага келган ушбу қийинчиликлар тез орада тугаб, мамлакатларимиз ўртасидаги мунтазам авиақатновлар қайтадан бошланишига умид қиламиз. Эрон томони мазкур авиақатновлар сонини кўпайтиришга тайёрлигини тасдиқлайди.

Эрон Ўзбекистоннинг очиқ денгизга чиқиши учун энг қисқа ва энг қулай йўл ҳисобланади. Яқин келажакда янги темир йўл тармоқларининг қурилиши натижасида мамлакатингизнинг Эрон портларига ва шу орқали очиқ денгизга чиқиш имкониятларида янада кенгаяди. Икки давлат раҳбарлари бу масалага катта эътибор беришмоқда. Транспорт йўлакларини фаоллаштириш, жумладан, Ашхобод битимини амалга ошириш, Ўзбекистоннинг Афғонистон ҳудуди орқали Эрон жанубий портларига чиқишини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон товарларини экспорт қилиш учун Эроннинг шимолий портлари имкониятларидан фойдаланиш кун тартибида турган асосий масалалардан ҳисобланади.

Эрон техник-муҳандислик хизматлари кўрсатиш соҳасида катта тажрибага эга. Ҳозирги кунда Эрон компаниялари бу йўналишда ҳам кенг миқёсда фаолият кўрсатмоқда. Улар Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилишда фаол иштирок этишга ҳаракат қилмоқда.

Мамлакатимиз Ўзбекистондаги иқтисодий ва саноат лойиҳалари, жумладан нефть ва газни қайта ишлаш корхоналари, гидроэлектр станциялари ва йўллар қуришда, нефткимё ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёр.

Бундан ташқари биз турли давлатларда мамлакатимиз эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланамиз. Ўзбекистонда ҳам шундай лойиҳаларни амалга ошириш ниятидамиз. Эрон, шунингдек, сув жониворлари етиштириш (аквакультура), паррандачилик, иссиқхоналар қуриш ва иссиқхона маҳсулотлари етиштириш соҳаларида ҳам катта салоҳиятга эга. Булар эса икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик учун жудаям яхши йўналишлардан ҳисобланади. Ҳозирги кунда эронлик фермерлар Ўзбекистонда ижарага олинган ерларда турли қишлоқ хўжалиги ва боғдорчилик маҳсулотлари етиштириш соҳасида самарали фаолият кўрсатмоқда.

Эрон ва Ўзбекистон давлатларимиз ва минтақа барқарорлигини таъминлаш мақсадида хавфсизлик соҳасида мулоқот ўрнатилган. Бундан ташқари давлатларимиз ўртасида қўшни Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш соҳасида ҳам фаол ва конструктив ҳамкорлик мавжуд. Биз минтақавий масалаларни ўзаро маслаҳатлашувлар орқали ҳамда минтақавий тузилмалар доирасида минтақа давлатлари иштирокида ўзаро тенглик асосида муҳокама қилиш тарафдоримиз.

— Ўзбекистон ва Эрон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжуд. Мамлакатимиздаги фаолиятингиз давомида ушбу салоҳиятдан тўлақонли фойдаланиш борасидаги режаларингиз билан ўртоқлашсангиз.

— Албатта, бу борада икки давлатда ҳам юқори салоҳият мавжуд. Бож тўловларини камайтириш ва божхона тўсиқларини олиб ташлаш томон ҳаракат қилиш керак. Шунингдек, транспорт лойиҳаларини амалга оширишни тезлаштириш, икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар сонини кўпайтириш савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада жадаллаштиришга хизмат қилади.

Туризм соҳаси эса алоҳида мавзу. Эрон ва Ўзбекистон туризм бўйича дунёда етакчи давлатлар қаторида туради. Юқорида таъкидлаганимдек, мамлакатларимиз қадимий цивилизациянинг бешигидир. Тарихий ва нодир меросимиз сайёҳларни мунтазам жалб этиш учун қулай имконият тақдим этган.

Бу борада икки мамлакат фуқаролари учун визаларни бекор қилиш энг тўғри йўл деб ўйлайман. Мен шуни тарафдориман. Бундан ташқари турли бизнес-тадбирлар, жумладан видеоконференция шаклидаги мулоқотлар ташкиллаштириш орқали тадбиркорларни янада яқинлаштиришимиз мумкин. Техник-муҳандислик хизматлари, тиббиёт ва янги технологиялар соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг ҳар томонлама ривожланишига ёрдам беради. Мен ўз миссиям давомида ана шу режаларни ҳаётга тўлиқ тадбиқ эта олсам, бундан хурсанд бўлардим. Бу йўлда енг шимариб ишга киришганмиз.

— Эронга экспорт ҳажмини ошириш, янги бозорларни топишда ўзбек тадбиркорларига қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?

— Саксон миллион нафар аҳоли истиқомат қиладиган Эроннинг улкан бозори жаҳоннинг барча давлатлари тадбиркорлари эътибори ва қизиқишини ўзига тортади. Икки давлат ҳукуматлари томонидан бож ставкаларини камайтириш, божхона тўсиқларини олиб ташлаш ва транспорт-коммуникация соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш ўзаро муносабатлар ривожига хизмат қилувчи муҳим омиллар ҳисобланади.

Ўзбекистонда юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Жумладан, эронлик тадбиркорлар билан алоқаларнинг кенгайиши ўзбек тадбиркорларига бу соҳада ёрдам беради, деб ўйлайман. Шунингдек, Эронда ишлаб чиқариладиган ва жаҳон бозорида рақобатбардош бўлган нефть ва нефть маҳсулотлари, ўхшаши йўқ цитрус мевалар, асбоб-ускуналар, оралиқ товарлар ва бошқа маҳсулотлар импорт товарлари сифатида ўзбекистонлик тадбиркорларнинг диққатини ўзига тортиб келмоқда.

Қайд этиш керакки, Эрон Ислом Республикасининг экспорт-импорт операциялари ҳамда муайян импорт маҳсулотларга бўлган эҳтиёжи тўғрисида маълумот берувчи ресурслар мавжуд. Бу борада тўлиқ маълумотларни ана шу ресурсларга мурожаат қилиш орқали олиш мумкин.

— Мамлакатларимизни узоқ тарихий ришталар боғлаб туради. Маданий-маърифий соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақидаги фикрларингизни билишни истардик...

— Эрон ва Ўзбекистон халқлари минглаб йиллар давомида минтақада тинч-тотув яшаб келган. Дўстлик ва биродарлик ришталаримиз бугун ўзаро ишонч асосида қурилган. Бизнинг тарихимиз бир-биридан айро эмас. Шубҳасиз, келажагимиз ҳам бир-биримизга чамбарчас боғлиқ. Мамлакатларимиздаги тинчлик ва тараққиёт манфаатларимизга хизмат қилади.

Эрон халқининг Ўзбекистон ва унинг тарихий шаҳарларига бўлган қизиқиши жуда юқори. Ўзаро муносабатлар учун имкониятлар кенгайтирилган ва виза процедуралари енгиллаштирилган тақдирда мамлакатларимиз ўртасида туризмнинг мисли кўрилмаган даражада ривожланишининг гувоҳи бўламиз.

Ҳар йили миллионлаб эронликлар туристик мақсадларда жаҳоннинг турли мамлкатларига сафар қилади. Шунга кўра, Ўзбекистон ҳам эронлик сайёҳлар учун муҳим туристик масканлардан бирига айланиши мумкин. Бу борада янада яқинроқ ишлашимиз керак. Тур операторларнинг ҳамкорлигига шароит яратиб берсак мақсадга мувофиқ. Айтишим мумкинки, Эрон томони ўзбекистонлик сайёҳларни кутиб олишга шай. Мамлакатимизнинг қадимий шаҳарлари ва ўхшаши йўқ табиати ўзбекистонликларга манзур бўлади.

Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари ёрдамида бошқа халқлар маданияти, урф-одатлари ва маданий ва маърифий, бадиий-адабий ҳаёти тўғрисида кенг маълумотларни сониялар ичида олиш мумкин. Ўз навбатида Эрон оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг барча жабҳалари ҳақида материаллар бериб борилмоқда.

Шунингдек, ўзбек мумтоз адабиёти ва замонавий адабий муҳити эронликлар учун жуда қизиқарли. Бу борада элчихона ўзбек ёзувчилари қаламига мансуб машҳур асарларни форс тилига таржима қилиш лойиҳалари устида ишламоқда. Ўйлайманки, мазкур таржималар эронлик адабиёт ихлосмандларини ўзбек адабиёти билан яқинроқ танитишга хизмат қилади.

Биз бир-биримиз тўғримизда қанчалик кўп маълумотга эга бўлсак, халқларимизнинг ўхшаш ва яқин жиҳатларини шунчалик чуқур англаб етамиз. Икки мамлакат фуқаролари, шоир ва ёзувчиларимизнинг ўзаро борди-келдилари, маданий алмашинувлари маърифий соҳадаги алоқаларимиз уйғунлигига хизмат қилади. Бу эса узоқ ўтмишда бўлгани каби жаҳон маданияти ва цивилизациясига буюк алломаларни туҳфа этади, деб умид қиламан.

— Жаноб элчи, мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Суҳбатни Жобир Хўжақулов ёзиб олди,

«Дунё» АА.