Ҳиндистон оммавий ахборот воситаси Ўзбекистонга саёҳат қилишнинг олти асосий сабаби ҳақидаги мақолани эълон қилди
















Konsullik va viza masalalari bo’yicha O’zbekiston Respublikasining Berlindagi Elchixonasiga murojaat qilishingizni so’raymiz:
Perleberger Str. 62, 10559 Berlin
Tel.: +49 30 394 098 30/80
Fax: +49 30 394 098 62
botschaft@uzbekistan.de
O’zbekiston TIV ishonch telefoni:
+998 71 233 28 28

Ҳиндистоннинг туризм, ҳордиқ чиқариш ва меҳмондўстлик соҳаларини ёритишга ихтисослашган «мirchi.in» янгиликлар порталида Ўзбекистонга саёҳат қилишнинг асосий сабаблари ҳақида фикр юритилган мақола ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола этилди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
«Ҳиндистондан Ўзбекистонга саёҳат бой маданий мерос, тарихий мўъжизалар ва ҳайратланарли табиат кенгликлари хазинасини очади, деб ёзади муаллиф. Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида жойлашган ушбу мамлакат турли-туман меъморий обидалари, ҳаёт қайнаб турган бозорлари ва қалбларга илиқлик бахш этадиган меҳмондўстлиги билан шуҳрат қозонган».
Мақолада мамлакатимизга сафар қилишнинг асосий сабаблари ҳақида ҳикоя қилинар экан, Ўзбекистон дунёдаги камхарж - маҳсулотлар ва хизматлар нархлари арзон бўлган манзил эканига эътибор қаратилган. «Саёҳат қилиш қиймати, хусусан, турар жойдан тортиб озиқ-овқат ва транспортгача бўлган нарх-наво нисбатан паст бўлиб, кўп маблағ сарфламасдан чет давлатларга саёҳат қилиш бўйича тажрибангизни бойитиш имкониятига эга бўласиз», деб ёзади портал.
Иккинчи сабаб сифатида мамлакатларимиз ўртасидаги жуғрофий яқинлик қайд этилган. Ҳиндистондан Ўзбекистонга ҳаво қатнови орқали бор-йўғи 2,5 соатдан камроқ вақт давомида етиб олиш мумкинлиги маълум қилинган.
«Ипак йўлини кашф қилинг», дея даъват этиради мақола муаллифи учинчи сабаб ҳақида сўз юритар экан. «Қадимги Ипак йўли билан чамбарчас боғланган Ўзбекистоннинг бой тарихига шўнғиб, вақт узра саёҳат қилинг. ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд билан танишинг. Шаҳар ажойиб меъморчилик намуналари ва тарихий аҳамияти билан машҳур. Тошкент ва Самарқанд зиёратидан сўнг, саёҳат тажрибангизни янада бойитиш ва ранг-баранг қилиш учун Ўзбекистоннинг кам ўрганилган ҳудудларига қадам қўйинг», деб ёзади муаллиф.
Электрон нашрнинг таъкидлашича, дўстликни қадрлайдиган инсонлар ва уларнинг самимий меҳмондўстлиги мамлакатимизнинг яна бир жозибадор жиҳати ҳисобланади. «Ўзбекистон ўзининг очиқ кўнгил ва меҳмондўст халқи билан донг таратган. Меҳмонларни қучоқ очиб кутиб оладиган маҳаллий аҳолининг самимияти ва меҳрибонлигини ҳис этинг. Оддий инсонлар билан суҳбат қуринг, Ўзбекистоннинг асл моҳиятини дўст халқнинг нигоҳи билан кашф этинг», деб чорлайди «mirchi.in».
Яна бир жиддий сабаб – бу ўзбек пазандалиги мўъжизалари ва таъмларнинг уйғунлиги. Муаллиф ўқувчиларга «Ўзбекистондаги пазандалик саргузаштлари учун ўзингизни тайёрланг. Ушбу мамлакатнинг миллий ошхонаси ҳинд ошхонасини эслатадиган таъмлар, зираворлар ва хизмат кўрсатиш услубларининг ажойиб гулдастасини таклиф этади. Асл миллий таом - паловни татиб кўринг. Буюртмангизга биноан дастурхонга унинг вегетариан кўриниши ҳам тортилиши мумкин. Манти, оби нон (ҳинд наанини эслатади), сомса ва турли кабоблар, жумладан, қозон кабоб ва бошқа таомлардан лаззатланинг. Қайтишда уйингизга Ўзбекистоннинг дунёга машҳур зираворлари ёки ҳўл ва қуритилган меваларини олиб келиш имкониятини қўлдан бой берманг», қабилидаги тавсиялар ҳам қаламга олинган.
«Дунё» АА